“Биз сунъий интеллектнинг олтин асри остонасида турибмиз”
Жефф Безос, Amazon асосчиси ва бош директори
Сунъий интеллект: қўллаш учун энг истиқболли тармоқлар
…У сиз учун идеал плейлистни танлаб беради, матнни таржима қилади, сурат чизади, мусиқавий композиция яратади ва, ҳатто, сизга юридик маслаҳат беради. Бир пайтлар илмий фантастикадагина учраган, гўёки “Қора кўзгу” сериалидан чиқиб келган, буюк ва даҳшатли – сунъий интеллект.
У ишимизни тортиб оладими? Инсониятни қулларга айлантирадими? Балки, кучимиз етмайдиган ишларни зиммасига олар? Ушбу мақолада сунъий интеллектдан фойдаланиш афзалликлари ҳақида сўзлаймиз – унинг салоҳияти, эҳтимол, айтрим тармоқларни буткул ўзгартириб юборар.
Автомобилсозлик
Сунъий интеллект (СИ) автомобиль саноатида ривожланиш йўлидан бормоқда. Илон Маск ва унинг Teslaсининг муваффақияти, автопилот ҳақидаги хаёлотнинг воқеликка айлантиргани ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмади. Чуқур нейрон тармоғига асосланган Tesla автопилоти камералар, ультратовушли датчиклар ва радардан фойдаланиб, автомобиль атрофидаги муҳитни кўриб ва ҳис қилиб боради. Датчиклар ва камераларнинг бундай ишончли тўплами ҳайдовчини атрофдаги ҳолат ҳақидаги ахборот билан таъминлайди – улар бўлмаганда ҳайдовчи бундай ахборотга эга бўлмасди. Қудратли борт компьютери ушбу кирувчи маълумотларни саноқли миллисекундларда қайта ишлайди ва машина бошқаришни янада хавфсиз ва стрессдан нари қилади.
Бироқ, СИга нафақат Tesla, балки BMW ва Mercedes Benz каби автомобиль гигантлари ҳам интиладилар. Mercedes Benz 2018 йилда компания ўзи ишлаб чиққан, сунъий интеллект асосидаги овозли ассистентни тақдим этди.[1] Mercedes-Benz User Experience (MBUX), ҳайдовчининг “Салом, Мерседес, менга совуқ” деганини эшитиши билан машинадаги ҳаво ҳароратини кўтара олади. Kia ҳам ўз автомобилларида Google ишлаб чиққан овозли СИдан фойдаланади, 2018 йилда BMW ҳам Amazonнинг Alexa овозли ассистентини муайян моделдаги автомобилларига интеграциялашни кўзда тутаётганлигини эълон қилди.[2] Бундан ташқари, 2018 йилдан буён BMW серияли ишлаб чиқаришда ҳам турлича СИ-иловаларни қўлламоқда.[3]
СИ иловаси ишлаб чиқариш жараёнида компонентларнинг тасвирини баҳолайди, миллисекундлар ичида уларни юзлаб бошқа тасвирлар билан солиштиради ва, масалан, барча керакли деталлар ўрнатилганми-йўқлигини, улар керакли жойга қўйилганми-йўқлигини текширади. Дингольфингдаги BMW Group заводида синовдан ўтаётган СИ иловаси автомобиль буюртмаси маълумотлари янги автомобиль моделининг ҳаётий тасвири билан солиштиради.
Чакана савдо ва мижозларга хизмат кўрсатиш
Сиз анчадан бери СИ имкониятларидан фойдаланиб келарсизу, бироқ бунга эътибор бермагандирсиз. Ҳар гал Amazon ёки Netflix сизга маҳсулот таклиф қилганда, уларни СИ бошқаради. Жуда мураккаб алгоритмлар тўплами сизнинг демографик профилингиз, харидларингиз тарихи ва сиз кўздан кечирган бошқа маҳсулотлардан келиб чиқиб, сиз харид қилишингиз эҳтимоли юқорироқ бўлган маҳсулотни аниқлайди. Дастлаб тавсиялар ўнта энг яхши ёки машҳур номлар каби умумий тоифаларга асосланганди. СИнинг бу жараёнга татбиғи тавсиялар механизмини сезиларли яхшилаш имконини берди. Бундай компаниялар йирик маълумотлар ҳажмини генерациялайдилар ва СИ уларни юқори даражада мақсадга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқиш учун ишлата олади.
Эҳтимол, сиз бирор бренд билан мулоқот қиилиш учун веб-сайтдаги ёки Facebook каби платформадаги жонли суҳбат воситасидан фойдалангандирсиз. Сиз ҳеч бўлмаса бир марта сунъий интеллект асосида ишлайдиган, саволларингизга сценарий бўйича жавоб берадиган бот билан гаплашган бўлишингиз эҳтимоли катта. СИдан фойдаланилган автоматизация учун мижозларга хизмат кўрсатиш идеал соҳа саналади. Мижозларга хизмат кўрсатишда аксарият сўровлар бир-бирига ўхшаш шаблонларда бўлади, масалан: “буюртмам қаерда?” ёки “етказиб бериш манзилини ўзгартирсам бўладими?” ва ҳ.к. Мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати агентлари одатда шу каби сценарийга эга бўладилар, сўровга жавоб беришда уларга риоя этиш шарт саналади. Аксарият сўровлар эса, бир нечта сценарийлар тўпламида қамраб олинган бўлади.
СИ билан нафақат автомобиллар, балки озиқ-овқат учун дўконга қатнаш ҳам автоматлашади. Чунончи, Amazon сизнинг дўконга қатнашларингизни тубдан ўзгартириб юборадиган мутлақо мухтор харидлар концепциясига содиқлигини намоён этди. Ҳар қандай қўриқлаш тизимлари, касса олдидаги навбатларга эҳтиёж қолмайди, смартфонингиз ёрдамида рўйхатдан ўтасиз ва Amazon Go иловасига кирасиз, нима керак бўлса барини оласиз, маблағ эса автоматик равишда картангиздан ечиб олинади. Сиз буни имконсиз деярсиз, аммо Amazon Go мухтор супермаркетлари АҚШда аллақачон иш бошлаган. Машинали таълим, чуқур ўрганиш, тасвирларни таниш ва интеллектуал автоматизацияни қўллаб, тизим осонгина кириб, ўзингизга керакли товар билан чиқиш имконини беради.
Маркетинг ва реклама
Маркетинг индустрияси СИни қўллашдан иккита асосий сабабларга кўра ютади. Биринчиси – бу хабарлар алмашинувининг шахсга янада яқинлаштирилиши, иккинчиси – янада аниқроқ таргетинг. СИ маркетинг ечимлари мижозлар нимани афзал саналашлари асосида компания учун хабарларнинг энг самарали алмашинувини аниқлай оладилар. Масалан, агар мижоз бир жуфт пойабзал буюртирса, алгоритм мижозга ёндош маҳсулотлар ҳақида хабар йўллайди ва бу билан мижознинг бошқа маҳсулотларни ҳам харид қилиши имкониятини оширади. Шунингдек, СИ маркетологларга ўз истеъмолчиларини яхшироқ тушуниш ва потенциал мижозни аниқлаш имконини беради, бу керакли хабарни керакли инсонга ва керак пайтда етказиш имконини беради. Бунинг сири шундаки, истеъмолчилар билан ҳар бир алоқага оид улкан ҳажмдаги маълумотлардан фойдаланиб, СИ маркетологларга ўз мижозининг комплекс профилини тузишга имконият яратади. Бу профиллардан фойдаланган ҳолда, маркетологлар ўз реклама кампанияларини такомиллаштирадилар ва ўта шахсийлаштирилган контент тузадилар.
Рекламани нейрон тармоқларидан фойдаланиб таргетлаш анча тарқалган ва сиз буни ҳис этмай қолмагансиз. 2016 йилдан буён Starbucks СИ ни жорий этиш бўйича ўз стратегик режасини тақдим этади. Мижозларга шахсийлаштирилган маркетинг хабарларини, жумладан қаҳвахоналарга яқинлашаётганларида тавсияларни етказиш мақсадида компания ушбу маълумотларни қайта ишлаш учун интеллектуал таҳлилдан фойдаланади. СИ базасидаги илованинг виртуал баристаси мижозларга овозли буйруқ ёрдамида бевосита ўз телефонидан буюртма бериш имконини яратади.[4] 2017 йилда Nike харидорларга дўконда ўз кроссовкаларини яратиш имконини берувчи янги тизимни жорий этди. Бу сотувларни рағбатлантиришнинг ажойиб усулигина эмас, балки фойдали маълумотларнинг катта ҳажмини тўплаш имконияти ҳамдир. Улардан эса, машина таълими бўлғуси маҳсулотларни ишлаб чиқишда ва шахсийлаштирилган тавсиялар тақдим этишда фойдаланади. Хитойнинг фавқолмиллий чакана ва технологик компанияси – Alibaba Group ўзининг биринчи FashionAI дўконини 2018 йилда очди. Дўкондан мақсад либосга тегинилганлигини белгиловчи интеллектуал ёрлиқлар, либос тўғрисидаги ахборотни акс эттирувчи ва ашёларнинг бир-бирига мослаштиришни таклиф қилувчи интеллектуал кўзгулар ва келгусида харидорлар дўконда кийиб кўрган кийимларни кўриб чиқиш имконини берувчи виртуал гардероб иловаси билан интеграция бўйича режалар ёрдамида харидорлар учун замонавий кийим-кечаклар чакана савдоси жараёнининг соддалаштиришдан иборат.
Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт
Соғлиқни сақлашда СИнинг қўлланилиши улкан афзалликларни ваъда қилади. СИ соғлиқни сақлаш тармоғида айниқса самарали бўлиши мумкинлигининг асосий сабаби – бу тиббиёт муассасаларида мижозлар тўғрисида мунтазам тўпланадиган аниқ ва долзарб маълумотларнинг ниҳоятда катта ҳажмдалигидир. Маълумотлар эса, маълумки, СИ учун “нон-у сув”дир. Бундан ташқари, одамларга адашиш хос ва сизнинг малакали шифокор эканингиз сизнинг одам эканлигингиз фактини инкор қилолмайди. Диагностика, бизга баъзида туюладиганидек, оқ ва қорага тақсимланмайди. Унда организмнинг индивидуал хусусиятлари, сурункали ва ёндош касалликлар турфа рангларда акс этади. Тиббиёт ходимлари, касаллик белгиларини аниқлаш ва ташхис қўйиш учун билимларга, кўп йиллик тажрибага ва сўнгги технологияларга таянадилар. Бироқ, рентген суратингиздаги сезилар-сезилмас доғни инсон кўзи илғамаслиги мумкин, СИ кўзи эса, кўрмай қолмайди.
BBC хабар беришича, Оксфорд шифохонасидаги тадқиқотчилар юрак касалликлари ва ўпка саратони мавжудлигини ташхислай олувчи СИ ишлаб чиқдилар.[5] Тадқиқот натижаларига кўра, СИ тизими, сканерланган суратдаги инсон-шифокорлар кўра олмайдиган тафсилотларни кўра олиши туфайли, юракни сканерлаш ташхисини инсон-ҳамкасбларига қараганда анча аниқроқ ўтказди. СИнинг бошқа тизими тугун-ҳужайралар тўпланишини излаш орқали ўпка саратони белгиларини аниқлайди. Шифокорлар бу тўпламлар зарарсизми-йўқлигини аниқ айта олмайдилар, шу сабабли беморлар мазкур ҳужайралар ривожини кузатиб бориш учун бир неча босқич сканерлашдан ўтадилар. Бироқ СИ тизими зарарсиз ҳолатларни аниқлашга ва беморларнинг харажатларини, вақтларини ва асаб толаларини тежаб қолишга қодирлигини кўрсатди. Шунингдек, у ўпка саратонини барвақт аниқлаш имконини беради. Бундан ташқари, Nature журнали маълум қилдики, тадқиқотчилар кўз ва юрак-қон томир касалликлари хатарини олдиндан аниқлаш учун кўз тўр пардаси суратини сканерлайдиган ва сут бези саратонини аниқлаш учун маммограммаларни таҳлил қилувчи сунъий интеллект моделини тақдим этдилар.[6]
Банк ва молиявий хизматлар
Соғлиқни сақлаш каби, молия ва банк тармоқларидаги компаниялар ҳам ўнлаб йиллар давомида маълумотларни йиғадилар ва тизимлаштирадилар. СИ бу ахборотдан фойдаланиб, банкларга потенциал қаллобларни[7] ва виждонсиз кредиторларни [8] аниқлаш имконини беради. Чакана савдо соҳасидаги каби, СИ банк соҳасига интеллектуал бот сифатида татбиқ этилади, бу билан call-марказлар бандлиги камаяди ва сифатлироқ сервис тақдим этилади. Масалан, бот сизнинг балансингизни текшириши, тўловни режалаштириш ва аккаунтингиз фаоллигини назоратга олиши мумкин. АҚШнинг Wells Fargo, Bank of America ва Chase каби йирик банклари мобил банкинг учун мижозларга ҳисоб бўйича тўловларни ёдга солувчи, ўз харажатларини режалаштиришда ёрдам берувчи ва банк билан енгил ва тез алоқада бўлиш имконини берувчи иловалар жорий қилдилар.[9]
Хорижий тажрибадан ўрнак олиб, Ўзбекистон банклари ҳам, мижоз билан алоқаларни яхшилаш ва янада таргетланган онлайн-қўллаб-қувватлаш учун, СИ базасида ботларни жорий этишлари мумкин. Бу молиявий транзакциялар ҳар соатда ўтказиладиган ва банк билан соддароқ алоқалар иш жараёнини анча соддалаштирадиган бизнес учун алоҳида долзарбдир. Аҳоли ва бизнеснинг хабардорлигини ҳамда молиявий саводхонлигини ошириш учун индивидуал бот-маслаҳатчилар ишлаб чиқилиши мумкин, улар фойдаланувчиларга молиявий хизматлар тўғрисида ахборот беради ва даромадлар ҳамда харажатларни кузатиб, таҳлил қилиб, фойдали кредитлар таклиф этиб ва бошқа молиявий маслаҳатлар бериб, молиявий мақсадларга эришишда ёрдам беради.
СИ иштирокидаги иш жараёни молия соҳаси ходимлари учун сезиларли даражада ёқимли бўлиши мумкин. Ахир, инсон учун алоҳида диққат ва кўп вақт талаб қиладиган ишлар СИ учун анчайин осонроқдир. СИ базасидаги дастурлар белгиларни танийди ва маълумотларни текшириши, ахборотни кўриб чиқиши ва берилган созламаларга мувофиқ ҳисоботни тайёрлаш учун керакли барча нарсаларни ажратиб олишга қодир. Хатарни бошқаришда СИнинг улкан ҳисоблаш қуввати ҳам тартибга солинган, ҳам ягона тузилмага эга бўлмаган маълумотларни қайта ишлаш ва бошқариш, бу билан иш вақтини қисқартириш ва меҳнат нархини тушириш имконини беради.
[1] https://www.businessinsider.com/mercedes-building-its-own-ai-powered-voice-assistant-for-the-car-2018-1
[2] https://www.digitalistmag.com/cio-knowledge/2018/02/26/which-industries-see-benefits-of-ai-first-05864125/
[3] https://www.press.bmwgroup.com/global/article/detail/T0298650EN/fast-efficient-reliable:-artificial-intelligence-in-bmw-group-production?language=en
[4] https://www.concured.com/blog/5-brands-that-are-successfully-leveraging-ai-for-marketing
[5] https://www.bbc.com/news/health-42357257
[6] https://www.nature.com/articles/d41586-018-03067-x
[7] https://security.toolbox.com/tech-101/10-industries-ai-will-disrupt-the-most-by-2030
[8] https://djangostars.com/blog/6-examples-ai-financial-services/
[9] https://djangostars.com/blog/6-examples-ai-financial-services/
QVANT таҳририяти тахлил гуруҳи