Тўрабек Долимов. (1936-2011)
Тўрабек Долимов 1936 йилнинг 18 августида дунёга келди. Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги 46-мактабда таҳсил олган. Унинг олим бўлиб шаклланишида мазкур мактаб ўқитувчиларининг таъсири жуда катта бўлган. У мактаб ўқитувчилари — математик М.С.Гальперинни, тилшунос ва адабиётшунослар В.А.Масленников ва А.Ф.Карпенкони, географ Ю.З.Нисенбоймни ҳар доим чуқур миннатдорлик билан тилга олар эди.
Тўрабек Долимов рус мактабида ўқиганлигига қарамасдан ўзбек мумтоз шеъриятига, адабиётига, қўшиқ ва мусиқа санъатига муҳаббат қўйди, бўш вақтини жадид мутафаккирлари томонидан ташкил этилган, мактабига жуда яқин бўлган “Турон” кутубхонасида ва амакиси Субутой Долимовнинг шахсий кутубхонасида ўтказар эди.
Тўрабек мактабни 1955 йили кумуш медаль билан битиргач, Тошкент давлат университетининг геология факультетига ўқишга кириб, петрография кафедрасида ихтисослик ола бошлайди. Бу даврда университет В.Романовский, В.Джорджио, М.Массон, В.Попов, Н.Корженевский, Т.Зоҳидов, О.Содиқов, Ҳ.Усмонов, А.Ғулом, Ғ.Каримов каби қатор олимларнинг илмий мактаблари билан машҳур эди.
Тўрабек Долимовнинг меҳнат фаолияти ҳам 3-курсдан бошланган — бу вақтда у Ҳисор петрология-металлогеник партиясининг катта коллектори сифатида ишга қабул қилиниб, профессор И.Исамуҳамедов, доцент М.Султонова, Т.Карасеваларнинг бевосита раҳбарлиги остида ишлаган. У талабалик йилларидаёқ микроскоп билан ишлашни, Федоров усулини ва энг осон, аммо ишончли микрокимёвий операцияларни ўзлаштириб олган эди. Бевосита геологик партияда, дала ва тоғ шароитларида узоқ ва тизимли ишлаш, мутахассислар билан мулоқотда бўлиш Тўрабек Долимовда петрологияга бўлган бир умрлик қизиқишни шакллантира олди. Унинг биринчи илмий иши ўша даврда (1958 йилда) Мачитли тоғ тизмасининг гранитларига бағишланган бўлиб, Ленинград давлат университети илмий ишлари тўпламида босилиб чиққан эди.
1960 йилда университетни битирган Тўрабек йўлланма билан Чотқол геология-қидирув экспедициясига ишга юборилади ва тажрибали геологлар А.Агафонов, М.Лебедь, И.Богомольнийлар раҳбарлиги остида ишлай бошлайди. Геологик хариталаштириш ишларидаги, йиғилган материални қайта ишлаш жараёнларидаги иштироки Тўрабекда геологик материал билан ишлаш маданиятини, уни тавсифлаш, тақдим этиш ва сақлаш кўникмаларини шакллантирди. Айнан мана шу даврда Тўрабекнинг вулканоген жинсларга, келиб чиқиши ўша даврда бутун дунёда баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган “туфолав ва ингимбрит”ларга бўлган қизиқиши шакллана бошлайди. Шу ўринда айтиш лозимки, ўтган асрнинг 50-йиллари охири ва 60-йилларининг бошлари Чотқол-Қурама тоғлари регионида геологик тасвирга олиш ишларининг фаоллашуви даври бўлган.
Москва (РФА ИГЕМ), Ленинград (ВСЕГЕИ), ЎзР ФА геологик ташкилотлари, Тошкентнинг олий ўқув юртлари бу борада турли фундаментал тадқиқотлар олиб борганлар. Аммо энг асосий вазифа йирик масштабдаги геологик тасвирга тушириш масаласи бўлиб, шу ишлар асосида ўша даврда шаклланган ажойиб геолог-тасвирга олувчилар жамоаси (Г.Абдураҳмонов, В.Арапов, Ю.Шихин, А.Макаров, Б.Хайруллин, Ю.Ахмедуллин, Р.Раҳимов ва бошқалар) геология хизматини бир неча авлод кондицион геологик карталар билан таъминлаб беришди. Кейинчалик эса металлогеник ва прогноз карталарининг бутун бошли серияси ҳам ишлаб чиқилди. Мана шу жараёнга қизиқиш ва кўтаринкилик руҳи Т.Долимовни ҳам Ўзбекистон ФАнинг Геология ва геофизика институти аспирантурасига бошлаб келди.
1965 йилда Тўрабек Долимов муддатидан олдин “Пермо-триасовый вулкано-плутонический комплекс правобережья реки Ангрен и некоторые вопросы фациальности магматизма” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади.
Тўрабек Долимов 23 йил ЎзР ФА Ҳабиб Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институтида ишлади. Бу ерда у илмий фаолиятнинг турли қирраларини тушуниб етди, касбий маҳорати ўсди ва секин-аста йиғилган материални умумлаштириш билан ҳам шуғуллана бошлади. Бошқача сўз билан айтганда, у ҳақиқий илмий мактабни ўтаган эди. Ўрта Осиё магматизми бўйича қилинган ишларнинг умумлаштирилишини фикримизнинг исботи сифатида келтириш мумкин.
1968-1969 йиллардан бошлаб Тянь-Шань ва Помир магматизмининг умумий муаммоларини ўрганиш зарурати пайдо бўлди. Т.Долимов В.И.Айзенштат билан биргаликда гранитоидларнинг вужудга келиши муаммолари билан ҳам шуғуллана бошлади. Ўзбекистонга тегишли барча материалларни тўплаб, уларни ўзларининг маълумотлари билан тўлдириб, гранитоидлар вужудга келиши харитасини ва тегишли монографияни яратдилар ва у ҳозиргача ҳам ўзининг муҳим аҳамиятини йўқотмаган.
1966 йилдан эътиборан Геология ва геофизика институти жаҳонда биринчилардан бўлиб машҳур “Помир-Ҳимолой геодинамик лойиҳаси” устида иш бошлади. Янги глобал тектониканинг вужудга келиши, шакллана бошлаши ҳам айнан мана шу йилларга тўғри келади. Бу борада қатор мураккаб муаммолар вужудга келди, анъанавий континентал геологиянинг базавий тушунчаларини қайтадан кўриб чиқиш бошланди (ультрамафитлар муаммоси, субдукция, тоғларнинг вужудга келиши ва бошқалар). Ҳозир бу нарсалар ҳаммага оддий ва осон кўринади, аммо ушбу гипотезанинг, кейинчалик эса назариянинг туғилиши, унинг геология амалиётига татбиқ этилиши жуда оғриқли, қийин кечган жараён бўлиб, тадқиқотчиларни (шу жумладан, Геология ва геофизика институти тадқиқотчиларини ҳам) кучлар тенг бўлмаган иккита гуруҳга ажратди; шу гипотезани тан олган ва унинг истиқболини кўра олганлар (бундайлар, афсуски, камчилик эди) ва уни тан олмаган, уни қизиқсиниш, ҳавас деб билганлар (бундайлар, табиий, кўпчилик эди). Тўрабек Долимов дастлабки, “камчилик” гуруҳида бўлиб, шу жараён сабабли у “кўпчилик”ка қарши юриш қандай бўлишини ўз бошидан ўтказди. Ўз қарашларини исботлаш йўлида Р.Н.Абдуллаев билан ҳамкорликда ушбу гипотеза принципларини Жанубий Тянь-Шаньга қўллаб кўрдилар. Биринчи, ҳайиқишлар билан амалга оширилган уриниш регионнинг қаттиқ танқид остига олинган 1 : 500000 масштабда яратилган картасида ўз аксини топди. Лекин, шундай бўлишига қарамасдан, у ишлаб чиқарувчилар тарафидан (ЦНИГРИ, Москва) амалиётда қўллаш учун қабул қилинди. Кейинчалик бу борада ишлар давом эттирилди ва бу ишлар Р.Н.Абдуллаев, Э.Р.Бозорбоев, П.А.Мухинлар билан биргаликда Тянь-Шаннинг биринчи геодинамик модели яратилиши билан якунланди.
Айтиш керакки, янги глобал тектоникага бўлган муносабат, регионлар, айниқса, Марказий ва Жанубий Тянь-Шань ривожланиши тарихини қайта кўриб чиқишга бўлган уринишлар изсиз кетиши мумкин эмас эди ва улар охир-оқибатда аниқ маъмурий қарор сифатида шаклланди: бу пайтга келиб докторлик диссертациясини ёқлаган Т.Н.Долимовга университетга ўтиб ишлаш таклиф этилди. Бу қарорни кутилмаган воқеа деб бўлмас эди, шу боис ҳам у 1983 йилнинг май ойидан бошлаб ўзи 1960 йилда тугатган Тошкент давлат университетининг “Петрография ва фойдали қазилмалар” кафедрасини бошқара бошлади. Ўқув жараёни, талабалар билан ишлаш, маърузалар ўқиш — бу ишларнинг барчаси фақат ташқаридан қарагандагина оддий кўринади. Тўрабек ҳам фақат шу ерда — университетда бир нарсага амин бўлдики: олий мактаб ўқитувчиси — бу алоҳида фигура. У бир вақтнинг ўзида профессионал, педагог ва психолог бўлиши керак. Мана шуларнинг ҳаммасини у бу ерда ўзининг ҳамкасблари В.Троицкий, П.Купченко, С.Морозов, И.Икромов, О.Қўшмуродов ва бошқалардан ўрганди. Маърузалар, амалий машғулотлар, кафедранинг тугамас қоғоз ишлари билан анча банд қилиб қўйишига қарамасдан, асосий илмий фаолият ҳам анча интенсив кета бошлади, хўжалик шартномалари, грантлар пайдо бўлди, тадқиқотлар натижалари эса талабларга мос эди. Шу тариқа “Геодинамика Тянь-Шаня” (1993), “Рабочая легенда по геокарте — 50” ва бошқа қатор илмий ишлар яратилди. Шунингдек, қатор ўқув қўлланмалари ҳам ёзилди: “История магматизма Тянь-Шаня”, 1988; “Толковый русско-узбекский геологический словарь” (1993); “Петрография” ( ўзбек тилидаги дарслик) ва бошқалар.
Тўрабек Долимовнинг 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1995 йилда эса ҳақиқий аъзоси этиб сайланиши унинг Ватан геологияси олдидаги хизматлари эътирофининг мантиқий давоми эди, албатта. Бу эътироф уни янада маҳсулдорроқ ишлашга, фаннинг янги уфқларини эгаллашга руҳлантирди.
Шундай қилиб, 80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошларида 100 йил давомида хизмат қилиб берган геосинклинал назария абадиятга юз тутди. Шунинг учун бутун Тянь-Шаннинг геологик тузилишини, геологик ривожланиши тарихини, магматизмини қайтадан кўриб чиқиш зарурати юзага келган эди. Геология вазирлиги (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси), Фан ва техника Давлат қўмитаси (ҳозирги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси), ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ), Минерал ресурслар институти (ҳозирги “Минерал ресурслар илмий-текшириш институти” ДК), Геология ва геофизика институтининг қўллаб-қувватлаши ёрдамида Т.Н.Долимов ва унинг шогирдлари мана шу қийин, аммо ўта муҳим вазифани амалга оширдилар. Натижада, 1998 йилда “Геология и полезные ископаемые Республики Узбекистан” номли монографик маълумотнома яратилди. Ушбу асарда кўп нарсалар мунозарали бўлиб, баъзан тадқиқотчиларнинг зиддиятли нуқтаи назарларини умумлаштириш анча қийин кечган бўлса-да, аммо асосий нарса — йирик ҳудуд бўлган Жанубий Тянь-Шань ҳудуди ривожланиши тарихини янги нуқтаи назардан таҳлил қилиш иши, шубҳасиз, муваффақиятли чиқди.
“Ўзбекистон геологияси” устида олиб борилган ишлар, бор материалларни таҳлил қилиш жараёнлари, профессор В.И.Троицкий билан ягона нуқтаи назардаги изланишлар Тўрабек Долимовда нафақат алоҳида ҳудудлар ривожланиши тарихини, балки Ер сайёрасининг ривожланиши тарихини ҳам шиддат билан, жадаллик билан ўсиб бораётган геологик, геофизик ва геокимёвий материалларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш лозимлиги ҳақидаги фикрларни уйғотди. Даставвал ушбу вазифа шунчалик қийин бўлиб кўрингани боис бўлажак муаллифлар бу нарса қўлимиздан келармикан деб ўйланиб қолишган эди. Аммо, кўпдан-кўп муҳокамалар, ҳамкорликдаги ишлар, нашрлар пировардида янги йўналиш — эволюцион геология йўналишининг асосий ғоялари шаклланишига сабаб бўлди. Натижада, 2005 йилда Т.Н.Долимов ва В.И.Троицкийнинг “Эволюционная геология” (“Эволюцион геология”) номли китоби яратилди ва бу фундаментал асар асосида улар геология факультети магистрантларига маърузалар ўқий бошладилар. Бу асар учун муаллифлар Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотига сазовор бўлган эдилар. Кейинчалик ушбу 584 бетдан иборат асарни Т. Долимовнинг ўзи ўзбек тилига таржима қилиб, нашр эттирди (“Эволюцион геология”. Тошкент, “Ўқитувчи”, 2006).
Т.Н.Долимов Буюк Британия, Германия, Чехия, Украина, Россия, Дания, Франция ва бошқа давлатларда бўлиб ўтган геологик анжуманларда иштирок этди, Тошкентда ўтказилган ўнлаб геологик-петрологик анжуман ва симпозиумларда раислик ва ҳамраислик қилди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўндан ортиқ докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Ҳозирги кунда унинг шогирдлари Х.Д.Эшбоев, И.Н.Ғаниев, А.И.Усмонов, Ф.К.Диваевлар Ғарбий Тяншанда петрологик тадқиқотлар олиб боришмоқда. Академиклар Ҳ.М.Абдуллаев, И.Ҳ.Ҳамробоевлар томонидан бошланган магматизм ва геодинамика — петрология мактабининг янги йўналиши, шу тариқа, бевосита академик Т.Н Долимов ва унинг шогирдлари фаолиятида ўз тараққиётини давом эттирмоқда.
Т.Н.Долимов Ўзбекистон Миллий университети муаммолари устида кўп ва самарали меҳнат қилди. Янги кафедралар, мутахассисликлар, факультетларнинг очилиши, халқаро алоқаларнинг мустаҳкамланиши, ўқув жараёнларининг ислоҳ қилиниши ва бошқа кўп ишларнинг барчасига бевосита унинг ўзи етакчилик қилди. Москва, Санкт-Петербург, Буюк Британия (Эксетер, Сандерланд), Франция (Сорбонна, Ренн), Германия (Геттинген, А.Хумбольдт), Дания, Греция ва АҚШ университетларининг ўқув жараёни билан яқиндан танишув шуни кўрсатдики, Ўзбекистон Миллий университетининг асосий стратегик йўналиши, яъни ўқув жараёнларининг илм-фандаги энг янги ютуқлар асосида ва илмий тадқиқотлар билан биргаликда олиб борилиши тўғри ва истиқболли йўналишдир.
Т.Н.Долимов ўн йилга яқин давом этган ректорлик фаолияти давомида, ҳали университет Миллий мақомга эга бўлмасданоқ, унинг мустақиллигига эришиш учун ҳаракат қилди. ТошДУнинг мавқеини ҳам унда ишлаб турган ўнлаб буюк олимларининг илмий салоҳияти ва мавқеи каби юқори кўтариш учун, худди Ломоносов номидаги Москва Давлат университети сингари, ТошДУ харажатларини ҳам алоҳида давлат бюджетига киритиш лозим деб ҳисобларди у. Бу ташаббус барча мутасаддилар томонидан ҳам тўғри қабул қилинмагани – ҳақиқат.
Республиканинг етакчи илм даргоҳи раҳбари ўлароқ, Тўрабек Долимов барча илм-фан соҳалари ривожига эътибор берарди. Хусусан, унинг ўзбек тилшунослиги ва адабиётшунослигига меҳри ўзгача эди.
Ўзбек филологияси факультетининг илмий кенгашида қуйидаги фикрни алоҳида таъкидлаган эди: “Агар ўзбек адабиётшунослиги тараққиёти тарихига разм соладиган бўлсак, Эргаш Рустамов, Азиз Қаюмов, Суйима Ғаниева, Абдуқодир Ҳайитметов, Алибек Рустамов, Марат Ҳамроев сингари ўзбек мумтоз адабиётининг йирик тадқиқотчилари, айниқса, навоийшунос, бобуршунос олимларнинг айнан университетимиз Шарқ факультетидан етишиб чиққанлигини кузатишимиз мумкин. Шундай экан, малакали илмий-педагогик кадрлар тарбиялаб етиштиришда уларнинг илмидан, катта тадқиқотчилик тажрибасидан фойдаланишимиз, уларни таълим-тарбия ишларига жалб этишимиз керак”.
Тўрабек Долимов бир умр ўзбек мумтоз санъатига, шеъриятига, қўшиқларига буюк эҳтиром билан яшади, бу санъатнинг ижодкорларию ижрочилари билан яқинроқ бўлишга интилди. Ҳатто ўзи ҳам дутор чалиб, мумтоз куйлардан ижро этар ва бу ишни ҳам маромига етказарди.
Фузулий шеъриятининг оташин мухлиси Тўрабек Долимов шоирнинг фусункор ғазалларини ёддан ўқир, ундаги нозик ташбеҳларга маҳлиё бўлар, улуғ шоир закосига тасаннолар айтар эди. Ўн беш йил ўрта ва олий мактабнинг рус гуруҳида ўқиган Тўрабек Долимовнинг Шарқ мумтоз шеъриятини бундай юксак даражада ҳис қилиши эса кишини ҳайратга солади. Бу ҳайрат эса бошқа бир ҳақиқатни ёдга солади. Зеро, ўша Лутфий, Навоий, Бобур, Фузулийлар даври – европалик мутахассислар томонидан маънавиятимизнинг “олтин даври” деб эътироф этилган даврларда ҳар қандай олим ва зиёли учун шеърият ва мусиқа илмидан етарлича маълумотга эга бўлиш шарт ҳисобланган. Тўрабек Долимов ҳам, асл зиёли, ҳақиқий олим ўлароқ, мусиқа ва шеъриятдан яхшигина хабардор эди.
Ҳамкасблар, шогирдлар Тўрабек Нуъмоновичнинг яна бир хислатини алоҳида тилга оладилар – у киши фаолият доираси ниҳоятда кенг ташкилотчи-раҳбар инсон эди. Юқорида тилга олинган масъул вазифа ва лавозимлардан ташқари у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати (1995–2004), Ўзбекистон петрография комиссиясининг раиси (1988 йилдан), ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси вице-президенти (1997 йилдан), Докторлик ва номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича мутахассислик кенгашининг раиси (1997 йилдан), Республика олий ўқув юртлари ректорлари кенгаши раиси (1996 йилдан), Ўзбекистон–Россия жамиятининг раиси (2003 йилдан), «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» нашриёти Бош таҳрир ҳайъати аъзоси (1996 йилдан), “Геология ва минерал ресурслар” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси (1983 йилдан), ЎзФА Геология ва геофизика институти петрология ва металлогенлар бўлими бошлиғи (2004 йилдан), “ЎзМУ хабарлари” журналининг ташкилотчиси ва бош муҳаррири (1997 — 2004) ва бошқа нуфузли лавозимларда иш юритди.
Тўрабек Долимов ҳазил-мутойиба, мумтоз қўшиқлар, куйлар ва ақлли давраларни яхши кўргувчи, меҳмондўст инсон бўлиб, ўзини айниқса укалари ва сингиллари, қариндош-уруғлари даврасида ҳар қаердагидан ҳам эркин ҳис қилар эди.
2011 йил октябрида буюк олим, санъат илосманди, чин инсон Тўрабек Долимов оламдан бевақт кўз юмади ва Тошкентдаги “Минор” қабристонига дафн этилди.
Дафн маросимига келганлар бир жиҳатга эътибор берадилар: олим камтарона, аммо файзли ҳаёт кечирганди. У ҳашаматли уйда яшамади, дабдабага берилмади, балки унинг энг катта бойлиги – ҳар ким ҳавас қилса арзийдиган кутубхонаси бор эди.
2012 йил 12 октябрда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори йирик олим, профессор Ғ.И.Муҳамедов раҳбарлигида Геология факультетида Тўрабек Нуъмонович Долимов хотирасига бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди ва унинг материаллари “Основные проблемы магматической геологии Западного Тянь-Шаня” (Материалы Республиканской научной конференции, посвященной памяти академика Т.Н.Далимова 12 октября 2012 г. Ташкент, 2012) номи билан китоб ҳолида нашр этилди. 2013 йил 10 майда эса университетнинг геология факультети қошида академик Т.Н.Долимов номидаги геологик ўқув музейи очилди.
Тўрабек Долимов Аллоҳ берган ҳаёти давомида кўп нарсага эришди: унвонлар, мукофотлар, илмий даражалар, мансаблар, ёру дўстлар, фарзандлар, невара ва эваралар… Энг муҳими, эл-юрт ҳурмати ва ардоғида бўлди. Буларга у меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат билан эришди. Олим ҳаётининг бор мазмуни унинг ўз умри давомида кўп такрорлаган қатъий амал қилган ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу машҳур мисрларида акс этса, не ажаб:
Умрни зоеъ этма, меҳнат қил,
Меҳнатни саодатинг калиди бил.
Тўрабек Долимов