Тошкентдаги Инҳа университети 2014 йилда таъсис этилган. ОТМ Корея Республикаси Инҳа университети билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Қайд этиш ўринлики, ушбу Корея университетининг танланиши унда талабалар тайёрлаш даражасининг юқорилиги, шунингдек мамлакатдаги рейтинги баландлиги билан изоҳланади.
Чунончи, Жанубий Корея Инҳа университети Жанубий Кореядаги энг нуфузли ОТМлар ўнталигига киради, унинг техник факультетлари эса, «Энг яхши университетлар» рейтингида тўртинчи ўринда туради. Университетнинг шиори унинг мафкурасининг учта асосий йўналишини жамлайди: «Креативлик, меҳнатсеварлик, жамиятга хизмат қилиш».
Тошкентдаги Инҳа университетининг миссияси – ахборот-коммуникацион технологиялар ва логистика соҳасида энг яхши мутахассисларни, ёрқин ва муваффақиятли шахсларни, ҳам маҳаллий, ҳам халқаро меҳнат бозорида талабгир ходимларни тайёрлаш.
Университет шиори: «Муваффақиятлилар шу ерда!»
Бугунги кунда Тошкентдаги Инҳа университетида 1 500 дан зиёд талабалар уч йўналишда таълим оладилар:
Компьютер ва дастурий инжиниринг факультети – School of Computer and Information Engineering (SOCIE), таълим даври – 4 йил. Бу факультет талабалари биринчи курсни якунлагандан кейин таълимнинг торроқ йўналиши – компьютер инжиниринги ёки дастурий инжинирингни танлайдилар.
Логистика факультети – School of Business and Logistics (SBL), таълим даври – 4 йил. Курс талабаларга меҳнат бозорига дарҳол киришиш учун логистика, менежмент, ахборот ва тадбиркорлик соҳасидаги зарурий кадемик назариялар ва амалий услублар тўғрисидаги чуқурлаштирилган билимлар беради.
Ўқув дастури талабаларга келгусида Марказий Осиё ва ундан ташқаридаги ишлаб чиқариш, транспорт ва коммуникация тармоқлари, омбор ва қадоқлаш корхоналарини бошқара олувчи профессионаллар бўлиш имконини берувчи сифатли таълимни тақдим этади.
ТАЛАБАЛАР УЧУН МЕЗОНЛАР
Университетга лицей, коллеж ёки умумтаълим мактабини якунлаган ва тегишли аттестат/дипломга эга абитуриентлар қабул қилинади. Абитуриентлар учун мажбурий шарт инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи IELTS (камида 5,0 балл) ёки TOEFL iBT (камида 50 балл) сертификатининг мавжудлиги саналади.
УЧТА УРИНИШ
2019 йилдан университетга кириш имтиҳонлари уч марта ўтказилади, бу IUT талабаси бўлиш эҳтимолини сезиларли оширади. Чунончи, ҳар бир абитуриент кириш учун учта имкониятга эга бўлади: биринчи мартада ўхшамадими, яна икки марта уриниб кўриш мумкин.
Университетда тайёрлов курслари (Узлуксиз ўқитиш маркази – УЎМ) мавжуд, унинг тингловчилари кириш учун қўшимча имкониятга эга бўладилар. Барча абитуриентларга бериладиган учта уринишдан ташқари, тайёрлов курслари тингловчиларига университетга кириш имтиҳонларидан ўтишнинг яна битта (тўртинчи) имкони берилади. Қайд этиш ўринлики, бу уриниш фақат ОТМда контракт асосида ўқишни назарда тутади.
ТОШКЕНТДАГИ ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИДА ТАЪЛИМ
Талабаларни ўқитиш фақат инглиз тилида олиб борилади. Ўқув жараёни Корея Республикаси Инҳа Университети таълим стандартлари бўйича ташкил қилинган.
Университет ўқитувчиларининг 30 фоизидан кўпроғи Австралия, АҚШ, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Болгария, Италия, Россия ва Буюк Британиядан келган, «фан доктори» (Ph.D) илмий даражасига эга хорижий профессорлардир. Таълим халқаро кредит тизимига асосланган, у талабага муайян чегара доирасида, кредитлар (ўқув иши ҳажмини ўлчаш бирлиги) тўплаш воситасида, таълим жараёнини индивидуал режалаштириш имконини беради. Кредит тизимининг аҳамияти академик дастурлар меҳнат бозори талабларини инобатга олган ҳолда тузилишидан иборат.
Ўқув режаси предметларининг 50 фоизи танлов асосида бўлиб, ўқув жараёни ахборот тизимига жорий қилинади. Кредит тизимида машғулотлар интерактив шаклда ўтказилади. Ҳафта давомида талаба мустақил иш бажаради, кейин ўқитувчи иш натижалари ва талабаларнинг ҳафталик рейтинги билан танишади.
ЛАБОРАТОРИЯЛАР
Университет ўзининг замонавий, лаборатория ишларини бажариш учун мобил модулларга, талабалар ишини назорат қилиш ва баҳолаш учун дастурий таъминотларга эга ўқув-лаборатория мажмуалари билан фахрланади. Масалан, ОТМда Oracle Academy, Aspex BI School, Cisco Academy, Akfaclass, СҚБ, Artel R&D лабораторияси ва бошқалар очилган.
УНИВЕРСИТЕТ ҲАЁТИ
Тошкентдаги Инҳа университети АТга оид йирик тадбирларни мунтазам ташкил қилади ва уларда қатнашади. Фақат кейинги бир-икки йил ичида университетда One Million Uzbek Coders, Google GDGDev Fest, Open Data Tashkent, ITWomen финал босқичи каби кенг кўламли тадбирлар ўтди. ОТМ IT-соҳадаги кўплаб глобал корпорациялар (Microsoft, SAP, Oracle, Cisco ва бошқалар), шунингдек университет талабалари учун потенциал иш берувчилар бўлган вазирликлар ва идоралар билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Қайд этиш ўринлики, иккинчи курсдан бошлаб талабалар қисман ишга жойланади ва шахсий харажатлар учун, шунингдек таълим ҳақини тўлаш учун пул ишлаб топадилар.
КОРЕЯДА СТАЖИРОВКА
Тошкентдаги Инҳа университети ўн нафар фаол ва қобилиятли талабага беғараз асосда Корея Республикасидаги Инҳа Университети ёзги мактабига ташриф буюриш имконини беради. Ҳар йили танлов асосида энг яхши ишланмалар танлаб олинади – улар ўзига хос ва амалий маҳсулотлар ёки Тошкентдаги Инҳа университети фойдаси ҳамда ривожланишига қаратилган лойиҳалар бўлиши мумкин. Энг яхши лойиҳалар муаллифлари ёзги мактабга йўлланмани қўлга киритадилар, у ерда талабаларни «Корейс тили», «Шарқий Осиё сиёсати ва халқаро муносабатлари», «Корея ва унинг маданияти», «Кореяда иқтисодиёт ва бизнес», «Келажакнинг янги технологиялари» курслари бўйича стажировка кутади.
МАГИСТРАТУРА – MBA in digital transformation
Тошкентдаги Инҳа университети қарийб етти йилдан бери ишламоқда ва фақат бу йил магистратура очилди. Бу ҳам Ўзбекистонда, ҳам ундан ташқаридаги замонавий меҳнат бозорида алоҳида талабгир бўлган ўқитиш шакли ва дастурларини излаш билан боғлиқ. MBA in digital transformation – бу аксарият ёшлар ёки замонавий рақамли технологиялар оламида карьера қилишни режалаштирган мутахассислар учун айниқса зарур форматдир.
Магистратура дастури жуда сермазмун ва амалий маъмурчиликнинг фундаментал соҳаларига қўшимча ўлароқ, сунъий интеллект, катта маълумотлар ва булутли ҳисоблашни қамраб олади. Digital-билимлар ва мумтоз Business administration уйғунлиги ушбу магистратура дастурига замонавий воқелик учун ўта долзарблик бағишлайди.
Таълим ва биргаликдаги амалиётнинг ноёб тажрибаси Тошкентда икки семестр ва Кореяда икки семестр давомида тақдим этилади. Барча курслар инглиз тилида ўтказилади. Дастур муваффақиятли якунланганидан кейин Корея Inha университети дипломи берилади.