• “Шарқда бор самимий кент, гир атрофи боғ-роғлару тунларидир чароғон”.
• Ўз пайтида Тошкентнинг мажозий мадҳиясига айланган қўшиқнинг ушбу сатрлари ҳаммамизга таниш. Лекин, агар бу қўшиқ шу кунларда яратилганда, қандай янграган бўларди? Яна бир гап – кўкаламзорлаштириш муаммоси фақат Тошкентга тааллуқлими?
• Ровшан Махсудов ўз петициясида, одамлар учун сифатли дам олиш имконини таъминлаш ва шаҳарнинг экологик ҳолатини яхшилаш мақсадларида, ҳар бир туманда аттракционларсиз, камида 2000 туп дарахтга эга янги боғ ва хиёбонлар яратиш, бу боғлар ва хиёбонларни яхши ўриндиқлар, велойўлкалар ва фавворалар билан жиҳозлашни таклиф этади.
Нашримиз таҳририяти ушбу долзарб ва муҳим ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, ташаббус муаллифига бир неча саволлар беришга қарор қилди.
Нега айнан яшил ҳудудлар яратиш тўғрисида петиция беришга қарор қилдингиз?
— Тошкентда яшил ҳудудларни яратиш тўғрисида петиция ёзишга қарор қилганимнинг бир неча сабаблари бор. Асосийси эса, мен инсонларни қадрлайдиган тўғри шаҳарда яшашни истайман. Етарлича миқдорда дарахтлар ва боғларсиз, шаҳар тўғри санала олмайди. Дарахтлар етишмайдиган шаҳарда доимо иссиқ, чанг бўлади, нафас олиш – айниқса беморлар учун – қийин кечади. Шунингдек, дарахтлар йўқ жойда қушлар ва табиатнинг бир бўлаги деб аташ мумикн бўлган бирор нарса учрамайди. Табиатдан нарида, буткул сунъий дунёда яшашни эса, менимча, ҳеч ким истамайди.
Биз, албатта, бу даражага етиб бормадик ва шаҳримизда яна бироз дарахтлар қолган, лекин улар жуда кам.
Бу петицияни ёзишимнинг яна бир сабаби – мен ҳақиқатан яшил шаҳар бўлмиш Москвада бўлдим ва инсон ҳаётига дарахтлар қанчалик ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳис қилдим.
Ларингит сабабли мен Тошкентда баъзида нафас олишга қийналаман. Лекин Москвада бу бирор марта сезилмади. Ўзимни яхши ҳис қилишим баробарида, турли боғларда, осуда муҳитда мунтазам сайр қилиш имконига эга бўлдим. Мен саломатлигимни мустаҳкамлаш учун минглаб қадам ташлаб, табиат гўзаллигидан баҳра олишим мумкин эди. Бунинг учун атайин бирор жойга бориш ҳам шарт эмас – ахир, Москвада ҳар жойда боғ бор. Мана шунда «Тошкент аҳолиси ҳам шундай имконият ва шароитларга муносиб» деган фикр келди.
Фикрингизча, ҳар бир туманда нечтадан яшил ҳудуд ташкил этиш керак бўлади? Бу одамларга ва Ўзбекистон шаҳарлари инфратузилмасига қандай таъсир кўрсатади?
— Менимча, шаҳарда яшил ҳудудлар шунчалик кўп бўлиши керакки, шаҳарнинг исталган нуқтасидаги инсон яшил ҳудудгача узоғи билан 15 дақиқа яёв юриб етиб олсин.
Мен, ҳозирда, яшил ҳудудга бориш учун 15 дақиқадан анча кўпроқ машинада боришим керак бўлади. Буни эса, мутлақо номақбул ҳисоблайман.
Боғлар сони шу даражада кўпайишига эришсак, инсонлар ҳаёти албатта яхши томонга ўзгаради.
Бу, биринчидан, тоза ҳаво дегани. Иккинчидан, ҳатто ёзнинг жазирамасида ҳам сайр қилиш имконияти бўлади. Одамлар ҳам жисмоний, ҳам маънавий саломатлигини мустаҳкамлайди.
2021 йилни «Экология йили» деб эълон қилиш ғояси кимга тегишли ва бу нега зарур?
— Петиция тақдим этганимдан кейин «Нега фақат Тошкентда?» қабилида саволлар ёза бошлашди ва шунда яна бир ғоя туғилди – 2021 йилни «Ўзбекистонни кўкаламзорлаштириш ва табиатни ҳимоя қилиш йили» деб эълон қилиш.
Зеро дарахтлар ва боғлар муаммоси нафақат Тошкентда, балки бутун мамлакатда долзарб саналади. Уларни ҳал қилиш учун бир нечта бир марталик тадбирлар ўтказиш кифоя қилмайди. Бунинг учун кенг кўламли дастурни амалга ошириш, табиатни ҳимоя қилишга қаратилган янги қонунлар ва норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш керак. Яшил ҳудудлар сонини жадал кўпайтириш, жамоатчилик жойларида дарахтлар сонини ошириш ва ҳ.к. ишлар талаб этилади.
Нега энди бунга йиллик давлат дастурини бағишлмаслик керак?
Чинор – бу миллий бойликми ё қимматбаҳо мебель учун сифатли хом ашёми?
— Мен чинорни миллий бойлик деб ҳисоблайман. Уни асраш, ҳимоя қилиш ва нима қилиб бўлса ҳам, сақлаб қолиш керак. Мебеь саноатига келсак, албатта, ундан буткул воз кеча олмаймиз. Лекин бунинг учун алоҳида ҳудудлар ажратилиши керак – у ерда дарахтлар ушбу саноат учун махсус етиштирилсин.
Дарахтларни кесганлик учун жиноий жавобгарлик керакми? Битта дарахтнинг ҳаёти инсон умрининг бир неча йилидан қадрли турадими?
— Табиат ва дарахтларни қанчалик севмай, инсонларга жиноий жазони раво кўра олмайман. Дарахтларни ноқонуний кесганлик учун одамларни қатъий жазолаш тарафдориман, лекин бу қамоқ кўринишида эмас, балки йирик жарималар шаклида бўлсин. Масалан, ҳар бир кесилган дарахт учун 5 миллион сўм.
Мен учун дарахтлар жуда қадрли, инсон ҳаёти эса – бебаҳо. Вақтни ҳам бойлик билан ўлчаб бўлмайди. Шу сабабли, дарахтларни ҳимоя қилиш керак, лекин бу инсонни унинг келажагидан маҳрум этиш йўли билан бўлмасин. Менимча, йирик жарималар ва молиявий санкцияларнинг ўзи етарли.
Daraxtlar qaerda o‘sishi kerak va o‘sha yerdan yo‘l o‘tkazilishi, bino qurilishi yoki kommunikatsiya tortilishi kerak bo‘lsa, nima qilish lozim?
— Daraxtlar har joyda o‘sishi lozim. Yo‘l va yo‘lkalar chetlarida, bolalar maydonlarida, turar-joy hududlarida, hovlilarda va h.k. Agar yangi bino, yangi yo‘l qurish kerak bo‘lsa, rejasini tuzishda daraxtlarning joylashuvini hisobga olish va qurilishda ularga zarar yetkazmaslikka harakat qilish lozim. Albatta, har doim ham bu mumkin bo‘lavermaydi. Ba’zida, agar boshqa yo‘l qolmasa, bir necha (o‘nlab, yuzlab emas) ko‘chat ekish va quriladigan ob’ektlar yonida yangi yashil hududlarni kompensatsiya o‘laroq yaratish kerak. Bunday ishlar bitganidan keyin daraxtarning har 100 kv.m. maydondagi soni kamayishiga yo‘l qo‘ymaslik kerak.
Дарахтлар одамларнинг хатти-ҳаракатларига қандай таъсир кўрсатади?
— 2014 йилда чоп этилган тадқиқотда АҚШ Ўрмон хизмати ходимлари ва олимлар дарахтлар ҳар йили 850 нафар инсон ҳаётини асраб қолишлари ва 670 000 та ўткир респиратор симптомларининг олдини олишини ҳисоблаб чиқдилар. Тадқиқотчилар ҳаво ифлосланиши камайишининг инсон саломатлигига таъсирини қарийб йилига 7 миллиард долларга баҳоладилар. Бошқа томондан, 2015 йилги тадқиқот кўрсатишича, ўқиш жараёнида табиатда кўпроқ вақт ўтказадиган болалар, уларнинг мактаб ва туманларининг йўлдошдан олинган суратларига кўра, диққатни жамлаш ва хотиранинг ривожланиши борасида яхшироқ кўникмаларни намойиш этадилар.
Шунингдек, Сидней, Ньюкасл ва Вуллонгонгда яшайдиган 45 ва ундан юқори ёшдаги 46 000 нафар киши ўрганилганда, йирик дарахтлар кўп ўсган ҳудудларда яшовчи одамларга стресснинг ривожланиши эҳтимоли бошқа жойлардаги одамларга қараганда 30 фоизга кам экан. Аҳамиятлиси, ўтлоқлар, буталар ва бошқа экинлар борлиги сезиларли натижа кўрсатмади. Японияда 585 нафар респондент ўртасида ўтказилган бошқа тадқиқот боғ ҳудудларида сайр қилувчи одамлар шаҳар бўйлаб сайр қилувчиларга қараганда камроқ хавотир ва хатар ҳиссини туйишларини кўрсатди. Аммо, баъзида одамларнинг бевосита дарахтлар орасида бўлишлари ҳам шарт эмас. Польшада респондентларга 15 дақиқа давомида қишки ўрмон манзараси ва шаҳар кўчалари манзарасига қараб туриш таклиф этилди. Кейин улардан томошадан олдинги ва кейинги маънавий ҳолатлари ҳақидаги анкета саволларига жавоб бериш сўралди. Тадқиқот кўрсатишича, ҳатто саҳро ўрмони кўриниши ҳам шаҳар кўсалари манзарасига қараганда кўпроқ тинлантирувчи таъсир кўрсатган. Бундан ташқари, инсоннинг стрессларни енгиш қобилиятига яшил экинларнинг ижобий таъсирининг қатор физиологик исботлари ҳам мавжуд. 2017 йилдаги тадқиқот дарахтлар яқинида яшовчи одамларда стрессга чидамлиликка жавоб берадиган мия тузилмалари анча ривожланган бўлишини кўрсатди.
Ўлкамиз иқлимига мос дарахтлар қайсилар? Нима эккан маъқул, минтақамиз учун ғайриоддий бўлган ва чет элдан келтирилган янги дарахт турларини синаб кўриш мақсадга мувофиқми?
— Ўзбекистонда тўрт турдаги ўрмон бор: чўл ҳудуди ўрмонлари, унда оқ саксовул кўп учрайди; кенг баргли ўрмонлар, улар асосан ёнғоқ, бодом ва бошқа мева дарахтларидан иборат; арча ва тўқай ўрмонлари. Шаҳар яшил экинлари учун иссиқлик ва қурғоқчил ҳавога чидамли экинлар экиш тавсия этилади. Масалан, Ўзбекистонда кўпинча қайрағоч экилади, Хоразм ва Қорақалпоғистон иқлимига «катальпа», Қорақалпоғистонга ёввойи жийда, кўк терак, Бухорога – эман мос келади. Фарғона водийсида эман, заранг, терак экилади. Тошкент вилоятида Тошкент читальпаси, каштан, туядарахт кўп учрайди.
Ифлосланиш юқори даражада бўлган саноат шаҳарларида айлант ўсимлигини экиш тавсия этилади. Бу ўсимлик ташлама газлардаги заҳарни ўзига олиб, ҳавони тозалайди. Уларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги йўллар ёқаларида учратиш мумкин.
Мамлакатимизнинг тоғолди минтақаларида жўка, кенг баргли дарахтларни, дашт минтақаларида – эман, акация, япон сакураси, шумтол, жийда эккан маъқул. «Томинтоз» (Хитой олчаси) дарахти ҳам иқлимимизга яхши мослашади.
Дарахтлар иқлимга мослашсагина тутиб кетади. Шунингдек, тупроқнинг шўрланганлиги, намлик даражаси ва тупроқ сифатини ҳам инобатга олиш керак. Масалан, тошли ерда ўсимликлар ўсиши қийин, намлиги юқори тупроқли жойларга эса, ботқоқ сарви, метасеквойя экиш тавсия этилади. Кўпроқ у ёки бу минтақада ўсадиган дарахтларни етиштириш тавсия этилади.
Экотаълимни мактабдан жорий этиш нега бунчалик муҳим?
— Экология ҳақида гап борганда кўпинча одамлар беэътибор бўладилар. Улар бунинг муҳимлигини ҳис қилсалар-да, ўзларига тегишли эмас, деб ўйлайдилар. Уларнинг шахсий муаммолари ҳам етиб ортади. Улар молиявий муаммолар, иш, оила ташвишлари – шулар уларга тегишли-ю, экология улар учун бегона ва у билан экологлар шуғулланиши керак деб фикр юритадилар.
Лекин, аслида, экология муаммоси – бу атроф-муҳит муаммоси, у ҳаммага бирдек тааллуқли. Атрофдаги оламни қутқариш – ўзимизни қутқариш демак. Экология муаммоси саломатлигимиз муаммосининг айни ўзи дейиш мумкин, унинг олдида эса, барча ташвишлар аҳамиятини йўқотади. Ахир, меъёрдаги атроф-муҳитсиз руҳиятимизда, нафас олиш йўлларимизда ва ниҳоят, озиқ-овқатлар хафсизлигида муаммо пайдо бўлади. Бу жуда жиддий таҳдид ва одамлар буни тушунишлари керак. Бунинг учун эса, биз мамлакатдаги экотаълим даражасини оширишимиз лозим. Мактабда бўлмаса, яна қаерда буни амалга ошириб бўлади? Бунинг барини одамларга ё мактабдаёқ тушунтирамиз, ё кеч бўлади.
Экотаълим ўз ичига нималарни олиши керак?
— Сифатли экологик таълим долзарб экологик муаммоларни қамраб олувчи назарий ва амалий таълимнинг асосини уйғунлаштириши, ижтимоий-иқтисодий, илмий ва маданий ривожланиш ҳамда экологик муаммолар ўртасидаги сабаб-оқибат алоқаларини юзага чиқариши керак. Бундан ташқари, экологик ривожланиш соҳасидаги таълим ўқувчиларда атроф-муҳитнинг ҳолати учун жавобгарлик ва унга боғлиқлик ҳиссини, атроф-муҳит барқарор ҳолатининг асосий сабабчилари бугунги ва эртанги авлод эканлигини тушунишни тарбиялайди.
Талабалар ва ўқувчиларга мамлакатимиздаги экологик аҳволга қизиқиш ва жавобгарликни сингдириш учун уларнинг экологик онгини ривожлантиришга қаратилган тегишли маданий-оммавий ва ўқув тадбирларини ўтказиш талаб этилади. Бироқ, назарий база мавзунинг ўткирлиги ва долзарблигини етарлича тушунишни таъминлаб бериши гумон. Ёш авлоднинг бу мавзуга қизиқишини уйғотишда экологик масъулиятсизлик оқибатларидан мисоллар келтириш янада таъсирчанроқ чора бўларди. Масалан, Мўйноқ каби экологик ҳалокат ҳудудларига сафарлар уюштириш самарали бўлади. Экологик таълим орқали, ўқувчилар осон тушунадиган шаклда, экологик онгни шакллантирилиши лозим.
Туман ва шаҳарларда янги яшил ҳудудларни яратиш ҳақида