Сайёра Мансуровна Марказий Осиё матолари бўйича мутахассис. У ўзбек миллий матоларини ишлаб чиқариш жараёнининг  пилла ўралишидан бошлаб барча босқичларини ўрганган, экспедиция билан бутун Ўзбекистонни ва бошқа Марказий Осиё республикаларини айланиб чиққан ва 1963 йилда “Ўзбекистон адрас матолари” альбомини чоп этган. Бу китоб бутун дунёда шуҳрат қозонди, зеро бошқа бундай тадқиқот  ҳозиргача мавжуд эмас. Альбомдан усталар, ўқитувчилар ва талабалар фойдаланадилар. Маҳкамова неча ўн йиллар давомида миллий матолар – хон атлас, беқасам, олача ва бошқалар тарихи бўйича ягона мутахассис бўлиб қолди.

С.Маҳкамова билан интернет-сайт учун тайёрланган интервьюдан парча келтирамиз.

Амударё ва Сирдарё оралиғидаги ҳудудда гўзаллиги билан кишини ожиз қолдирадиган юқори сифатли матолар тўқилган. Қадим замонлардан, кейин илк Ўрта асрларда, Сўғд, Бақтрия, Хоразмнинг пахта толаси, жун ва ипакдан тайёрланган, Буюк ипак йўли орқали турли ўлкаларга карвонларда етказилган матолар  Шарқ ва Ғарбнинг кенг сарҳадларида жуда машҳур бўлган.

Матоларни ишлаб чиқариш ҳар доим халқ ҳаёт тарзига боғлиқ бўлган. Вайронакор ҳужумлар ва хўжалик таназзули даврида бадиий матолар тайёрлаш қисқарар, мураккаб техникага эга энг қиммат ипак матоларнинг айрим турларида безаклар соддалашиб, умуман йўқ ҳам бўларди. Бироқ, сулолавий усталар асрлар давомида сайқал топган анъаналарни авайлаб асрашга интилишар ва қулай иқтисодий шароитлар юзага келиши биланоқ, бадиий матолар тўқилиши қайта тикланиб, ривожлана бошларди.

Ипак ва яримипак матолар жуда хилма-хил бўлган: адраслар, бахмал, шойи. Атласлар ва якруя абр нақшлари билан безатилган (абр – форсча “булут” дегани), беқасам, пари-пошшо, нимшоҳилар – йўл-йўл безакли бўлган.

Матоларни абрли нақшлар билан безаш айниқса сермеҳнат саналган. Нақшларни уйғунлаштириш ва ранглар танлашда маҳаллий усталар ўзига хослик ва мутлақ дид намойиш этганлар.

Матоларни ишлаб чиқаришда ўсимликлардан тайёрланган бўёқлардан кенг ва маҳорат билан фойдаланилган. Улар ўлкада кўп топиларди ва чуқур ҳамда, бир вақтнинг ўзида ёрқин, соф жилолар берар, ёруғлик ва сувга чидамли бўларди.

Ишлаб чиқаришнинг меҳнатталаблиги сабабли абр матолар Марказий осиёнинг йирик марказлари – Бухоро, Самарқанд, Қўқонда, лекин асосан Фарғона водийсида, Марғилон шаҳрида (бу ерда ХХ аср ўрталарида ҳам тўқувчилик артеллари, касана тўқимачилик мавжуд бўлган) тайёрланган.

Экспедицияларимизда мен ҳам Ўзбекистон шаҳарларида, ҳам Москва, Ленинград, Қозон, Боку музейларида материал йиққанман. Уларда, айниқса, Ленинграддаги этнография музейларида асрлар давомида элчилар орқали юқори мансабдаги амалдорларга тортиқ ўлароқ келтирилган, шунингдек савдогарлар олиб кирган  мато ва либослар намуналари тўпланган, авайлаб асралган ва жуда қадрланган.

Матоларни тўқиш ва нақшлар билан безаш борасидаги ноёб техника устида ўтказилган тадқиқотлар натижалари мен томонимдан 1963 йилда тайёрланган “Ўзбек абр матолари” альбомига асос бўлди. Афсуски, ундан кейин мамлакатимизда бу мавзуда янги илмий тадқиқотлар ўтказилмади ва анча йиллар олдин чиқарилган бу асар ҳозирга қадар талабалар учун ўқув қўлланмаси вазифасини ўтамоқда.

1970 йилда “Беқасам” номли китобим чиқди, у яримипакларнинг нодирликда қолишмайдиган йўл-йўл нақшли турига бағишланди. Йўл-йўл – бу содда, лекин ифодали, оддий, лекин ўзининг вариантларга бойлиги билан мафтункор нақш услуби бўлиб, умуман безакли-амалий санъатда кенг қўлланилади. Матолар ва тўнлар экспортга чиқарилар, ҳурматли инсонларга ҳадя қилинарди. Масалан, Пушкин, Николай II, ёзувчи Александр Куприн, режиссёр В.Мейерхолд, раққоса Рудольф Нуриев ва Россия ва бошқа мамлакатларнинг кўплаб ижод аҳллари ўзбек тўнларини кийганликлари маълум.

Ўзбек матоларини ишлаб чиқаришнинг таназзули XIX асрнинг иккинчи ярмида, Англия, Франция ва Россиядан минтақага арзон фабрика матоларини келтириш бошланганда бошланди.

Қачонлардир машҳур бўлган тўқимачилик марказлари ва Қарши, Китоб, Бухоро, Бойсун, Ургут каби минтақа ва шаҳарларда мато ишлаб чиқариш аста-секин сўнди, турфа хиллилик, йўқолиб борди, саноқли касана тўқувчилик устахоналари қолди, улар қўлларидан келганча қадимий анъаналарни сақлаб қолдилар. Миллий матолар фақат Марғилон ва Наманганда чиқарила бошлади, лекин улар фақат атлас ва беқасам эди. Шу билан бирга, матолар нафақат маҳаллий аҳолида, балки Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистонда ҳам улкан талабга эга эди.

ХХ асрнинг 60- йилларида ўзбек матолари яширинча, контрабанда йўли билан четга олиб чиқила бошлади. Бу фош бўлгач, ҳамма азият чекди, айрим савдогарлар отиб ташланди. Усталарнинг хонадонларида тинтувлар ўтказилди, барча аниқланган қўлбола тўқув дастгоҳлари ёқиб ташланди. Давлат миқёсида барча касана артелларни йўқ қилиш ва улар асосида Марғилон, Наманган ва Қўқонда тўқимачилик фабрикалари очиш, миллий матоларнинг тор ассортиментини улардагина ишлаб чиқариш қарори қабул қилинди. Бу радикал қайта ташкил этишдаги энг ачинарли ҳолат бадиий нақш ижодиётидаги энг азиз ва қадрли жиҳат – унинг қўлда бажарилишининг йўқотилиши бўлди. Мен, мутахассис сифатида, бунга рози бўлолмасдим.

Мен республикадаги барча машҳур инсонларни айланиб чиқдим ва чорлов-мақола остига имзоларини йиғдим, мақола “Правда Востока” газетасида чоп этилди ва катта қизиқиш уйғотди. Муносабат тезкор бўлди – мени Ипак саноати бошқармаси бошлиғи С.Комков чақирди. У коинотга парвозлар даврида қўл меҳнатига мутлақо қарши эди. “Қачонгача ўзбеклар крепдешин ва креп-жоржетлар эмас, ўзларининг атласларини кийиб юрадилар?”- аччиқланиб хитоб қилди у. Унинг муносабатини машҳур Рафаил Такташ экспромт йўлида тўқилган тўртлигида яхши тасвирлади:

Қоғозлар ичра-ю, дастгоҳлар узра

Сергей Комков дидни бой берди

Ўзбек матоларин гўзаллигидан

Кўзин парда бўлиб тўсдику мансаб

Оқибатда “Атлас” номли фирма-комбинат ташкил этилди. Унда касана ишлаб чиқариш саноат томонидан буткул ютиб юборилди. Бу усталарнинг истеъмолчилар билан алоқаси узилишига олиб келди, ҳолбуки бу алоқа ўзбек халқининг, таъбир жоиз бўлса, генетик қадрли бўлган, миллий маданиятнинг ёрқин қисми саналган матоларга чуқур боғлиқлигига асосланарди.

Ўзбекистон халқ шоири Ғофур Ғулом ёзганди:

Матоларимиз тарихин билмоқ истасанг,

Хон атласнинг ўзи сенга китоб бўлади.

Жилоси мавж урар мисли дарё тўлқини,

Ипакларга қўшилар заррин Қуёш ёлқини

Абр матоларда нақш яратишнинг ривожланиши аллақачон тўхтаган, боши берк кўчага кириб қолганди. Бу мени Марғилонга боришга ундади, у ерда хон атласни касана усулида ишлаб чиқарувчи биргина фабрикани топдим. Мен фабрика раҳбарини миллий матоларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун катта имкониятлар очилаётганига, тайёрланаётган матолар ассортиментини кенгайтириш кераклигига ишонтирдим. Адрас, шойи, бахмал каби унутилиб кетган абр матоларга, нафақат анъанавий Фарғона услубини, балки бошқа минтақалар, айниқса Бухоро услубини қайта тиклаш кераклигига эътиборини қаратдим. Бу даврга келиб Бухорода амалда усталар қолмагани сабабли, мен Бухоро мактаби матоларининг нақшинкор безалиши санъатини фотосуратлар ва китоблар ёрдамида тиклаш керак деб туриб олдим ва уни бунга кўндирдим.

Хом ашё топилди, дастлаб адраснинг бешта нақши танланди, улар учун бешта дастгоҳ ажратилди. Турли ихтисосликдаги олти нафар уста танланди – абрбандчи, бўёқчи, тўқувчи. Улар учун Тошкентга хизмат сафари уюштиришга муваффақ бўлдим. Тошкентга келганларида акамникига жойладим, кун бўйича музейлар ва кутубхоналарга қатнадик. Ўша кунларда Тошкент Санъат музейида унинг директори Дамир Рўзибоев раҳбарлигида “XIX ва XX асрлар Ўзбекистон матолари ва либослари” кўргазмаси очилганди. Усталар қадимий матолар, уларнинг нақшларини ўз кўзлари билан кўриш, ушлаб ҳис қилиш, суратини тушириш имконига эга бўлдилар. Тошкентни улар янги очилган истиқболдан руҳланиб ва кенгроқ билимлар билан қуролланиб тарк этдилар.

Ўзбекистонда ҳеч қачон бўлмаган киши бизнинг матоларимизни олачипор ёки жимжимадор деб ўйлаши мумкин. Аслида уларда Марказий Осиё қуёшининг ранги, Ўзбекистон манзараси: Қизилқумнинг олов пуркайдиган қўмлари, Тянь-Шань тоғ ёнбағирлари, жўшқин дарёлар, гуллаган мевали дарахтлар ва даштлардаги ҳамда уйларнинг лой томларидаги лолақизғалдоқлар акс этган. Бу матоларда жазирама ва салқинлик, бу бетакрор нақшларда гўзаллик шунчалар бениҳояки, уларга қараб, ушбу ер ва унинг халқининг руҳини англаш мумкиндек гўё.

Бугун, бозор муносабатлари ривожланиши ва, айниқса, республиканинг мустақилликка эришгани муносабати билан ҳунармандларда юзага келган ижод эркинлиги туфайли, миллий матоларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ вазият тубдан ўзгарди. Ўтган асрнинг 90- йиллар бошларидан, Марказий Осиё икатларига бутун дунёда чинакам қизиқиш мавжудлиги боисидан, халқаро ташкилотлар уларни ишлаб чиқаришга катта ёрдам ва қўллаб-қувватлаш кўрсата бошладилар. Музейлар ва хусусий коллекцияларда сақланаётган қадимий мато ва либосларнинг ҳашаматли каталоглари чоп этилди. Россия ва Ўзбекистон нашрларида бир қатор мақолалар чиққач, менга ўзбек миллий матолари билан қизиқувчи инсонлар кўп мурожаат қила бошладилар, атйин Америка, Европа, Англия, Япония, Туркия ва, ҳатто, Австралиядан келишди, бу мавзуга бағишланган нуфузли нашрларда менинг тадқиқотларимга ҳаволалар беришди.

1970 йилда Япониянинг Осака шаҳрида халқаро модалар намойиши ўтказилди. Совет Иттифоқидан унда фақат иккита моделлар уйи – Москва ва Тошкент вакиллари ўз коллекцияларини тақдим этди. Бизнинг усталаримиз фақат миллий матолардан тикилган либосларни намойиш этдилар ва оламшумул муваффақиятга эришдилар. Ўзбек ипагидан тайёрланган буюмлар намойишидан кейин, японларнинг қўллари енгил келиб, дунёда неча асрлардан бери биринчи марта, қадимий савдо йўлининг унут бўлган номи – Буюк ипак йўли тилга олинди, ҳозир уни ҳамма яхши билади. Тез орада Япониядан институтимизга миллий матоларимизни келтириш илтимоси битилган мактуб келди ва мен, руҳланиб, бу хабарни дарҳол директорга етказдим. Ўша пайтда институтга академик Воҳид Зоҳидов раҳбарлик қилар, бир вақтнинг ўзида у маданият вазири ҳам эди. Воҳид Йўлдошевич, мени ҳайратга солиб, бу таклифга ўта салбий муносабат билдирди.У менга коллекцияларни жўнатиш ҳақида унутишимни шама қилди. Нафрат билан савол ташлади: “Матоларимиз? Бу шармандалик бўлади! Японларда қандай тўқимачилик, қандай нақшлар борлигини биласизми? Шунда ҳам матоларимизни юбормоқчимисиз?” матоларимизнинг ажойиб экани, ноёблиги, улар билан фахрлансак арзигулик экани, буни нафақат биз, балки бутун дунё билиши ҳақида уни ишонтиришларим беҳуда кетди. Афсуски, баъзида ҳатто санъат билимдонлари ҳам бундай улкан, қадимий, турфа хил хал амалий санъати қатамини муносиб қадрламадилар, ҳолбуки усиз инсонларимизни, мамлакатимизни тасаввур қилиб бўлмайди.

1988 йилда АҚШда “Марказий Осиё ипак матолари” кўргазмаси ташкил этилди. У зўр муваффақият билан ўтди, бутун Американи кезиб чиқди. Ташриф буюрувчилар, жумладан дизайнерлар, ўзлари учун кутилмаганда матоларимиз гўзаллигини кашф этдилар, уларга мафтун бўлдилар, етакчи модельерлар улардан бутун бошли либослар коллекцияларини ярата бошладилар. Бу кўргазма дунё миқёсидаги қизиқишга туртки бўлди ва бу қизиқиш ҳозиргача давом этдмоқда. Барча даврларда сайёҳлар ва дипломатлар, фахрли меҳмонлар ва оддий туристлар ўзлари билан рўмоллар, кашталар ёки ўзбек матоларидан намуналар олиб кетадилар.

Чет элда бой коллекциялар яратилди, бирин-кетин ажойиб буюмларимизга бағишланган альбомлар чиқарила бошлади, 1988 йилда, шов-шувли кўргазмага атаб Нью-Йоркда чиқарилган “Ikats. Wovensilks from Central Asia. The Raucollection” альбом-каталоги муаллифлари менга альбомдан бир нусха юборгандилар, ўша пайтларда бу ноёб ҳодиса саналарди. Альбомни варақлаб, унда менинг исм-шарифим, тадқиқотларим тилга оилнгани, муаллифлар менинг ишларимдан ўзлари учун қизиқарли ахборотни олганликларини ҳайрат билан аниқладим.

1997 йилда Гвидо Гольдманнинг бой коллекцияларидан матолар ва тўнлар альбомини яратишда катта иш амалга оширилди. “IKAT. Silks of Central Asia” альбоми муаллифлари – вашингтонлик эр-хотин Кейт Гиббон ва Эндрю Хейл илтимосларига кўра мен абр матолар тўғрисида кириш мақоласини ёзиб бердим. Кейт альбомга асосий матннинг муаллифи бўлди, аммо ундаги ахборотни тўлиқ деб бўлмасди.

Мен Кейтдан Марказий Осиё тўқимачилигига оид кўплаб адабиётлар мавжуд америкалик ва европалик музейлар ҳамда кутубхоналардаги маълумотларни имконияти борича тўплашни ва матнни тўлдиришни сўрадим. У катта ишни амалга оширди, альбомнинг чиқиши бир ярим йилга чўзилди, аммо энди бу энг салмоқли, ажойиб безалган тадқиқот бўлиб, матоларимиз тўғрисидаги энг тўлиқ ахборотга эга.

2011 йилда Вашингтон Тўқимачилик музейи ходими, келиб чиқиши турк бўлган Сумру Белгер менга Мурад Мегаллининг ниҳоятда бой коллекциясидан матолар ва тўнлар фотосуратларини йўллади ва мутахассис сифатида улар ҳақида ўз фикрларимни билдиришимни сўради. Мен учун қадимий матоларни кўриш, минтақалар ва тайёрланган вақти бўйича таснифлаш, ҳар бир нақшга уларнинг қадимий номларини бериш фавқулодда қизиқарли бўлди, тўғри, мато тури, тўқилиш турини аниқлаш учун матони ўз кўзим билан кўриш, ушлаб ўрганиш талаб қилинарди. Sumru Belger and others “Colors of the Oasis. Cetntral Asian Ikats”. The Textile Museum. Washington D.C. (2010) альбоми менинг катта мақолам билан бошланди. Унинг кетидан Кейт Фитц Гиббон ва Сумрунинг мақолалари қўйилди.

Узоқ йиллардан буён биз Марказий Осиё матолари, кашталари ва айниқса ўзи учун алоҳида севимли тўпнларнинг машҳур коллекционери, ўлкамиз тарихи ва маданияти билимдони, ҳозирда Москвада яшовчи оиламизнинг яқин дўсти Тоир Фаридович Тоиров билан ҳамкорлик қиламиз. Унинг коллекцияси Москванинг турли музейларида – Пушкин номидаги музейда, Шарқ музейида, Амалий санъат музейида ва бошқаларда, Япония, Финляндия, бошқа мамлакатларда бир неча бор тақдим этилган. Тоир Фаридович бир нечта альбомлар чоп этган, уларнинг иккитаси – “Икаты Туркестана” (2002 й.) ва “Старинные узбекские костюмы, предвосхитившие европейский модернизм” (2012 й.) учун мен мақола ёзиб берганман.

Қачонлардир ўлкамизда ишлаб чиқарилган, дунёнинг энг яхши музейлари ва кутубхоналарида тақдим этилган турли-туман матолар, бошқа буюмлар – чинни, чилангарлик, ўймакорлик, заргарлик тақинчоқлари, миниатюралар, турли сабабларга кўра, кўпчилик учун очиқ эмас. Мутахассисларимиз бизнинг тенги йўқ усталаримизнинг ниҳоятда бой мероси билан қизиқишларини истардим. Ўз пайтида устозим Анна Сергеевна Морозова (ўша пайтда 65 ёшда эди), ўз ишини қолдиришга ҳеч ким йўқлигидан хавотирга тушарди. Ўшанда унга мен йўлиқдим, мен ҳозир ўга пайтдаги Морозовадан каттароқман ва энди мен хавотирланаман – билимлар, кутубхонани қолдиришга ҳеч ким йўқ. Афсуски, мамлакатимизда бизнинг мисли йўқ матоларимиз қанчалик севилмасин, унинг тарихи ва замонавий ҳолати, ушбу ажойиб матоларни тайёрловчи усталар, аждодларимиз қадим даврлардан бу нақшлар орқали етказадиган ахборотни жиддий ўрганиш билан ҳеч ким шуғулланмайди. Бу соҳада ҳамма нарса ҳам ўрганилмаган, ўзбек матоларини яратишнинг ғайриоддий санъати ўз тадқиқотчисини ва бор билимларни сақловчисини кутмоқда.

Сайёра Маҳкамова хонадонида меҳмонда. Биринчи қатор, чапдан ўнгга: Л. Маҳкамова, С. Маҳкамова, унинг турмуш ўртоғи, академик  Э.И. Фозилов, Ўзбекистон халқ артисти М. Йўлчиева, академик Р.Г. Маҳкамов, актриса, ТВ сухандони  Р. Мадраҳимова. Иккинчи қатор: Т.Ф.Тоиров, чапдан учинчи – профессор О. Матёқубов, иккинчи қатор охирида – академик Т.Д. Ражабов.

Феруза Ялкиновна Гуламова -Туракулова

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *