Коронавирус пандемияси нафақат глобал иқтисодиёт суръатларига, балки ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар таълим тизимларига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатди. Чунончи, машғулотларга жисмонан қатнаша олмайдиган бошланғич ва ўрта мактаблар ўқувчилари, шунингдек олий таълим муассасалари талабалари сони қарийб 1,5 млрд.га етди, бу эса, дунёдаги барча ўқувчиларнинг 90 фоизи деганидир.

 

Глобал карантин ва 2009 йилдаги глобал молиявий инқироз даврида жаҳон ЯИМ ỹсиш суръатлари

 

COVID-19 нинг таълим жараёнига таъсири ўта оғриқли бўлди. Тўлиқ ва қисман умуммиллий иҳоталаниш амалиётлари таълим муассасалари ходимларидан ўқувчиларнинг масофадан ўқиш форматига ўтиши доирасида ўқув жараёнини тубдан қайта қуришни талаб қилди. Айниқса, ривожланаётган иқтисодиётга эга, молиявий ресурслар ва тегишли технологик инфратузилма тақчиллиги кузатиладиган мамлакатларда таълим соҳасидаги муаммолар жиддий тус олди.

Ҳар бир таълим тизими пандемия даврида ўзига хос муаммоларга дуч келди. Аммо айнан университетлар ва ОТМлар, пировардида, таълим тизимидаги инқилобий ўзгаришлар триггери бўлишлари мумкин. Ахир, ўрта ва бошланғич мактаб ўқувчиларидан фарқли ўлароқ, олий таълим муассасалари талабалари онлайн-таълимга осонгина ўтиш учун анчайин етук саналадилар. Улар янги таълимий онлайн-платформаларни осон тушуниш ва ишлатиш учун етарлича техник саводга эгалар.

Ҳақиқий муаммо кампус асосида ташкил этилган ва фаолият юритаётган  университетларнинг ўзида. Анъанавий университетлар таълимнинг замонавий шарт-шароитларига мослашишга ва таълим жараёнига талабаларни жалб қилишга қодирми? Улар ўқув жараёнини ташкил қилишга самарали технологик ечимларни ва услубий синалган ёндашувларни танлай оладими?

ОТМларнинг бу йўналишдаги муваффақиятлари ва омадсизликлари бизга замонавий таълим тизимларининг келгуси ривожланиши истиқболларини аниқ ва равшан тушуниш имконини беради.

Карантин бошланиши ва таълимнинг масофавий услубларига ўтиш бошлангандан буён дунёдаги аксарият университетларда видеоконференция ўтказиш имконини берувчи Zoom ва Webex мобил иловалари кенг қўллана бошланди. Шу билан бирга, ўқитувчилар қайд этадиларки, онлайн-маърузалар талабаларнинг ўқув жараёнида қатнашиши ва жалб қилинганлигининг юқори ва чуқур даражасини етарлича таъминлай олмайди. Натижада, онлайн-таълим сифати жиддий зарар кўриши мумкин. Маърузачилар фикрларига кўра, ўқувчиларнинг таълим даражасидаги инқирозини четлаб ўтиш учун қисқа муддат ичида мақбул ечим топиш керак бўлади.

Онлайн-таълим платформалари ишлаб чиқувчилари, масалан, Coursera («Курсера») лойиҳаси, дастурий маҳсулотлар дизайни, технологик ечимлар танлаш ва рақамли маркетингда асосий роль ўйнаши мумкин. Буларнинг бари, умумлаштирганда, анъанавий таълим муассасалари учун энг яхши контентни ишлаб чиқиш имконини беради.

Олий таълим муассасалари тақдим қиладиган таълим хизматлари глобал бозори тузилмасида онлайн-таълим ҳали-ҳануз арзимас улушга эга. HolonIQ таҳлил компанияси баҳолашича, ҳозирда глобал миқёсда ОТМ таълим хизматлари ялпи ҳажми $2,2 трлн. бўлиб, бунда онлайн-сегментнинг улуши 2%дан камроқни ташкил қилади.

Бироқ, экспертлар таъкидлайдиларки, таълим бозори энг кескин ўзгаришларни ўтказиш учун етилиб турибди. Катта эҳтимол билан, COVID-19 онлайн-таълим шуҳратини ва талабгирлигини сезиларли оширди. Ҳатто пандемия бошланишидан олдин ҳам университетлар таълимнинг кундузги дастурларида абитуриентлар сони қисқарганлигини қайд этгандилар. Параллель равишда онлайн ўқишни истайдиганлар сони ўсди. Қанчалик мантиқсиз кўринмасин, лекин факт шундай: ОТМлар онлайн-таълимни ўз фаолиятлари учун таҳдид деб билдилар, виртуал талабаларни эса, таълим анъаналарини йўққа чиқарувчилар деб қабул қилдилар. Коронавирус пандемияси кечаги «душман ва рақиблар»ни тизим нажоткорларига айлантирди.

Онлайн-таълимни кенг миқёсда татбиқ қилиш ўсиш суръатлари бемислдир. Умуммиллий локдаун барча кампусларнинг мажбурий ёпилишига олиб келди. Ўта қисқа муддатларда университет ўқитувчилари талабаларни бутунлай онлайн-режимда ўқитишга ўтишга мажбур бўлдилар.

Масофадан ўқитиш тажрибасини тўплаб, ОТМлар шундай хулосага келдилар: юзага келган амалиёт анъанавий тушунишдаги тўлақонли онлайн-таълимни ишлаб чиқиш йўлидаги илк синов қадамидир. У таълим жараёнига талабаларнинг реал жалб қилинганлигининг юқори ва чуқур даражасини ҳам, шунингдек ўқитувчиларнинг ўзлари ўқишларини ҳам қамраб олади. Бу эса, ўз навбатида, университетлар, онлайн-таълим платформалари ишлаб чиқувчилари ва технологик провайдерларнинг яқиндан ҳамкорлиги ва ўзаро алоқасини давом эттиришни талаб қилади.

Пандемия даври анчайин мураккаб ва оғриқли саналади. Аммо бу даврда таълим тизимининг узоқ кутилган ва туб ислоҳотлари жамиятнинг барча қатлами, жумладан сиёсатчилар, ўқитувчилар ва ўқувчилар томонидан иштиёқ билан маъқулланиши ва қабул қилиниши мумкин.

COVID-19 шаклланган таълим тизимининг барча заиф нуқталари ва камчиликларини фош этди ва аҳолининг асосий қисмининг рақамли саводхонлиги даражасини ошириш зарурлигини узил-кесил исботлади. Рақамли кўникмалар ва маҳорат, ижтимоий масофа, рақамли хизматлар тақдим этилиши ҳажми кенгайиши ва рақамли комуникацияга кенг кўламли ўтиш меъёрга айланаётган бир пайтда, айниқса муҳим саналади.

 

Фундаментал нуқтаи назардан, пандемия бизни қуйидаги саволларга жавоб излашга мажбур қилди:

  1. Талабаларни қачон, қаерда ва қандай ўқитамиз?
  2. Университетлар ва ОТМлар роли қандай?
  3. Узлуксиз таълимнинг аҳамияти ва муҳимлиги нимада?
  4. Анъанавий офлайн шаклда ёки шуҳрат қозониб бораётган онлайн-форматда таълим оладиган талабалар ўртасида фарқ нимада?

 

Пандемия, шунингдек, одамларни жамият «паст малакали» ишчи кучига қанчалик кучли боғланиб қолгани ҳақида фикр юритишга ундади. Тотал локдаун, комендант соати ва ўзини ўзи иҳоталаш даврида айнан улар бизнинг кундалик эҳтиёжларимиз ва ҳожатларимизни қондириш учун уззу-кун ишлаб, «фронт»нинг олд чизиғида турдилар.

Шубҳасиз, вақт ўтгач, оғир, малака талаб этмайдиган ишларнинг салмоқли қисми автоматизацияланади. Янги иш ўринлари юқорироқ малака талаб қилади. Айнан шу сабабли, ушбу жадал ўзгараётган дунёда ўқишга, кўникмаларни кенгайтириш ва малака оширишга қобиллик ҳаётий зарурат ва иқтисодий императив саналади.

COVID-19 биздаги таълим учун яшин ургандек таъсир кўрсатди ва тизим асосига путур етказди. Ўз вақтида биринчи саноат инқилоби замонавий таълим тизими шаклланиши учун дастлабки шарт-шароитларни яратганди. Ҳозир ҳам шундай, пандемия таълимнинг янги модели юзага келишига туртки ва триггер бўлиши мумкин.

Пандемия фонида янги фаолиятга мослашиш учун ҳукуматлар ва таълим муассасалари қандай аниқ чоралар қўллаши мумкин? Жаҳон банки ОТМлар ва ҳукуматлар учун тавсиялар ва таклифлар тайёрлаган бўлиб, уларга риоя этиш олий таълим тизимига ушбу инқироздан янада мустаҳкамроқ ва кучлироқ бўлиб чиқиш имконини беради.

 

 Таълим муассасалари учун

  1. Молиялаш манбаларини диверсификациялаш. Хусусий тармоқ, фондлар, кўп томонлама ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик муносабатларини кучайтириш зарур. Маҳаллий ва хорижий талабалар томонидан таклиф этилиши мумкин бўлган онлайн-таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш ва кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун интернатура виртуал дастурларидан, қисқа курслар, рақамли сертификатлар, микро-дипломлар, ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар алмашинуви виртуал дастурларидан фойдаланиш керак.
  2. Инфратузилма ривожланиши ва диверсификациясини таъминлаш. Рақамли инфратузилмани трансформациялаб, уни рақамли педагогика, профессор-ўқитувчилар таркибини ўқитиш ва таълим фанлари учун мослашувчан ва жонли қилиш зарур. Рақамли инфратузилмаси ривожланмаган минтақаларда яшовчи талабаларни онлайн-ўқитишнинг камроқ технологик дастурлари мажмуини ишлаб чиқиш лозим.
  3. Ҳамкорликларни кучайтириш ва кенгайтириш. Инновацион технологиялар, инфратузилма ва рақамли саводхонликни ўргатишдан фойдалана олиш муаммосини ҳал қилиш учун давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга инвестицияларни ошириш зарур. Кўплаб ташкилотлар, жумладан Жаҳон банки ва ЮНЕСКО ҳам мамлакатлар фойдаланиши мумкин бўлган ресурсларга эга. Очиқ университетлар билан шериклик алоқаларини кучайтириш юксак таълим сифатини таъминловчи сиёсат ва амалиётни ўтказиш учун асос бўла олади.
  4. Университетлар давлат барқарорлигини оширишнинг асосий омили бўлиши керак. Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари кўплаб муаммоларга дуч келдилар – бу пандемияга қарши курашиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун молия манбалари ва ресурсларни излашдан тортиб то атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологияни соғломлаштиришгача соҳаларни қамраб олади. ОТМлар ушбу минтақа жамиятларининг барча қатламларига дахлдор бўлган замонавий чақириқларга жавоблар излашда давлатнинг асосий шериклари бўлишлари мумкин.
  5. Таълим тизимининг мослашувчанлигини таъминлаш. Шаклланган таълим услубларига кўпроқ мослашувчан ёндашувларни татбиқ этиш мақсадга мувофиқ. Мамлакатда талабгир бўлган касблар бўйича мутахассисларни тайёрлаш учун ихтисослаштирилган курслар дастурларини ишлаб чиқиш керак.

 

Ҳукуматлар учун:

  1. Таълимнинг мослашувчан тизими сифатини тартибга солиш чораларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, бунда шаффофлик ва масъулиятга алоҳида эътибор бериш.
  2. Технологиялар ахлоқи ва хавфсизлиги соҳасидаги сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Бу борадаги сиёсат шахсий маълумотлардан фойдаланиш масалаларини, махфийлик чегаралари ва фуқароларнинг технологиялардан ҳатто инқироз даврида ҳам ахлоқий фойдаланиш нуқтаи назаридан ҳуқуқларини тартибга солиши керак.
  3. Маълумотлар ва сифат бошқаруви соҳасида чоралар кўриш. Маълумотлар ҳажми қанчалик катта бўлса, уларни бошқариш жараёнлари шунчалик самарали бўлиши лозим. Тегишли чораларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш учун замонавий онлайн-таълим тажрибасидан фойдаланиш керак бўлади.
  4. Рақамли тенгсизлик муаммосини ҳал қилиш. Кўпинча қашшоқ оилаларга мансуб, чекка қишлоқ жойларида яшовчи талабалар технологик инновациялардан фойдалана олмайдилар. Талабаларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини тенглаштириш керак бўлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *