Инсоннинг тўлақонли функционал ҳолати, ўзига ўзи мустақил хизмат кўрсата олиш, меҳнат қилиш, кўпайиш, ташқи муҳит шароитларига мослашишга қобиллик – буларни бугун ҳаёт сифати деб аташ қабул қилинган. Аммо, инсон ҳаёт фаолияти давомида, жумладан ёши қайтган ва кексалик даврида, организмнинг кўплаб функциялари инсонни у ёки бу вазифаларни сифатли адо этиш билан тўлақонли таъминлай олмайди. Ёши қайтган ва кексалик даврида юзага келадиган, ҳаёт сифатини кескин тушириб юборадиган муаммолардан бири остеопороздир.
Остеопороз – скелетнинг метаболик касаллиги бўлиб, суяк массаси камайиши, суяк тўқимаси микроархетиктоникаси бузилиши ва, бунинг оқибати ўлароқ, минимал травмада синишлар билан характерланади. Бошқача сўз билан айтганда, остеопороз суякнинг таянч бўла олиш хусусияти йўқолишига хизмат қилади ва арзимаган жисмоний юкламаларда суяклар синиши юзага келишини қўзғайди.
Остеопороз полиэтиологик касаллик саналади, унинг ривожланиши генетик мойилликка, ҳаёт тарзига, жисмоний фаолликка, эндокринологик мақомга, ёндош касалликлар мавжудлигига, дори воситаларини қабул қилишга, инсоннинг қаришига ва индивидуал ҳаёт давомийлигига боғлиқ (Евстигнеева Л.П., ҳаммуаллифл. 2010 й.). суяк тўқимаси массасини тўплаш болалик ва ўсмирлик ёшида рўй беради ва 20-30 ёшларда максимумга етади. 35-40 ёшларда чўққисига чиққач, суяк массаси амалда ўзгармай қолади, кейин аста-секин камая боради. Аёлларда СТМ камайиши суръати эркакларникига қараганда сезиларли даражада юқори, бу менотанаффусдан олдинги ва кейинги даврдаги эстрогенлар танқислиги билан изоҳланади.
Суяк тўқимаси доимий ўзгариш ҳолатида бўлади. Бир вақтда иккита қарама-қарши жараён рўй беради: суяк ташкил бўлиши ва тескари, суяк тўқимасининг сўрилиши “суяк резорбцияси”, СТМ, суяк сифати ва мустаҳкамлиги уларнинг мувозанатига боғлиқ бўлади. Эстрогенлар танқислиги шароитида ушбу мувозанат суяк массаси йўқолиши томонга кўчади. Бироқ, эстрогенлар танқислиги, аввалда ҳисобланганидек, СТМ йўқолишининг ягона сабаби эмас. Суяк тўқимасининг ремоделяцияси фосфор-кальций алмашинуви ҳолатига, паратиреоид гормон, D витамини, ўсиш гормони, кальцитонин, тиреоид гормонлар, глюкокортикоидлар ва бошқалар ҳолатларига боғлиқ.
Дунёда 20 млн.дан зиёд остеопорозга чалинган беморлар мавжуд, 2025 йилга бориб остеопороз сабабли рўй берган синишлар умумий сони 1,5 баробарга ўсиши прогноз қилинмоқда, 65-74 ёшдаги инсонларда бу рақам 87%ни ташкил қилади (Лесняк О.М., Ершова О.Б. 2011 й.). Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти маълумотларига кўра, мамлакатда остеопорозли камида 30 минг нафар ва остеопенияли 150 минг нафар инсон мавжуд (Шотурсунов Ш.Ш. ҳаммуаллифл. 2014й.).
Россияда 50 ва ундан юқори ёшдаги шахслар орасида остеопороз 34% аёлларда ва 27% эркакларда кузатилади, остеопения частотаси эса, тегишлича, 43% ва 44%ни ташкил қилади. Ёш катталашгани сари остеопороз частотаси ортади (Михайлов Е.Е., Беневоленская Л.И. 2003й.). Шимолий Америка ва Ғарбий Европанинг қатор мамлакатлари оқ танли аҳолиси орасида аёлларда остеопорознинг тарқалиши ҳам шундай кўрсаткичларга эга (Camacho PM, et al. 2016, Kanis J, et al. 2013).
Остеопорознинг ижтимоий аҳамияти унинг оқибатлари – умуртқа поғоналари таналари ва периферик скелет суяклари синишида кўринади, улар соғлиқни сақлаш соҳасида катта моддий харажатларга ва меҳнатга лаёқатсизликнинг юқори даражада бўлиши, жумладан ногиронлик ва ўлим ҳолатларига олиб келади.
Остеопороз оқибатида рўй берадиган энг одатий синишларга бўксанинг проксимал бўлими, билак суяги ва умуртқа поғоналари таналари синиши киради (1- расм), аммо скелетнинг бошқа йирик суяклари (тос, қовурға, кўкрак қафаси, болдир, елка суяги ва ш.к.) синишлари ҳам тарқалган (Дедов И.И. ҳаммуаллифл 2011).
Умуртқа синишлари орқа мия тузилмаси ва унинг нервлари эзилиши хатари билан хафлидир, бунинг оқибатида беморнинг қисман ёки тўлиқ ногиронлашуви юзага келиши мумкин. Шунингдек, умуртқа синиши натижасида қаттиқ оғриқ ва тана ҳаракатининг кескин чекланиши юзага келади.
Ҳозирга қадар остеопоротик умуртқа синишларига эга беморлар узоқ вақт ётоқ режимига риоя қилардилар, умумий ҳолатни енгиллатиш учун оғриқни қолдирувчи ва гиёҳванд воситаларнинг тажовузкор дозаларини олардилар. Беморнинг ётоқда узоқ вақт ётиши юрак-қон томир тизимида жиддий асоратлар ривожланишини юзага келтирарди, иш ҳатто тромбо-эмболик асоратлар ривожланишигача борарди.
1- расм. Умуртқа поғонаси танасининг патологик синиши
Бугунги кунда умуртқа поғоналари таналарининг остеопоротик синишини даволашда қатор илмий тадқиқотлар ўтказилмоқда. Умуртқа поғоналари таналарининг остеопоротик синиши сабаблари ўрганилди, диганостиканинг янги услублари жорий этилди, остеопорозни консерватив даволашнинг янги препаратлари яратилди ва таъсири ўрганилди, беморлар иммобилизацияси муддатлари тадқиқ этилди, узоқ иммобилизацияда иккиламчи асоратлар профилактикаси услублари яратилди. Остеопоротик синган умуртқа поғоналари таналарининг таянчга қобиллигини тиклаш учун жарроҳлик даволашнинг янги услуби – пункцион вертебропластика (ПВП) қўлланилмоқда.
Перкутан вертебропластика биринчи марта 1984 йилда Франциядаги Амьен университети клиникаси радиология бўлимида врачлар Galibert ва Deramond томонидан С2 тажовузкор вертебрал гемангиома сабабли 54 ёшли аёлда амалга оширилганди. Кейинроқ ПВП вертебрал остеолитик метастазлар ва остеопороз фонида умуртқа танасининг иккиламчи коллапси сабабли амалга оширилди (Абакиров М.Д., 2017).
Ўтказилган клиник тадқиқотларнинг кўпчилигида остеопорозли компрессион синишларда тақрибан 90% ҳолатларда оғриқ симптомларининг сезиларли регрессига ишора қилинади (Макиров С.К. ҳаммуаллифл., 2016).
Перкутан вертебропластика ўтказилганидан кейин оғриқ синдромининг камайиши ёки буткул тўсилишига хизмат қилувчи омиллар механик, термик ва кимёвий омиллар саналади (Wang C. et al, 2015). Механик омил энг асосий сабаб бўлади, бунда оғриқнинг камайиши умуртқа поғонаси танасининг барқарорлашуви ва мустаҳкамлашуви, синиш соҳасида микроҳаракатларнинг олди олингани ва шу билан нерв учлари ирритацияси камайганлиги билан изоҳланади. Умуртқа поғоналарининг остеопоротик синишларида бу омил оғриқ синдромини тўсишда асосий ўрин тутади (BuchbinderR. etal. 2015).
Термик омил нерв учларининг термик некрози билан изоҳланади ва полимеризациянинг экзотермик реакцияси натижаси ўлароқ кузатилади. Остеобластлар термик некрози 1 дақиқадан зиёдроқ вақт давомида 50°Сдан юқори ҳароратда рўй беради, остеобластлар апоптози эса 48°С ҳароратда 10 дақиқа ёки ундан зиёд вақт давом этади (Кавалерский Г.М. ҳаммуаллифл. 2013).
Кимёвий омил ПММАнинг цитотоксик таъсирига асосанади. Мономернинг цитотоксиклиги, шунингдек, ўсимтага қарши эффектни ҳам намоён қилади, у кўплаб клиник маълумотлар билан тасдиқланган (Морозов А.К. ҳаммуаллифл. 2008).
Ушбу жарроҳлик манипуляцияси самарадорлигини тадқиқ қилиш учун биз томонимиздан ҳам умуртқа поғонаси танаси остеопоротик синишларига эга беморларда қатор ПВП муолажалари ўтказилди.
Тадқиқот материалига 25 ёшдан 81 ёшгача бўлган 74 нафар бемор кирди, улар 2015 йилдан 2020 йилга қадар бўлган даврда остеопороз сабабли текширилган ва жарроҳлик амалиёти ўтказилган, Тошкент ш.даги Республика ихтисослаштирилган нейрожарроҳлик илмий-амалий марказида даволанишда бўлган.
Беморлар диагностикаси умумий ва неврологик кўздан кечиришни, лаборатория диагностикаси ва тадқиқотнинг энг информатив воситали услублари: умуртқа рентгенографияси, умуртқа магнит-резонанс томографияси, компьютер томографияси ва умуртқанинг мультиспираль компьютер томографияси, шунингдек остеопорозни текширишнинг янада хосроқ услуби – бел умуртқа поғоналари рентген-денситометриясини ўз ичига олди.
Касалликларнинг клиник ҳолатини баҳолаш учун биз томонимиздан VDS оғриқлар шкаласи қўлланилди (Verbal Descriptor Scale – Gaston-Johansson F., et al., 1990) (1- жадвал). Ушбу шкала беморларда оғриқ синдроми ифодаланганлигини субъектив баҳолаш учун ишлатилади.
1- жадвал.
VDS оғриқ шкаласи (Verbal Descriptor Scale)
Клиник ифодаси | Баллар |
Оғриқ йўқ | 0 |
Кучсиз оғриқ | 2 |
Сезиларли оғриқ | 4 |
Кучли оғриқ | 6 |
Жуда кучли оғриқ | 8 |
Чидаб бўлмас оғриқ | 10 |
Беморларни кузатиш даври 6 ойдан 5 йилгача муддатни ташкил қилди (2015-2020 йй.). Барча беморлар, тавсияларимизга биноан, турар жой бўйича эндокринолог ҳисобида турдилар ва бифосфонатлар гуруҳидаги препаратлар ҳамда кальций ва Д3 витаминили препаратлар билан консерватив даволаниш олдилар. Бундан ташқари, тавсияларимизга кўра, беморлар аҳволларини динамикада кузатиш учун Республика ихтисослаштирилган нейрожарроҳлик илмий-амалий тиббий маркази поликлиникасига вақти-вақти билан мурожаат қилдилар.
Тиклаш-даволаш ишлари натижалари аъло, яхши, қониқарли ва қониқарсиз мезонлари билан баҳоланди.
“Яхши” натижа деганда даволашдан кейин оғриқ синдромининг VDS шкаласи бўйича 0 баллгача етадиган регресси тушунилди. У умуртқадаги оғриқ синдромининг тўлиқ регресси билан характерланди.
“Қониқарли” натижа деганда оғриқ синдромининг 2 баллгача регресси ҳисобланди, бу умуртқада сезилар-сезилмас оғриқ сақланиб қолганлигини англатади.
Оғриқ синдроми 4 балл ва ундан юқори даражада сақланиб қолганда даволаш натижаси “қониқарсиз” ҳисобланди, бу умуртқада сезиларли кучли, жуда кучли ва чидаб бўлмас оғриқлар борлигига тенг келди.
Барча беморларда (n=74) умуртқа поғоналари таналарида ПВП амалиёти ўтказилди. Бир умуртқа поғонасида ўтказиладиган муолажанинг ўртача давомийлиги 30 дақиқа давом этди. Даволанган поғоналар умумий сони 158 та умуртқа поғонасини ташкил қилди. Бунда 21 нафар (28%) беморда битта поғонада амалиёт ўтказилди, 33 нафарида (44%) иккита поғонада, 13 нафари (18%)да учта поғонада, 5 нафари (7%)да тўртта поғонада ва 2 нафари (3%)да 6 та поғонада жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Жарроҳлик амалиётидан олдин ва кейинги даврда VDS шкаласи бўйича беморлардаги оғриқ синдроми ифодаланганлигининг қиёсий баҳоланишига кўра (1- диаграмма), 37 нафар беморда (50%) оғриқ синдроми тўлиқ регрессини қайд этиш мумкин, шунингдек, бошқа беморлар (37 нафар бемор – 50%)да VDS шкаласига мувофиқ оғриқ синдромининг сезиларли камайиши кузатилди.
1- диаграмма.
Диаграмма:
Амалиётдан олдин
Амалиётдан кейин
0 балл 2 балл 4 балл 6 балл 8 балл
Шунга мувофиқ, юқорида келтирилган кўрсаткичларни инобатга олган ҳолда жарроҳлик амалиёти бажарилиши самарадорлиги ҳисоб-китоби амалга оширилди (2- диаграмма).
2-диаграмма
Яхши Қониқарли
Диаграммага мувофиқ, қайд этиш мумкинки, биз томонимиздан умуртқа поғоналари таналарининг остеопоротик синишига эга беморларда ПВП жарроҳлик даволаш ўтказилганидан кейин қониқарсиз натижа олинмайди, бу эса ушбу даволаш услубининг юқори самарадорлигидан далолат беради.
Хулоса ўрнида қайд этишни истардикки, умуртқа поғоналари таналарининг остеопоротик синишини “перкутан вертебропластика” усулида даволаш юқори самарали даволаш услуби бўлиб, 100% ҳолатда даволанган беморлар ҳаёти сифатини яхшилайди.
Алимов Ижод – тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ходими