Ўзбекистонда республика  Президенти мустақил орган ташкил ҳузурида коррупцияга қарши этилишига оид

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 04 январда кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни аввалроқ қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши конвенцияси (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь)га қўшилиши тўғрисида»ги Қонунини амалга оширишга қаратилгандир. Мақсад – жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияга буткул барҳам бериш, жамиятда ўз ҳуқуқини таниш ва ҳуқуқий маданиятни ошириш орқали коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қила олмаслик шароитини яратиш (буни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 02 февралдаги ПҚ-2752-сонли «2017-2018 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури»ни тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорида акс этган).

 

Кейинроқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланган, у ўрта муддатдаги истиқболга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг қуйидаги устувор йўналишларини кўзда тутади:

суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлаш, ҳар қандай шаклда судьяларга ноқонуний таъсир кўрсатиш шароитларини мустасно қилиш;

давлат хизматчиларини танлов асосида саралаш, тайинлаш ва илгарилатишга, улар учун аниқ чекловлар, тақиқлар, рағбатлантириш чоралари ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган бошқа механизмлар рўйхатини белгилашга асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш;

давлат хизматчилари даромадларини декларациялаш тизимини жорий қилиш ва улар иш ҳақларининг етарли даражасини таъминлаш, шунингдек давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш;

аҳолининг ўз ҳуқуқини таниши ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан тоқат қила олмаслик муносабатини кучайтириш;

давлат идоралари ва ташкилотлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва шаффофлигини ошириш;

оммавий ахборот воситаларини коррупцияга қарши чоралар ижросининг ўтказилиши ва мониторингида қатнашишга жалб қилиш.

Самарали идоравий коррупцияга қарши дастурларни амалга ошириш, улар фаолиятининг ҳисобдорлиги ва очиқлиги механизмини татбиқ этиш, ахлоқий қоидаларга риоя этилишини таъминлаш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирлар орқали тегишли соҳада коррупциявий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарларининг бирламчи вазифалари сифатида белгиланди. 2019 йил 1 июлдан Ўзбекистонда давлат идоралари юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупциявий хатарларни мажбурий баҳолашни мунтазам ўтказишга мажбурдирлар. Унинг якунлари бўйича коррупциявий хатарларга кўпроқ мойил бўлган давлат хизматчилари фаолияти соҳалари ва лавозимлари, шунингдек уларнинг функциялари (ваколатлари) рўйхати шакллантирилади.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича Махсус комиссия ташкил этилган; комиссия коррупцияга қарши курашишга қаратилган амалдаги жамоат назорати ҳуқуқий механизмлари ва амалий чора-тадбирлари ҳолатини таҳлил қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат идоралари, жумладан идораичи назоратини амалга оширувчи бўлинмаларнинг коррупция ва бошқа жиноятларга тизимли қарши туриш соҳасидаги фаолиятини ўрганиш, коррупцияга қарши кураш механизмларини ва бу соҳадаги идоралараро ўзаро алоқани қайта кўриб чиқиш, шунингдек коррупция ҳодисаларининг содир бўлиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаб, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

Коррупциянинг тарихий илдизлари мансабдор шахсларнинг мойиллигига эришиш учун уларга совғалар бериш одатига асосланган. Саноатлашувдан олдинги жамиятларда коҳин (сардор)га тўлов одат саналган. Ҳокимлар фикрига кўра, профессионал амалдорлар фақат қатъий маошга қаноат қилишлари лозим бўлган, аммо амалда амалдордар даромадларини махфий ошириш учун ўз хизмат вазифаларидан фойдаланишга интилганлар.

Коррупция ўзаро алоқадаги субъектлар турлари (аҳоли ва майда хизматчилар, тадбиркорлар ва амалдорлар, халқ ва унинг ҳокимлари)га; олинадиган фойда (фойда олиш ёки харажатлар қисқариши)га; йўналганлик (ички ва ташқи)га; субъектларнинг ўзаро алоқаси усулига, марказлашганлик даражасига, олдиндан маълум бўлиш имкониятига, тизимлилигига кўра таснифланади. Тарихан, коррупция, шунингдек, фойда олиш қонуний ҳаракатларни амалга оширганлик учун («тамагирлик») ёки ноқонуний ҳаракатлар учун («порахўрлик») амалга оширилганига қараб фарқланган. Маиший коррупция оддий фуқаролар ва майда амалдорлар ўртасидаги мансабдор шахс ва унинг оила аъзоларига совғалар ва хизматлар кўринишидаги ўзаро алоқа орқали юзага келади. Бу тоифага, шунингдек, таниш-билишчилик (непотизм) ҳам киради. Ишга оид коррупция ҳокимият ва бизнеснинг ўзаро алоқасида юзага келади. Масалан, ишни ўз фойдасига ҳал қилиш мақсадида судьяни оғдириб олиш.

Товламачилик («давлат рэкети») рухсат берувчи характерга эга ҳужжатларни расмийлаштиришга жавоб берувчи ёки бюджетга тўланадиган солиқлар, божлар ва/ёки давлат мақсадли фондларига ажратмалар суммасини ҳисоблаш ваколатига эга амалдорлар томонидан қўлланилади. Товламачилик фактига дуч келган сўровчи (аризачи) танлов олдида қолади: ё пора бериш (бу фош бўлиш хатарига эга) ёки давлат хизматчисининг ҳаракатлари устидан ички ёки ташқи назорат органига шикоят қилиш. Вақт ёки маблағ сарфини тақозо қилувчи шикоят таомили коррупциявий жиноятлар кўпайишига қўл келади. Тил бириктириш товламачилик билан бир шароитда юзага келади, лекин у иккала томон учун ҳам фойдали бўлиши ва давлат ёки жамият манфаатларига зарар келтирувчи келишувни амалга оширишдан иборат бўлади (масалан: божхона инспекторига бож тўловлари суммасини камайтириш учун пора бериш). Судьяга юмшоқ ва қаттиқ жазо турларини танлаш ёки содир этилган ҳуқуқбузарликни енгилроқ тоифага ўтказиш (масалан, жиноий жавобгарликдан маъмурийга ўтказиш) имконини берувчи санкция поралар ва товламачиликка йўл очади.

«Коррупция» атамаси лотинча «corruptio» – «фасод» сўзидан олинган бўлиб, мансабдор шахс томонидан ўзининг ҳокимият ваколатлари ва имкониятларидан шахсий манфаат йўлида, қонунчилик ва жамиятдаги ахлоқий меъёрларга зид фойдаланишни англатади. Коррупциянинг характерли белгиси мансабдор шахс ҳаракатлари ва давлат тимсолида уни ёлловчининг манфаатлари ўртасидаги тўқнашув ёки сайланган шахс ва жамият манфаатлари ўртасидаги тўқнашув саналади. Коррупциянинг бош омили ноқонуний моддий фойда олиш имконияти; тўсқинлик қилувчи омил  жазога тортилишдан қўрқув саналади. Ҳар йили 9 декабрда БМТ Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунини нишонлайди.

Ўта коррупцияланган қоғозбозлик аппаратларида аксарият давлат ресурслари ўғрилаш осонроқ бўлган ёки пора йиғиш осонроқ бўлган каналларга онгли равишда йўналтирилади.

БМТ коррупцияга қарши конвенцияси мустақил суд тизими тимсолида коррупцияга барҳам беришнинг асосий механизмини келтиради. Унда қонунни бузган амалдор осон ва самарали тарзда айбдор деб топилиши мумкин бўлади, бу коррупциянинг потенциал жозибадорлигини кескин пасайтиради; шунингдек, қоғозбозчилик аппаратининг коррупцияси устидан назоратнинг энг самарали воситаларидан бири сўз эркинлиги ва ОАВ ҳисобланади.

«Осиё йўлбарслари»дан коррупцияга қарши курашда ХХР, Жанубий Корея, Сингапур мамлакат миқёсида сезиларли муваффақиятга эришганлар.

ХХР: ХХРда ташкил этилган порахўрликка қарши курашиш механизмининг асоси 1978 йил декабрдан буён фаолият юритаётган ХКП Интизомни текшириш бўйича марказий комиссияси саналади. 2007 йилда Коррупциянинг олдини олиш давлат бошқармаси тузилади. Идоранинг вазифалари сирасига коррупциянинг юзага келиши сабабларини ўрганиш, уни йўқотиш услублари таҳлили, амалдорларнинг ҳокимият ваколатларидан фойдаланишлари устидан назорат, порахўр маъмурларга жазодан қутулиб қолиш имконини берувчи бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида амалдаги қонунчиликни ўрганиш кабилар киради. ХХР давлат кенгаши амалдорларга «совға» тариқасида биржа акцияларини олиш, «ҳайратланарли даражада арзонга уй ва автомобиллар wхарид қилиш», «қимор орқали порани «ҳалоллаб» олиш» ва истеъфога чиққанидан кейин яхши ҳақ тўланадиган ишга жойлаштириш юзасидан келишиб олишни тақиқловчи циркуляр тарқатади.  Амалиётда ўз самарадорлигини тасдиқлаган коррупцияга қарши курашиш усулларидан бири Хитойдаги барча ҳокимият идораларидаги кадрлар ротацияси саналади.

Жанубий Корея: Жанубий Корея «шаффофлик маданияти» намунаси саналади. Бу ерда 1999 йилдан буён OPEN фуқаролар мурожаатларининг шаҳар маъмурияти амалдорлари томонидан кўриб чиқилиши устидан назорат онлайн-тизими амал қилади, у миллий коррупцияга қарши дастурлар орасида ҳақиқий шов-шув уйғотди. Жанубий Кореянинг 2002 йил 1 январдан кучга кирган ва кенг халқаро эътирофга сазовор бўлишга улгурган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги янги Қонуни ҳам намунавий деб аталди. Унга кўра, коррупция бўйича суриштирувни бошлаш ҳуқуқи амалда мамлакатнинг ҳар бир вояга етган фуқаросига тақдим этилган: аудит ва инспекция қўмитаси (мамлакатдаги коррупцияга қарши бош идора) ҳар қандай ариза асосида айблов юзасидан суриштирувни бошлашга мажбур.

Сингапур: Коррупцияга қарши курашишдаги марказий бўғин доимий фаолият юритувчи махсус орган – сиёсий ва функционал мустақилликка эга Коррупция ҳолатларини суриштириш бюроси саналади. Бу мустақил орган Сингапурнинг давлат ва иқтисодиётнинг хусусий тармоғидаги коррупция ҳолатларини текширади ва олдини олишга ҳаракат қилади, бунда Коррупциянинг олдини олиш тўғрисидаги актда коррупция, «мукофотлаш»нинг турли шакллари нуқтаи назаридан, аниқ таснифланган. Бюро давлат амалдорлари орасида суиистеъмол ҳолатларини текширади ва улар ҳақида тегишли органларга интизомий чоралар кўриш учун хабар беради.

Бюро, бошқарув тизимида эҳтимолий камчиликларни аниқлаш мақсадида, давлат органларидаги потенциал тасдиқланган коррупциянинг ишлаш услубларини ўрганади. Агар бундай бўшлиқлар коррупция ва суиистеъмол қилишга олиб келиши мумкинлиги аниқланса, Бюро бу бўлимлар бошлиқларига тегишли чоралар кўришни тавсия этади. Сингапурдаги коррупцияга қарши сиёсатнинг бош ғояси «Шахсда корруциявий ҳаракатларни амалга оширишга ҳам рағбат, ҳам имконият туғдирувчи шарт-шароитларни минималлаштириш ёки бартараф этишга интилиш»дан иборат. Бунга коррупцияга қарши бир қатор тамойиллар ҳисобига эришилади, уларга риоя этиш қуйидагиларни кўзда тутади: давлат хизматчиларини иш ҳақларини хусусий тармоқда муваффақиятли ишловчи шахслар иш ҳақларига боғлаб қўйиш; давлат мансабдор шахсларининг йиллик назорат қилинувчи ҳисобдорлиги (жумладан, прокурор Коррупциянинг олдини олиш тўғрисидаги акт бузилишида гумонланувчи шахсларнинг ҳар қандай банк, акциядорлик ва тўлов ҳисобларини текшириш ҳуқуқига эга); иқтисодиётни ривожлантиришдаги ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этиш.

Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 11 февралда коррупцияга қарши курашиш ва жамоат назорати тизимларини такомиллаштириш масалалари юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказди, унда хорижий тажриба асосида коррупцияга қарши курашувчи янгича, бир-биридан мутлақо мустақил давлат органлари, тузилмаларини ташкил этиш бўйича керакли ҳужжатларни ишлаб чиқишни топширди.

Шу тариқа, Ўзбекистонда коррупцияга қарши мустақил орган яратиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ваколатларига эга бўлган алоҳида «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши зарур. Унда ушбу орган фаолиятининг бошқа давлат органларидан мустақиллиги, прокурор назоратини амалга ошириши механизми мустаҳкамлаб қўйилиши лозим.

 

Коррупция қуйидаги салбий оқибатларни юзага келтиради:

 

1.   давлат маблағлари ва ресурсларининг самарасиз тақсимланиши;

2.   солиқлар ва божларнинг йўқолиши;

3.   умумий суратда давлат аппарати фаолиятининг самарадорлиги пасайиши;

4.   кичик ва ўрта тадбиркорликнинг касод бўлиши;

5.   малакали кадрларнинг бошқа мамлакатларга чиқиб кетиши;

6.  ишлаб чиқаришга инвестицияларнинг камайиши, иқтисодий ўсишнинг сусайиши;

7.  ижтимоий тенгсизлик ортиши;

8.  уюшган жиноятчиликнинг кучайиши – кўча тўдалари мафияга (жиноий ҳамжамиятга) айланади;

9.  ҳокимиятнинг сиёсий легитимлигига зарар;

10.  жамият ахлоқининг пасайиши.

 

Ибрагимов Шерзод

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *