Фарқ нимада?
Инвестициялаш билан ҳар бир инсон у ёки бу даражада таниш: пул тик, эртага кўпайтириб оласан ёки бой берасан. Албатта, бу тавсиф нияҳоятда муболағали, шу сабабли келинг, тафсилотларни кўриб чиқамиз.
Инестициялаш – бу ўз пулингиз ёки қарз маблағларига активлар сотиб олишдир. Актив турлича бўлиши мумкин: қимматли қоғозлар (акциялар, облигациялар), қимматбаҳо тошлар (олтин, кумуш), криптовалюта, кўчмас мулк, тайёр бизнес ва шу кабилар. “Актив” деганда пулнинг ишлаши ва яна пул келтириши тушунилади – машҳур маталда “пул пулни туғади”,- дейилади-ку!
Қимматли қоғозлар, металлар ва криптовалютанинг нархи ошиши, кўчмас мулк рента келтириши, бизнес эса, айниқса инновацион бўлса, омадли чиқиб, яхшигина фойда бериши мумкин. Аммо, пулдан ташқари сизга керак бўладиган асосий ресурс – бу вақтдир. Актив бир суткадаёқ (криптовалюта курсининг кескин кўтарилиши), шунингдек ўнлаб йилларда (кеч фойда келтирувчи бизнес) ўзини кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, инвестициялаш шунчаки пулни отасиз-у, бир неча йилдан кейин уларни эсга олишингизни назарда тутмайди. Аксинча, бу фаолият диққатни, холисликни ва доимий назоратни талаб қилади.
Трейдингчи? Бу олди-сотди фаолияти бўлиб, у сизни фақат активлар ўсишига боғлаб қўймайди: трейдерлар нарх тушишида ҳам, кўтарилишида ҳам фойда кўрадилар. “Нега?” деган саволнинг жавоби оддий: исталган пайт кимдандир активни қарзга олиб, қимматроқ сотишингиз, сўнгра эса, арзонроққа сотиб олишингиз мумкин. Аксинчаси – қимматроққа сотиш учун актив сотиб олиш жараёни эса, ҳаммага тушунарли.
Демак, трейдерлар ҳам бозорларга тақсимланган активларни харид қиладилар ва сотадилар: фонд бозори (акциялар, облигациялар, фьючерслар ва ҳоказо), Forex – бошқа бозорларнинг бир нечта воситаларини уйғунлаштирган валюта бозори, хом ашё бозори (олтин, кумуш ва шу кабилар), шунингдек криптовалюта бозори мавжуд. Трейдернинг асосий вазифаси – арзонроқ харид қилиш ва қимматроққа сотиш ёки қимматроққа сотиб, арзонроққа олиш.
Активларни харид қилиш учун ўз маблағларини ишлатувчи инвесторлардан фарқли ўлароқ, трейдерлар савдоларни очиш учун брокерларнинг қарз маблағларидан фаол фойдаланадилар, бу механика кредит елкаси деб аталади. Бундай елка фойда ва зарарларни купайтиради, бунда қарз маблағларининг ўзларини йўқотиш асло мумкин эмас, савдо фақат трейдернинг “жонли” пуллари билан кифояланади.
Трейдернинг ишчи сессияси узлуксиз 10-12 соат ва ундан кўп давом этиши мумкин, бу вақтнинг ҳаммаси графиклар ва иқтисодий воқеалар таҳилилига ажратилади. Бундан ташқари, ҳар қандай яхши трейдер ўз савдо тизимига эга бўлиб, унда барча хатарлар, капитални бошқариш усули, савдолар вақти, мақсади, даромад ва шу кабилар батафсил ёзиб қўйилган. Шартта савдо очиб иш бошлаб юборишнинг иложи йўқ.
Хулоса: инвестордан портфелни шакллантириш учун кўп вақт талаб қилинади, кейин эса – ўз капиталининг ҳолати устидан назорат учун унчалик кўп вақт керак бўлмайди. Трейдер эса, ҳар куни ишлайди ва инвестор сотиб оладиган нарсани олиб-сотишдан фойда кўради.
Иш бошлаш учун қанча пул керак
Интернетда инвестициялашни гўё $100дан ҳам бошлаш мумкин, деган мақолалар кўп учрайди. Унутмаслик керакки, молиявий бозорлардаги даромад – бу фоизлар. $100 ва $100 000 дан бир-икки фоиз – бу бутунлай бошқа-бошқа натижадир.
Хуллас, молиявий бозорларда фаолият бошлаш учун қанча пулга эга бўлишни тавсия қиламиз.
Инвестициялаш:
— Криптовалюта – $100 дан бошлаб;
— Қимматбаҳо тошлар – $5,000-7,000 дан бошлаб;
— Қимматли қоғозлар – $10,000-30,000 дан бошлаб;
— Кўчмас мулк – $30,000-50,000 дан бошлаб;
— Бизнес – $50,000-$100,000 дан бошлаб.
Трейдинг:
— Криптовалюта – $100-300 дан бошлаб;
— Forex – $500 дан бошлаб;
— Металлар – $3,000 дан бошлаб;
— Фонд биржаси – $10,000 дан бошлаб.
Даромаддаги фарқ
Албатта, бу – сизни қизиқтираётган асосий саволлардан бири. Бу борада олдин инвестициялаш трейдингга қараганда кўпроқ вақт ва куч талаб қилишини айтиб ўтиш ўринли. Холис баҳолаш учун буни албатта ҳисобга олинг.
Инвестиялаш:
— Бошқарув учун ҳафтада икки соатча вақт талаб қилади;
— Фойда портфелнинг ўзига ва бозордаги вазиятга боғлиқ бўлади;
— Йиллик 12-20% меъёрдаги даромад даражаси саналади.
Трейдинг:
— Суткасига 4 соатдан 12 соатгача ўтириб ишлашни талаб қилади;
— Даромад билим ва тажрибага, савдолар сонига боғлиқ бўлади;
— Ойлик 10% меъёрдаги даромад даражаси саналади.
Хатарларни баҳолаш
Ҳа, хатарлар ҳар жойда бор, чунки бу – бозор. Капиталингизни инвестицияга тикар экансиз, ҳар бир актив бўйича хатарлар даражасини баҳолайсиз ва турли комбинацияга эга бўласиз. Диверсификация яхши фойда бериши мумкин бўлган хатарларли активларга ҳам, шунингдек, ишончли, лекин камроқ аммо барқарор фойда келтирадиган активларга ҳам пул тикиш имконини беради.
Агар мисол учун АҚШдаги 500 та энг қиммат компаниянинг акцияларини олсак, уларни харид қиларкансиз, сизнинг активларингиз ҳеч қачон нолга тенг бўлмайди. Акцияларнинг ялпи қиймати ҳозир $4123 га тенг, 2016 йил бошларида у атиги $1850 га тенг бўлганди. Яъни, 5 йилдан зиёдроқ вақтда актив 123% га ўсиш берди ва бунда иккита йирик “ўтириш”ни бошидан кечирди – биринчи марта 2018 йил охирларида 20% га ва 2020 йил мартида 35% га тушди.
Олтинни оладиган бўлсак, у охирги ярим йил ичида фақат тушди ва нархида 17% ни йўқотди, аммо ҳозир яна ўса бошлади. Дарвоқе, у 2016 йил бошига нисбатан 71% га ўсган.
Трейдингга келсак, бу ерда сиз бутун капиталингизни таваккалга қўясиз ва қанча кўп кредит елкасидан фойдалансангиз, шунчалик кўпроқ хатарга учрайсиз. Ҳатто биргина савдо ҳам сизни биттада барча пулингиздан маҳрум қилиши мумкин. Бунинг сабаби сизнинг пулларингиз доимо савдо бўйича эҳтимолий зарарларни қоплашга етиши кераклигидир.
Масалан, 10 000 сўмга $1 сотиб олдингиз-у, сизда фақат 15 000 сўм бор бўлган. Сиз бу долларни келгусида 12 000 га сотмоқчисиз, лекин курс тушиб кетди. У 9 000 сўмга етганда сизнинг зарарингиз 10 000 сўм (доллар хариди) + 1 000 сўм (“ўтириш”)ни ташкил қилади. Агар курс 3 000 сўмгача борса, зарарингиз 10 000 сўм (доллар хариди) + 7 000 сўм (“ўтириш”)га етади ва ҳисобингиз -2 000 сўмлик зарарга учрайди.
Бироқ, балансдаги нол кўрсаткичга етиб боришингиз билан, брокерингиз дарҳол сизнинг савдоларингизни катта минус билан ёпади. Бунинг олдини олиш учун сиз, “ўтириш”ларни қоплаш учун, ҳисобни тўлдиришингиз керак бўлади. Умуман олганда, трейдерлар олдида дилемма туради: зарарли савдони ҳозироқ ёпган яхшими ё таваккал қилиб, вазият ўзгаришини кутган маъқулми.
Яхши трейдер доимо ўз савдо тизимига эргашади ва ҳеч қачон юқорида келтирилган вазиятга тушмайди, чунки ўз капиталининг катта қисмини хатарга қўймайди, зарарларни эса, ҳиссиётга берилмай қабул қилади – улар ҳар доим кузатилади ва бунда фақат уларнинг сонини қисқартириш муҳим, холос.
Хулосалар
Банк омонати тўғри келмайдиган ва каттароқ даромад талаб қиладиганлар учун инвестициялаш маъқул келади. Бунда, оқилона бошқарув учун тўлов сифатида фойданинг бир қисмини ажратиш эвазига, ўз капиталингизни экспертлар ёки ташкилотларга ишониб топширган маъқул.
Трейдинг эса тўлақонли касб саналади, у ҳам яхши маълумотни, ҳам устоз кўришни, ҳам тажрибани, ҳам интизомни ва яхшигина капитални талаб қилади. Аммо буларнинг барчаси инвестициялашда назарда тутиладиган шунчаки “харид қил ва ушлаб тур”га қараганда ўнлаб баробар кўпроқ мукофот келтиради.
Феруз Алиев, халқаро инвестициялар бўйича маслаҳатчи, Швейцария Савдо-саноат палатаси аъзоси, “Uranus Invest” компанияси асосчиси