Спорт илми деган тушунча анчадан бери дунёга машҳур. Бугунги кунда спорт илмини ўз ичига физиология (машқлар физиологияси), психология (спорт психологияси), анатомия, биомеханика, бикимё ва биокинетикани олувчи бир нечта фундаментал фанлар уйғунлиги ташкил қилади. Спорт илми соҳасида олимлар ва консультантларга талаб йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Уларнинг билимлари ва тажрибалари нафақат спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда, балки спортчилар учун жиҳозлар ва либослар ишлаб чиқишда ҳам қўлланилади. Спортнинг илмий ўрганилиши туфайли, тадқиқотчилар инсон танаси машқларга, машғулотларга, атроф-муҳитнинг турли шарт-шароитларига ва кўплаб бошқа таъсирларга қандай муносабатда бўлишини яхшироқ тушуна бошладилар. Ушбу мақолада биз спортнинг бир неча жиҳатини уларнинг у ёки бу илм-фан соҳаси билан боғлиқлигида кўриб чиқишга қарор қилдик.
Спортда математика
Спортда математиканинг роли ва аҳамияти ҳақида сўзлайдиган бўлсак, хаёлимизга келадиган биринчи нарса – бу, албатта, шахмат бўлади. Жисмоний машқлар бажаришни талаб қилувчи жўшқинроқ ва энергияталаб спорт турларида ҳам “илмлар қироличаси”нинг нақадар аҳамиятли эканлигини тасаввур қилиш қийин. Шундай бўлса ҳам, математик ҳисоб-китобларнинг бу ердаги роли асло кам эмас. Масалан, графлар назарияси, комбинаторика бўлими мусобақаларни режалаштиришда геометрик услублардан фойдаланади[1]. Бошқа томондан кўпчилигимиз соғлом турмуш тарзига риоя қиламиз, унинг асосини тўғри овқатланиш ташкил қилади. Тўғри овқатланиш эса, ўз навбатида, организмга керак бўладиган, шу билан бир вақтда жисмоний ҳолатга зарар келтирмайдиган калориялар миқдорини аниқ ҳисоблашга боғлиқ бўлади. Профессионал карьераси гаровга қўйилган спортчилар учун овқатланиш ва истеъмол қилинаётган калориялар сони биринчи ўринда туриши сир эмас. Чизиқли ва ночизиқли ўзаро алоқалар асосидаги математик ҳисоб-китоблар услублари, шунингдек метаболизм жараёнларининг математик моделлаштириш калорияларни ҳисоблаб чиқишда максимал аниқликка эришишга ёрдам беради[2]. Шунингдек, спортчиларнинг чидамлилигини ҳисоблаб чиқиш имконини берувчи иккита математик модель (импульсив муносабат билдириш модели ва чегаравий қудрат модели) мавжуд. Жумладан, биринчи модель индивиднинг фаолиятга қобиллиги вақт ўтган сайин ва машғулотлар интенсивлигига қараб ўзгариши динамикасини тасвирлаш имкониятини беради. Иккинчи модель иш суръати ва унинг давомийлиги ўртасидаги ўзаро алоқани тасвирлайди. Модель муайян инсон учун машқлар интенсивлиги ва уларнинг давомийлиги ўртасидаги ўзаро алоқани умумлаштиради[3]. Бундан ташқари, агар гап у ёки бу инвентарь (тўплар, лангарчўп, диск ва ш.к.)дан фойдаланадиган спорт турлари ҳақида кетганда, математик формулалар олдинга қўйилган натижаларга эришиш учун керакли кучни, силташ ёки зарбанинг бошланғич бурчагини, снаряд ҳаракатланиши тезлиги ва траекториясини ҳисоблашга хизмат қилади[4].
Спорт либосларини яратишда илм-фан
Бугунги кунда профессионал спорт либосларини лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришни илғор технология ва илмий ёндашувсиз тасавур қилиб бўлмайди. Профессионал спорт либосини кийиш тана ҳароратининг кескин ўзгаришини, ҳаракатлар эркинлиги ва жисмоний юкламалар бажарилишида тер ажралишини самарали назорат қилиш имконини беради.
Спорт либосларини ишлаб чиқаришда технологиялардан фойдаланиш, қоидага кўра, матоларнинг турфа хилларини ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Спорт либослари спортчининг характеристикаларини яхшилашга қаратилган ва бу ишлатиладиган матоларда акс этади, уларга қўйиладиган асосий талаб терморегуляция хусусияти саналади. Спорт либоси технологияси ғояси машғулотлар давомида шунчаки танамизни ёпиб туриши эмас, балки танамиз билан тандемда ишлаши кераклигини англатади. 2017 йилдаги Хитой олимлари тадқиқотида полиэстерли оддий либос кийишдаги ва “иссиқликни прогнозлаш модели”дан фойдаланиб ишлаб чиқилган либос кийилгандаги терморегуляция кўрсаткичлари қиёсланди. Натижалар кўрсатишича, профессионал спорт либосида, полиэстердан тикилган одатий либосдагига қараганда, нам шимиш қобилияти ва буғланишнинг совутиш эффекти яхшироқ эканлигини кўрсатди. Одатий либосга таққослаганда, профессионал спорт кийимида интенсив жисмоний юкламаларни бажарувчи спортчиларда тер ажралиши миқдори, интенсивлиги ва бошқа жиҳатлар сезиларли яхшиланган[5]. Бундан ташқари, бугунги кунда спорт либослари ишлаб чиқарувчилари “ақлли текстиль” тушунчасига тобора кўпроқ мурожаат қиладилар. Ушбу тушунча тананинг жисмоний характеристикалари ўзгариши (тана ҳароратини тартибга солиш, шамолга қаршиликни ва ҳаракатланишдаги ишқаланишни камайтириш, мушаклар вибрацияси назорати) га муносабат билдирувчи матолар ишлаб чиқишни ҳамда ҳам ташқи, ҳам либоснинг ўзига ўрнатилган ўрнатма қурилмалар қўлланилишини ўз ичига олади. Бундай либосларни ишлаб чиқиш анчайин меҳнатталаб жараён саналади, чунки бундай технологияларга ювиш имконияти ва доимий деформацияларга чидамлиликни ўз ичига олувчи қўшимча талаблар қўйилади. Ўрнатма қурилмалар ўз ичига датчиклар ва улар билан боғлиқ мобил иловаларни, шунингдек спорт инвентари ашёларини олади. Спорт либосларини ишлаб чиқариш учун синтетик материалларни ишлаб чиқишда кўпинча табиий материаллардан фойдаланилади. масалан, бамбук юқори чидамлиликка, юмшоқлик ва микробларга қарши хусусиятларга эга вискоз толасини ишлаб чиқишда асос ўлароқ ишлатилади. Меринос жуни совуқ ва иссиқ ҳароратда интенсив машғулотлар учун либос ишлаб чиқаришда қўлланилади, бундай жун тури спандекс билан ажойиб чиқишади[6].
Спортда фармакология
Спортда фармакологиядан фойдаланиш ўзига хос мунозара манбаи саналади, чунки бугунги кунда спорт ташкилотлари спортчилар истеъмол қиладиган фармацевтик препаратлар келиб чиқиши ва белгиланишига алоҳида эътибор берадилар. Асосий мақсад – спортчилар томонидан уларнинг жисмоний ҳолатини яхшиловчи, бу билан мусобақалашувда тенгсиз шароитлар яратадиган ҳамда, кўп ҳолларда, уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган тақиқланган моддалар истеъмол қилинишини четлаб ўтиш саналади. Ишчанликни ошириш учун моддалар ёки услубларни суиистеъмол қилиш спортда жуда кенг тарқалган ҳодиса бўлиб, бу мусобақалашув руҳини парчалайди. Бутунжаҳон допингга қарши агентлик (БДҚА) каби спортдаги тартибга солувчи идоралар спортчилар томонидан ишчанликни оширувчи моддалар истеъмоли кўрсаткичини 5%дан 31%гача оралиқда кўрсатади. Спортчилар бундай моддалар истеъмоли оқибатида саломатликнинг ёмонлашувига олиб келувчи жиддий травма ва касалликларга чалинишлари мумкин. Одатда спортда номақбул ёки тақиқланган препаратлар анаболик андроген стероидлар ва уларнинг аналогларини, ритропоэтин, ўсиш гормони ва унинг ҳосилалари, озуқа қўшимчалари, креатин, афетамин, бета-гидрокси-бета-метилбутират, стимуляторлар ва анальгетиклардан иборат бўлади[7].
Муаммо шундаки, спортчиларнинг ҳолатини мунтазам мониторинг қилиб борувчи ва у ёки бу препаратни истеъмол қилиш бўйича тавсиялар берувчи малакали мутахассислар мавжуд бўлмаганда спортчи ўзи қабул қиладиган рецептсиз препарат тақиқланган моддалар рўйхтига киришни билмаслиги ҳам мумкин. Бир қарашда нейтрал кўринган озуқа қўшимчалари ҳам ғайриихтиёрий равишда допинг истеъмоли сабабчиси бўлиши мумкин[8]. Полифенол, терпеноидлар ва алкалоидларни ўз ичига олган анъанавий тиббиёт ва муқобил даволаш услублари препаратлари спортчининг чидамлилиги ва жисмоний характеристикаларини кучайтириши, бу орқали назорат ташкилотларида унинг спортчи сифатида профессионал виждонлилигига шубҳа уйғонишига олиб келиши хавфи мавжуд[9].
Спортда психология
Бугунги кунда спорт психологияси физиология, биомеханика, кинезиология ва психология туташувидаги фанлараро илм бўлиб, мақсади психологик омиллар унумдорликка қандай таъсир кўрсатиши ва спорт билан шуғулланиш ҳамда машқлар психологик ва жисмоний омилларга қандай таъсир кўрсатишини ўрганишдан иборат. Америкалик хоккейчилар ўртасида ўтказилган тадқиқотга кўра, спортдаги муваффақиятларнинг асосий омиллари рақобатбардошлик ва ўзига ишонч саналади, улар психологиянинг классик муаммоларидир[10]. Шунингдек, олимлар жамоавий спорт тури билан шуғулланадиган спортчилар экстравертларга хос психологик хусусиятларни, яққолроқ абстракт фикрлаш ва ўзига ишончни намоён этишларини аниқладилар.
Ўз навбатида, индивидуал иштирокни тақозо қилувчи спорт турларида қатнашадиган спортчилар ўзига ишончнинг пастлигини ва интроверсиянинг яққолроқ намойишини кўрсатганлар. Бироқ, умуман олганда, қайси спорт тури билан шуғулланишларидан қатъи назар, спортчилар, спорт билан шуғулланмайдиганларга қараганда, камроқ хавотирланишни ва тафаккурда кўпроқ холисликни намоён этганлар[11]. Яккакурашнинг турли кўринишлари билан шуғулланувчи спортчилар психологик характеристикаларини таҳлил қилганда биз бунда-да ажойиб манзаранинг гувоҳи бўламиз. Ҳиссиётлар спорт психологиясининг муҳим жиҳатлари саналади, бу айниқса асосий ҳаракат рақибга ҳужумдан иборат спорт яккакурашларида намоён бўлади. Якка кураш кўпинча травма ва оғриқ олиш хатари билан боғлиқ бўлади, улар спортчиларга сурункали ҳиссий ноқулайлик келтириши мумкин. Спорт мусобқаларининг бундай турлари самарали ақлий назорат ва кучли, тезкор ҳамда тактик жиҳатдан тўғри реакцияларни, шунингдек аниқлик ва яхшигина тасаввурни талаб қилади[12]. Спортнинг куч ишлатар турлари инсон характерининг хавотир, тажовузкорлик ёки шуҳратпарастлик каби кўплаб сифатлари ва хусусиятларини фош этади. Психологларнинг асосий эътиборини хавотир ва жонсараклик жалб этади. Мутахассислар қайд этишларича, хавотир спортчининг қатъий ҳаракат қилишга қобиллигига, омадсизликдан мунтазам қўрқув сабабли, кучли таъсир кўрсатади. Спортчининг мусобақада қатнашишидан бевосита олдин юзага келадиган хавотир кўпинча Мартенснинг кўп ўлчамли назарияси билан изоҳланади, унга кўра, хавотир когнитив ва соматик компонентлар қоришмасидан иборат бўлади. Соматик хавотир мусобақа бошланишида ўз чўққисига чиқмагунича давом этади, кейин тезда камаяди. Соматик хавотир юрак уришининг тезлашуви, нафас сиқиши, қоринда “капалаклар хуружи”, мушаклардаги зўриқишда кўринади ва унумдорлик ҳамда диққатни жалб қилишнинг пасайишига сабаб бўлади. Когнитив хавотир, аксинча, мусобақалардан бир неча кун олдин, таъсирчанлик ва жонсараклик кўринишида намоён бўлади. Бу диққатни жалб қилиш ва эътибор билан боғлиқ муаммоларга, шунингдек мусобақага чиқишдан олдинги хавотирга олиб келиши мумкин.[13]
Илм-фан ҳам ҳаваскор, ҳам профессионал спорт ривожига катта таъсир кўрсатиши равшан. Спортни ривожлантиришга илмий ёндашувнинг максимал самарадорлигига эришиш учун илм-фан ва технологияларнинг спортчилар фаолиятининг қўшимча омиллари сифатидаги таъсири ҳамда уларнинг мусобақалашув жараёнига бевосита аралашуви ўртасида аниқ чегарани белгилаш керак бўлади. Тақиқланган дори препаратларидан фойдаланиш ҳамда натижаларни ҳисоблаш услубиётини ва спорт мусобақаларини ўтказиш мониторингини ўзига мослаштириш билан боғлиқ кўп сонли можаролар рекордлар ва натижалар кетидан қувиш муайян босқичда спортдаги ҳалол мусобақалашиш ғоясини йўққа чиқаришини кўрсатади. Бу билан спорт соҳасидаги илмий-техник тараққиёт ютуқлари обрўсига путур етказилади. Профессионал спортчилар ва ҳаваскорлар уларнинг энг асосий рақиблари ва, бир вақтнинг ўзида, ўз ютуқларини қиёслаш объекти уларнинг ўзлари эканликларини унутмасликлари керак.
[1] http://www.ams.org/publicoutreach/feature-column/fcarc-sports
[2] https://assets.press.princeton.edu/chapters/s10952.pdf
[3] https://journals.physiology.org/doi/pdf/10.1152/advan.00078.2011
[4] http://jwilson.coe.uga.edu/EMAT6680/Huffman/Mathematics%20in%20Sports/MathematicsSports.html
[5] https://www.alliedacademies.org/articles/study-on-the-effect-of-professional-sports-clothing-on-sports-physiology-7893.html
[6] https://bitrebels.com/technology/innovations-sports-clothing-technology/
https://bitrebels.com/geek/technologies-exercise-play-sports/
[7] file:///C:/Users/Anastas/Downloads/SportsPharmacology.pdf
[8] Martínez-Sanz JM, Sospedra I, Ortiz CM, Baladía E, Gil-Izquierdo A, Ortiz-Moncada R. Intended or unintended doping? A review of the presence of doping substances in dietary supplements used in sports. Nutrients 2017;9:E1093.
[9] Sellami M, Slimeni O, Pokrywka A, Kuvačić G, D Hayes L, Milic M, et al. Herbal medicine for sports: a review. J Int Soc Sports Nutr 2018;15:14.
Satpute AD. Ayurveda’s contribution to sports medicine. Ancient Sci Life 1989;VIII:230-4.
Jadhav DK. Role of Ayurved in sport medicine: a short review. Phy Fit Treatment Sports 2017;1:1-4.
[10]https://www.researchgate.net/publication/298393014_Using_a_normative_personality_proffle_to_predict_success_in_the_National_Hockey_League_NHL_A_15-year_longitudinal_study
[11]https://www.researchgate.net/publication/232483370_A_multivariate_analysis_of_male_athlete_personality_characteristics_Sport_type_and_success
[12] Marks M, Bukowska K, Bieć P. Lęk I nteligencja emocjonalna zawodników kadry narodowej trenujących кикбоксинг . Rozprawy Naukowe AWF we Wrocławiu 2012; 37: 31‑37
[13] https://www.technogym.com/int/newsroom/psychology-in-sport-variables-team-individual/