Туризм ва инновациялар – бир қараганда зид тушунчалар. Туризм – бу дам олиш, саёҳат, таассурот, тарих дегани. Инновациялар эса, технологиялар, саноат индустрияси, IT-тармоққа яқин тушунча. Бу иккисини қандай уйғунлаштириш мумкин ва у нимага олиб келади?
Туризм. Характери, тажрибаси, саёҳатга нима ундаганига қарамай, аксарият одамлар учун бу тушунча яхши кайфият, таътил, романтикага бой йўл, денгиз, қуёш, тоғлар, мазали таомлар, тарих, ҳавода учиш, саргузаштлар билан боғлиқдир.
Инновациялар. Бу сўзни эшитганимизда хаёлимизга нима келади? Ғоялар, технологиялар татбиғи, саноат кашфиётлари, инфратузилма, жадал тараққиёт, меҳнат унумдорлиги, илм-фан, модернизация, дизайн, сервис, ўзгаришлар, рационаллик.
Бу икки “ассоциациялар булути”ни бирлаштиришга уриниб кўрамиз. Тарих ва модернизация. Меҳнат унумдорлиги ва таътил. Саргузаштлар ва рационаллик. Якунида харидоргир сайёҳлик маҳсулоти чиқиши учун уларни қандай жуфтлаш мумкин?
Глобал бозорда товарлар ва хизматлар мижоз истагига асосланишига қарамай, туризмда бошланғич нуқта – бу доимо маҳсулот ва унинг имкониятларидир. Ахир туризм – бу ишлаб чиқариш эмас, бу соҳада ҳатто талаб даражасида молиявий ва маъмурий таъсирга эга бўлинса ҳам, технологик жўшқинликни амалга ошириб бўлмайди. Керакли технологиялар ва кадрларни “қулоқларидан тортиб” ҳам келтиришнинг иложи йўқ.
Туризмда сайёҳлик йўналишига табиий омиллардан, географик ва об-ҳаво шароитларидан, тарихдан, маданий меросдан келиб чиқиш керак. Уларни билиб ишлатиш, турли-туман хизматлар комбинацияси, янги маҳсулотни яратиш – мана шу тармоқ ўсиши ва ривожланишининг салоҳиятидир.
Албатта, катта инвестициялар ва юксак технологиялар ҳисобига қурилган истиснолар бор, масалан, Дубайдаги Emirates Mall да барпо этилган тоғ чанғиси трассаси. Аммо у айнан руҳлантириш учун ҳам мустасно бўлиб, изчиллик билан, ўйлаб ўз маҳсулотини яратишга чақиради.
Қолаверса, йирик инфратузилмавий лойиҳаларни ҳисобга олмаганда, туризм – бу кичик бизнес. Кўп ҳолларда ҳатто бизнес ҳам эмас, балки айрим олинган одамлар – гидлар, меҳмон уйлари соҳиблари, ҳунармандлар, мусаввирлар, мусиқачиларнинг фаолияти, хоббисидир.
Ўзбекистон ажойиб иқлим, табиатга, бой тарихга эга, Буюк Ипак Йўлида жойлашган.
Шуларнинг ўзи, замонавий технологиялар жорий этилмаса ҳам, Ўзбекистоннинг туристик йўналиш сифатида рақобатбардошлиги учун етарлими? Масалан, Миср эҳромлари шу ҳолича, миллионлаб сайёҳларни жалб қилади. Аммо Мисрда денгиз бор ва сайёҳлар таътилни икки қисмга бўладилар – тарихий саёҳат ва пляждаги ҳордиқ чиқариш. Бу ҳол Грецияда, Туркияда, Ҳиндистон, Таиланд, Испания, Вьетнам, Исроилда ҳам иш беради.
Ўзбекистон бўйлаб саёҳат мазмуни қанчалик жиддий – тарихийми, меъморийми, динийми ё этникми – бўлмасин, асло унутмаслик керакки, умуман олганда туризм кўнгил очиш индустриясига мансуб бўлади. Одамлар унга ўз таътилларини сарфлайдилар, бюджетни шунга қараб ҳисоблайдилар. Таътилдан таассурот – пировардида қоладигани шу бўлади.
Шу сабабли, денгиз йўқ жойда ўз меҳмонлари ҳиссиётларини алоҳида изчиллик билан режалаштириш керак. Бухоронинг жазирама офтоби остида ёки Хоразмнинг суяклардан ўтиб кетувчи изғиринида обидадан-обидага чарчатиб қўювчи сайрлар отельерлар, рестораторлар, транспортчилар, йўналиш муаллифлари ва сайёҳлик маҳсулотининг бошқа иштирокчилари чарчаган сайёҳнинг кўнглини кўтариш ва эртанги кунга тайёрлаш учун қулайлик ва кашфиётчилик кўрсатишлари билан компенсацияланиши керак. Шунда Ўзбекистонга яна қайтиш истаги туғилса ҳам ажаб эмас. Турларни ташкил қилувчилар ва инновацияларга эҳтиёж сезувчилар сафига e-visa.gov.uz интерфейси яратувчилари, чегарачилар, шаҳарсозлар, шаҳарлардаги ва улар ўртасидаги навигацияга масъуллар, сайёҳлик ва туризмга ёндош сервислар кўрсатувчилар ҳам қўшилади.
Ниманинг ҳисобига технология ўзгаради, маҳсулот яхшиланади, рақобатбардошлик ўсади? Туризм соҳасидаги инновациялар бир-биридан нимаси билан фарқланиши мумкин?
- Кўлами. Инновация бутун тармоқ, алоҳида корхона, мамлакат, шаҳар, янги сайёҳлик маҳсулоти яратиш ёки борини ўзгартириш, сайёҳлик объекти миқёсида жорий этилиши мумкин.
- Жорий этиш соҳаси. Қидирув ва сайёҳларга ёрдам берувчи бошқа иловаларда, одамларни бошқариш ва уларни иш билан таъминлашда. Бунга енгил микрокредитлаш ва хусусийлик шакли билан қўллаб-қувватланувчи меҳмон уйларини очиш, техник сервис соҳаси, масалан аэропортда онлайн-рўйхатга олиш киради.
- Юзага келиш тезлиги. Стратегик инновациялар аста-секин татбиқ этилади (транспорт коммуникациялари ривожи). Реактив инновациялар татбиғи жадал кечади (сайёҳлар йўлловчи мамлакат учун визанинг бекор қилиниши).
- Ривожланиш салоҳияти. Электрон виза каби кескин ўзгаришлардан, мавжуд тизимнинг айрим қисмларини яхшилашгача (масалан, сайёҳлик марказларидаги банкоматлар).
Сайёҳларни жалб қилиш, лекин бу билан нозик маҳаллий экотизим (объектлар, маҳаллий аҳоли анъаналари, экология, табиийлик сақланиши)ни бузиб юбормаслик учун мамлакатда қайси даражада ва сайёҳлик маҳсулотиларнинг қайси таркибида ўсишга эришиш керак? Бунда маёқ вазифасини барқарор туризм ривожланиши концепцияси ўйнаши лозим.
Барқарор туризм ривожланиши концепцияси Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан 1980- йиллар охирларида белгиланган бўлиб, қуйидагиларга чорлайди:
- бошқа тармоқлар эҳтиёжларини ҳисобга олиш;
- иқтисодиётнинг турли тармоқлари ўзаро алоқасини таъминлаш;
- сайёҳлар билан ишлашга маҳаллий аҳолини жалб қилиб, табиий ресурслар унумдорлигини ошириш;
- биринчи ўринга маҳаллий аҳоли истаклари ва эҳтиёжларини қўйиб, уларни сайёҳлар эҳтиёжлари билан синтезлаш ва бошқалар.
Туризмдаги инновациялар – бу тизимли тадбирлар бўлиб, сифатли янгиликларга эга ва бутун тармоқда ижобий ўзгаришларга олиб келади. Бундай инновацияларни татбиқ этишдан олинадиган самара – мамлакатга сайёҳлик оқимининг ортиши ва фойданинг ўсиши.
Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар сайёҳлик амалиётидан мисоллар асосида инновациялар таснифи ва ривожлантириш йўналишларини батафсил кўриб чиқамиз.
Маҳсулот инновацияси – сайёҳлик маҳсулотининг истеъмол хусусиятларини, унинг бозорда ўзини тақдим этишини ўзгартирди ва рақобат афзалликларини берди. Бу янгиликлар туризм бозорига олдин минтақада тақдим этилмаган сайёҳлик йўналишлари, хизматлари, товарларини татбиқ этиш шаклида бўлиши мумкин. Масалан, Шаҳрисабзни фестиваллар шаҳрига айлантириш. Ёки бозорга бошқа ҳар қандай янги воқеани таклиф этиш – форумми, маскарадли намойишми, гастрономик тур (Facebookда “Вкусный Узбекистан” гуруҳи мавжуд)ми – шулар жумласидан.
Кейинги йилларда экологик тоза яшаш жойларида истиқомат қилиш (Eco-Nubia Lodge – Асвон, Миср), музейлар бўйлаб виртуал турлар янги хизмат саналмоқда. Туризмдаги товар инновациялари – бу технологик таклифлар, масалан, дисконт тизим (Uzbekistanpass.com), электрон аудио-гид, сайёҳлик учун мини сув ости кемаси кабилар. Ахборот технологиялари, жумладан излаш ва ахборот етказишнинг қулай воситаларини, сайтлар, мобил иловалар ва бошқаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳам шуларга киради.
Жараён инновацияси – хизмат кўрсатиш жараёнига янги ёки яхшиланган технологияларни жорий этиш маҳсулот инновациялари билан комбинацияда қўллаш мумкин. Масалан арзон авивачипталарни (aviasales.uz), меҳмонхоналарни (booking.com), апартаментларни (airbnb.com) бронлаш ва сотиш автоматизацияланан тизимлари, гидларни қидириш тизими (GetGuide.uz). Жараён инновациялари, маҳсулот ва бошқа инновацияларга қараганда, яқин йилларда Ўзбекистонда туризм ривожланишининг етакчилари бўлиш учун кўпроқ имконга эга. Улар катта молиявий қўйилмаларни ва юқори малакали кадрлар бўлишини талаб қилмайди, шунингдек аввалдан мавжуд ва бошқа мамлакатларда синовдан ўтган технологияларни қўллаш имконини беради.
Масалан, электрон ҳужжат алмашинуви, онлайн-тўлов, булутли ечимларни ўз ичига олган электрон бизнес юритиш қуйидаги имкониятларни беради:
- шериклар ва мақсадли бозорлар билан тежамкор алоқа каналларидан фойдаланиш;
- сайёҳлик маҳсулотини харид қилиш осонроқ ва жадалроқ кечади;
- истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш ва уларни ушлаб туришнинг юксак даражасини таъминлайди;
- ички амалиётларни ва савдо битимларини соддалаштириш ҳисобига харажатларни қисқартириш.
Ташкилий (бошқарув) инновациялари – сайёҳлик ташкилотида қуйидагилар асосида бизнес-жараёнларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш:
- технологиялар;
- кадрлар сиёсати;
- иқтисодий ва молиявий фаолият;
- етказиб берувчилар билан ҳамкорлик схемалари.
Кадрлар сиёсати деганда мутахассисларнинг янги профиллари (турлар режиссёрлари) ва профессионал талаблар (тур-консалтинг) ни татбиқ этиш, малакани ошириш тизими, ходимларни қайта тайёрлаш ва мотивациялаш кўзда тутилади.
Молиявий фаолиятнинг рационализацияси ташкилот мақоми ва ривожланишининг барқаролигини таъмнловчи замонавий ҳисоб ва ҳисобдорлик шаклларини татбиқ этишни назарда тутади.
Бошқарувдаги инновация кўпинча жараён инновациялари билан комбинацияланади.
Маркетинг инновацияси – бу сайёҳлик маҳсулотиндаги нарх шаклланиши, таклиф, илгарилатилиш, тўловга ёндашувларнинг яхшиланишидир. Бу инновациялар мақсадли аудиториянинг ўзгарувчан эҳтиёжларини қамраб олади ва янги истеъмолчиларни жалб қилади. Масалан, авиакомпаниялар ва меҳмонхоналарнинг доимий мижозлари учун имтиёзли нарх шаклланиши ёки Туркиядаги каби, “барчаси ичида” сотув тизими бунга мисол бўлади.
Бизнес-модель инновацияси – бу бизнеснинг истеъмолчи учун қимматини ошириш мақсадида бизнес юритишнинг янги усулларидир.
Масалан, меҳмонхоналарда мижозлар базалари ва маълумотлар банкларини яратиш, бу хизмат кўрсатишга индивидуал ёндашув имкониятини беради. Ёки, ташишларни оптимизациялаш учун, миллий авиакомпаниянинг жаҳон альянсига қўшилиши. Россиядаги янги бизнес-модель – йўналишлар, санаторий-курорт ва соғломлаштириш хизматларини Транспорт клиринг палатаси орқали сотишда сайёҳлик хизматлари бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар тизими.
Логистикадаги инновация – (жумладан, сайёҳларни) таъминлаш, тақсимлаш, етказиш тизимлари ва занжирларидаги янги ечимлар.
Масалан, аэропорт хаблари – ягона боғлаб турувчи авиатранспорт тугуни орқали ҳаракатланишнинг мутлақо янги концепцияси. Авиачиапталарни излаш сервисларини ҳам шуларга қўшиш мумкин.
Ўзбекистонда, асосий сайёҳлик йўналиши Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Хива эканлигини инобатга олган ҳолда, сайёҳлик автотранспорти соҳиблари ўзларининг бўш қатновларини киритишлари мумкин бўлган очиқ онлайн-тизим инновацион маҳсулот бўлиши мумкин.
Бўш қатновлар сайёҳлар шаҳардан-шаҳарга ер усти транспортида бориб, қайтишда самолётда (ёки тез юрар поездда) келганларида рўй беради. Аммо авиачипталар ва “Афросиёб” поездларига чипталар қиммат, мавсумда жой топиш ҳам муаммо. Камчиқим саёҳатни афзал кўрадиганлар учун Хивадан Бухорога уйига қайтаётган автобусда ярим нархига етиб олиш маъқул бўлиши мумкин. Натижада бу ҳам камхарж йўловчи саёҳатининг қийматига, ҳам автобуснинг асосий буюртмачиси чўнтагига ижобий таъсир кўрсатарди. Ахир бўш қатнаш унинг йўналиши нархига чақиб юборилган бўларди-да.
Ресурс инновациялари – туризмни ташкил қилиш ва янги йўналишлар ҳамда хизматларни ишлаб чиқиш учун янги турдаги ресурслардан фойдаланишдир. Сайёҳлик тармоғи ўз иқтисодиётига янги ресурсларни фаол қўшиб боради ва уларни янги таклифлар яратиш учун ишлатади.
Масалан, динозаврлар қолдиқларининг қазилмаси археологик изланишларни томоша қилиш имконини берувчи палеонтологик музейлар ва йўналишларга эга АҚШдаги Дайносор сайёҳлик парки очилишига замин бўлди. Яна бир мисол – Австралиянинг Кубер-Педи шахтёрлар шаҳарчасидаги опал қазиб чиқариш конлари. Эвенкияда Тунгус метеорити тушишига бағишланган очиқ осмон остида музей ташкил этилган ва ўтган асрнинг 20- йилларида илк тадқиқотчи Ванавар посёлкасидан космик жисм қулаган жойгача ботқоқлар ва тайга орқали босиб ўтган йўл бўйлаб “Леонид Кулик сўқмоғи” йўналиши тузилган.
Концептуал инновациялар – бу янги туризм концепцияларини, туристик хизматларни яратиш ва уларни хизмат кўрсатишнинг янги шаклларида, архитектура-муҳандислик ва технологик ечимларда амалга оширишдир.
Масалан, шимолий мамлакатларда муздан меҳмонхоналар ва ресторанлар қурилиши (Швециядаги машҳур Ice Hotel), Лас-Вегасдаги мавзуий меҳмонхона-казинолар (масалан, “Экскалибур” – рицарлик мусобақалари ўтказиладиган Ўрта асрлар қалъаси).
“Тамаддунлар туризми”ни ҳам шу тоифага киритиш мумкин – улар ихтисослашган туризмнинг янги илмталаб шаклидир. Тамаддун туризми тамаддунлар моҳияти, тарихи, маданияти, экологияси, ҳаёт тарзи, уларнинг мулоқоти ва ҳамкорлиги ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Масалан – турк тамаддуни излари, Темурийлар ва Бобурийлар сулоласи босган йўллар бўйлаб турлар (афтидан, ишлаб чиқилган ва сотишга яроқли ҳолатда улар мавжуд эмас). Бир турда аввалда уйғунлаштириб бўлмайдиган мақом ва географик жойлашувга эга нуқталарни бирлаштириш (Туркия ва Ўрта Осиё мамлакатлари, Ўзбекистон ва Шимолий Ҳиндистон) – мутлақо ноёб таклифдир. У янги билимларга ва тажрибага бўлган эҳтиёжни қондиради, бу замонавий сайёҳлар учун характерлидир. Маркетинг инновациялардан концептуал инновациялар илмталаблиги билангина ажралиб туради.
Институционал инновациялар туризмда, шунингдек ёндош тармоқларда янги қоидалар ва тартибга солиш тизимларини шакллантиради. Улар маъмурият, хусусий тармоқ ва сайёҳлик жойларидаги жамоатчилик ўртасида ҳамкорликнинг янги тизимлари ва шаклларини яратади. Масалан, 30 кунгача визасиз режимга кирувчи мамлакатлар сонини ошириш туроператорларни ушбу мамлакатлардан Ўзбекистон ҳудудига келувчи сайёҳларнинг қатор хатти-ҳаракатлари юзасидан зиммаларидаги масъулиятдан халос қилди (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги ПФ-5326-сонли “Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони).
Қаерда ва қандай инновацияларни қўллаш керак?
Фақат мижозлар кутилмалари қандай шаклланиши, уларнинг қониқиши ва қадриятларини тушинишга асосланган таклифларгина талабга эга бўлиши мумкин. Инновациялар ҳам шундан келиб чиқиб лойиҳалаштирилиши керак. Бунда асосий сўз – маркетинг.
Ҳар доим, ҳар жойда янгича ечимлар ва янгиликлар мавжуд бўлиши лозим. Сайёҳлик хизматларига талаб таклифни шакллантиради. Сайёҳлар сайёҳлик маҳсулотини яратишда фаол қатнашибгина қолмай, ўз сайёҳлик маҳсулотларини ҳам яратадилар (мустақил саёҳат).
Маркетолог сифатида, муаллиф туризмдаги инновацион йўналиларни белгилашда маркетингнинг ролини кўрсатиб ўтишни истаган бўларди. Туризмда тадқиқотлар ўтказишда маркетологлар одатда сайёҳлар сегментлари қандай эканлиги ёки нималар қилишларини солиштирадилар. Аслида эса, улар нимани исташларини ўрганиш керак. Айнан мана шу ахборот, айниқса бизнинг агро-туризм ва эко-туризм каби йўналишларимизда, сайёҳлик бизнеси ривожи учун алоҳида аҳамиятли бўларди.
Америкалик тадбиркор, қатор бестселлерлар ва маркетинг бўйича блог муаллифи Сет Годин маркетологларни учта қопқондан ҳазир бўлишга чақиради:
- Эҳтиёж ва хоҳишни адаштириш. Инсонда ҳақиқий эҳтиёжлар жуда кам: ҳаво, сув, саломатлик ва бошпана; қолган бари – истаклар. Шу сабабли эҳтиёжга йўналтирилган аммо истакнигина нишонга ололган инновациянинг талабгир маҳсулот даражасига чиқиши маҳолдир.
- Истакка одатий йўллар орқали эришишга уриниш. Сайёҳ ўша маълум ҳиссиётларни янгича йўл билан туйишининг усулларини ўйлаб топиш керак.
- Ҳаммага бир хил нарса керак деб ишониш. Ҳақиқатда илк харидорлар, изловчилар, нимадир янги нарсани исташади, кейингилар – оммавий бозордагилар эса – ишончли таклифларни хоҳлашади.
Сайёҳлик объектлари, рекреацион ҳудудлар ва бутун бошли дестинациялар, ҳамма учун ҳамма нарса таклиф этишга уриниб, кўпинча бир хил хатога йўл қўядилар. Оммавий бозор учун (айниқса у мавжуд бўлмаса) маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш жуда мураккаб ва хатарлидир.
“Ўртача тортилган” истеъмолчи учун ишлаб чиқилган стратегиялар, кўпинча, жозибасиз маҳсулотларга, нореал нархларга ва иш бермайдиган реклама хабарларига сабаб бўлади. Масалан, қаердадир тоғлар орасида ёки Чорвоқ сув омборида ҳам Тошкент аҳолисини, ҳам хорижий сайёҳларни бирдек жалб қиладиган меҳмонхона мажмуасини қуриш қийин бўларди. Айниқса, Ўзбекистонга асосан тарихга қизиқувчи ва юқори қулайликни афзал кўрувчи кексалар ташриф буюришини ҳисобга олсак.
Яна ҳам қийинроғи ушбу объектни иккала тоифадаги дам олувчиларга ёқадиган қилиб реклама қилиш ва илгарилатиш бўларди. Демакки, мақсадли деган номга оз бўлса-да даъво қилувчи маркетинг, аввало, бозор сегментациясига асосланиши лозим.
Сегментлар қандай кўриниши мумкинлигини тушуниш учун уларнинг икки тоифасини кўриб чиқамиз: “The Actives” ва “The Relaxers”. Ёки “Want-it-all” (ҳамма нарса хоҳлайман истеъмол қиламан) ва “Passive tourists” (мавжуд таклифга қаноат қиладиган сайёҳлар). Ўзбекистонда ва қўшни мамлакатларда “релаксер”ларни амалда топиб бўлмайди. Улар асосан денгиз курортларида учрайди. Биз, асосан, “The Actives” ва “The Relaxers” ларга дуч келамиз. Бинобарин, ўз таклифларимиз ва жорий этиш векторларини уларга мўлжаллаб ишлаб чиқишимиз керак. Бу эса, шаҳарлар, диққатга сазовор жойлар, кўнгилочарликларни тез-тез ўзгартириб туриш деганидир.
Бозорда ҳали мавжуд бўлмаган ғояни пишитиб бориб, маркетинг билан шуғулланиб ва бўлажак меҳмонлар сегментациясини ўтказиб, амин бўлиш керакки, идентификацияланган сегментлар ва уларнинг эҳтиёжлари ҳақиқатан мавжуд. Асло адашиб “Want-it-all” ёки “Passive Tourists” сегментлари деб аташ мумкин бўлган, сайёҳларнинг умумлашма тоифалари эмас.
Турли сегментларда маҳсулотлар ва хизматлар сотиш учун компания ўз маркетинг схемасини нафақат мавжуд маҳсулотларга, балки, аввало, мижозлар истагига асослаши керак. Асосийси – маҳсулот асосида сегментациялашдан мижозлар истакларини ўрганиш асосида сегментлашга ўтишга тайёр бўлишдир.
Туризмда инновацияларга мисоллар
Рурмонд шаҳри (Нидерландия)даги тўрт юлдузли, дабдабали хоналарга эга қамоқхона-меҳмонхона 2007 йилда қамоқхона ёпилгач, бир неча йилдан кейин очилди. Қаватлар ва хоналар ички жойлашуви ўзгармади – барча хоналар собиқ қамоқ даҳлизига чиқади (у дам олиш ҳудудига айлантирилган), у ерда, яшовчилар истагига кўра, меҳмонхона соҳиблари қамоқ услубида кечки овқат уюштиришлари мумкин.
Виртуал консьерж. Ишланма Буюк Бртаниядаги 12 та меҳмонхонада жорий этилган. Робот билан мулоқот овозли буйруқлар ёки ёзишмалар орқали мобил илова ёрдамида бошқарилади. Консьерж-ботни Эдвард деб атайдилар, у мижозларга меҳмонхона тўғрисида сўзлаб беради, хоналар танлашда ва буюртиришда ёрдамлашади ва қўшимча хизматларни аниқлашда кўмаклашади, шаҳарда қаерга бориш мумкинлиги борасида маслаҳат беради.
Кинотуризм – машҳур фильмлар суратга олинган жойлар бўйлаб экскурсия турларини ташкил қилиш. Дам олишнинг бу тури 2000 йилларда хорижда кенг шуҳрат қозонди, кейинги йилларда Россияда ҳам ривожланиб бормоқда. Масалан, “Код Да Винчи” фильми чиққач, Франциядаги Луврга ташриф буюрганлар сони рекорд кўрсаткичга чиқди. Испанияда сайёҳлик фирмалари “Тахтлар ўйинлари” сериали суратга олинган жойлар бўйича йўналишларни ишлаб чиққанлар.
Экотуризм. Сайёҳлар қишлоқ жойдаги кичик уйда ёки оилада, табиат қўйнида яшайдилар. Бундай уйлар соҳиблари дам олувчиларни қабул қилиш учун барча шароитларни яратадилар. Экотуризмнинг турли кўринишлари мавжуд: тарихий, илмий, инсон қўли тегмаган ва бориш қийин бўлган жойларга сафарлар. Осиё (Лаос, Ҳиндистон), Жанубий Америка (Перу, Эквадор), Африка (Кения) ва бошқа мамакатларда фаол ривожланмоқда. Россияда ҳам экотуризм шуҳрат қозониб бормоқда.
Виртуал музейлар – интернет орқали машҳур музейлар экспозицияларини айланиш. Кўпинча бу интерактив имкониятлар ишлаб чиқилган воқеликда мавжуд музейлар бўлиб, улар шахсан музейга келмай туриб, заллар бўйлаб сайр қилиш, уч ўлчамли тасвирларни кўриш, экспонатлар ҳақидаги ахборотни ўрганиш имконини беради. Масалан, Амстердамдаги Ван Гог музейи, Москвадаги Третьяков Давлат галереяси, Ватикан музейи ва кўплаб бошқалар.
Михаил Шамшидов