Суйима Ғаниева (1932 йил – 2018 йил 2 сентябрь)

 

Суйима Ғаниева машҳур навоийшунос, шарқшунос олима, унинг тадқиқотлари нафақат Ўзбекистон, балки Россия, Туркия, Эрон, Тожикистон, Озарбойжонда ҳам танилган.

Илк болалик давридан – тўрт-беш ёшлигидан Суйима, қўшиқлар, шеърлардан сўзларни ажаратиб олиб, уларни ёдлаб қолишга уринарди. Ҳайратланарли жиҳати шундаки, ота-онасини таажжубга солиб, Суйима мустақил равишда мумтоз адиблар, айниқса Алишер Навоий асарларидан мураккаб байтларни аниқ талаффуз қилишни ўрганиб оларди.

Йиллар ўтди. Болаликдаги қизиқиш аста-секин ижод билан жиддий шуғулланиш истагига айланди. Еттинчи синфни тугаллагач, Суйима ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг тайёрлов бўлимига киради, уни тугатиб, бир вақтнинг ўзида ўрта маълумот ҳам олади. 1947 йилда, билимларга бўлган алоҳида иштиёқи ва аъло ўқишлари учун, у ушбу ўқув даргоҳининг шарқшунослик факультетига имтиҳонларсиз киради. Аммо, маълум бўлишича, бу ерда ҳам ўзбек адабиёти тарихи ўқитилмас экан. Унинг университетдаги устозлари, Суйимада алоҳида иқтидор, Навоий асарларини чуқур англаш қобилияти борлигини дарров пайқаб, унга Санкт-Петербургдаги Адабиёт институтига киришни тавсия қиладилар.

Бу, эҳтимол, унинг ота-онаси астойдил орзу қилган эътироф эди – Навоий каби барча учун севимли бўлиш. Фақат изчил, тинимсиз меҳнат, ўз ишига нисбатан алоҳида муҳаббатгина инсонни унинг ҳаётлик чоғидаёқ доҳийлар билан тенг тилга олинадиган мақомга олиб чиқади. Суйима Ғаниева – мамлакатимизда исми Алишер Навоий билан бирга эсга олинадиган шахслардан бири. Бугунги кунда у буюк шоир ҳаёти ва ижодининг билимдони сифатидагина эътироф этилмайди. Унинг раҳбарлиги остида Навоий асарларининг тўққиз, ўн етти, ўн тўққиз ва йигирма жилдлик тўпламлари чоп этилди. Унинг кўп йиллик меҳнатлари, илм-фан ва адабиёт ривожига қўшган алоҳида ҳиссаси давлат томонидан юқори баҳоланган. 1999 йилда Суйима Ғаниева “Эл-юрт ҳурмат” ордени, 2008 йилда – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Суйима Ғаниева йигирмадан ортиқ китоб, тўрт юзта илмий мақола муаллифи саналади. Яқин орада унинг Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган монографияси чоп этилади. Тадқиқотлар жараёнида энг асосий ва энг қийини тил бўлган эди…

2015 йилда С. Ғаниевага “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони берилган.

 

Сулаймонова, Хадича Сулаймоновна (1913 – 1965)

 

Юридик фанлар доктори, профессор, ЎзССР ФА академиги, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби, ЎзССР адлия вазири, ЎзССР Олий Суди раиси.

Хадича Сулаймоновна Сулаймонова Андижонда туғилган. 1935 йилда Жаҳон Обидова номидаги Тошкент Совет қурилиши ва ҳуқуқи институтининг ҳуқуқ факультетини тамомлади. 1935-1938 йилларда у халқ судьяси, ЎзССР Олий Суди аъзоси бўлди.

1938 йил сентябрда Хадича Москва юридик институти совет жиноий ҳуқуқи кафедрасига аспирантурага киради, 1945 йил 20 июлда эса, “Ҳарбий интервенция ва фуқаролик уруши даврида Ўзбекистон ССР жиноий қонунчилиги” мавзуида диссертацияни ҳимоя қилиб, юриспруденция соҳасида илмий даража олган биринчи ўзбек аёли бўлади.

1945 йил сентябрдан Х.С, Сулаймонова – Тошкент юридик институти доценти, жиноий ҳуқуқ кафедраси мудири.

1948-1950 йилларда Хадича Сулаймоновна – ССРИ Фанлар академияси Ҳуқуқ институти докторанти. 1950 йил декабрда у “Ўзбекистонда совет жиноий ҳуқуқи юзага келиши ва ривожланиши” мавзуида докторлик диссертациясини ёқлайди ва 1952 йилда профессор бўлади.

1954 йил сентябрда Тошкент юридик институти ректори этиб тайинланади. 1955 йилда, Тошкент юридик институти Ўрта Осиё давлат университетининг юридик факультетига айлантирилгандан кейин, у декан сифатида ишлайди ва бир вақтнинг ўзида жиноий ҳуқуқ кафедрасига мудирлик қилади. 1956 йилда Хадича Сулаймоновна Сулаймонова Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси этиб сайланади.

1956-1958 йилларда академик Сулаймонова ЎзССР адлия вазири этиб тайинланади, 1959-1964 йилларда – ЎзССР Министрлар Кенгаши қошидаги юридик комиссия раиси, ЎзССР Олий Кенгаши депутати; 1964 йилдан – ЎзССР Олий Суди раиси.

Академик Хадича Сулаймоновна Сулаймонова илмий-педагогик фаолият билан ҳам фаол шуғулланади. ЎзССР ФА академиги И.М.Мўминов билан биргаликда ЎзССР ФА Раёсати қошидаги фалсафа ва ҳуқуқ бўлимининг ЎзССР ФА Фалсафа ва ҳуқуқ институтига айлантириш бўйича ишлар олиб боради ва унда ҳуқуқ бўлими ҳамда унинг таркибига кирувчи жиноий, фуқаролик ҳуқуқи секторини бошқаради.

Ўз тадқиқотларида академик Сулаймонова Ўзбекистонда жиноий ҳуқуқ ривожланишига, давлат қурилишида ва халқ хўжалигини бошқаришда советлар ролининг ортишига катта эътибор беради. Хадичанинг муаллифлигида 80 дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп нашрлар, жумладан А.И. Ишонов ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳуқуқшунос олимлари билан биргаликда тайёрланган уч жилдли “Ўзбекистон совет давлати ва ҳуқуқи тарихи”, “Ўзбекистон халқ хўжалигини тартибга солишнинг ҳуқуқий масалалари”, “Коммунизм кенг қурилиши даврида Ўзбекистонда совет ҳуқуқи” ва бошқалар чоп этилди. Академик Хадича Сулаймоновна раҳбарлигида ўзбек тилидаги жиноий ҳуқуқ бўйича биринчи дарслик тайёрланган ва нашр этилган.

Академик Х.С. Сулаймонова илмий раҳбарлигида “фан номзоди” илмий даражасини олиш учун 16 та диссертация тайёрланган ва ҳимоя қилинган.

Академик Х.С. Сулаймонова кўплаб қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқишда қатнашган, янги “Ўзбекистон ССР адвокатураси тўғрисидаги Низом” (1961)ни тайёрлашни алоҳида қайд этиш ўринли. Адлия вазири ва юридик комиссия раиси лавозимида ишлаган пайтида Хадича Сулаймонова ЎзССР судлар тузилиши, жиноий, жиноий-процессуал, фуқаролик ва фуқаролик-процессуал кодекслари тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга ўз ҳиссасини қўшди.

Академик Сулаймонова ташаббуси билан Адлия вазирлиги қошидаги Тошкент криминалистика илмий-тадқиқот лабораторияси Суд экспертизаси илмий-тадқиқот институтига айлантирилди (1958).

Ҳукумат академик Хадича Сулаймоновна Сулаймонованинг давлат, илмий-педагогик ва жамоатчилик фаолиятини юқори баҳолади. У “Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби” (1954) фахрий номига сазовор бўлди. Икки марта “Ҳурмат Белгиси” ордени, “Улуғ Ватан Уруши давридаги меҳнат жасорати учун” медали, ЎзССР Олий Кенгаши Раёсатининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Тошбоева Тоҳира Ҳожиевна (1938 йил 7 сентябрь)

 

Тошбоева Тоҳира Ҳожиевна – этнограф олима, тарих фанлари доктори (1994 й.), Ўзбекистон этнология ва антропология соҳасида етакчи тадқиқотчи.

Т.Ҳ. Тошбоева 1938 йил 7 сентябрда Тошкентда зиёлилар оиласида туғилган. 42- мактабни тамомлагач, Т.Ҳ. Тошбоева 1955 йилдан 1960 йилгача Ўрта Осий давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да тарих факультетида ўқиди. Унинг ўқитувчилар ичида М.Е.Массон, П.Ковалев, И.М.Мўминов, Л.В.Гентшке ва бошқа машҳур олимлар бўлган.

Университетни тамомлагач, Т.Ҳ. Тошбоева аспирантурага киради. Бу ерда О.А. Сухарева – минтақа, жумладан Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва оммалаштиришга салмоқли ҳисса қўшган атоқли этнолог унга раҳбарлик қилади. О.А. Сухарева билан биргаликда Т.Ҳ. Тошбоева экспедицияларга чиқади, у ерда, унинг тилларни билиши, мулоқотга киришувчанлиги, тинглаш ва тафсилотларни англаш қобилияти туфайли, Т.Ҳ. Тошбоеванинг алоҳида услуби шаклланади. У бой сафар материаллари, сафар ёзувларининг муҳим умумлашмасида ўз ифодасини топади. 1968 йилда Т.Ҳ. Тошбоева номзодлик диссертациясини ёқлайди.

“Ўзбек қишлоқ аҳолисида замонавий оила ва оилавий турмуш” мавзуидаги докторлик диссертациясини Т.Ҳ. Тошбоева 1994 йилда Москвада, Россия ФА Н.Н. Миклухо-Маклай номидаги Этнология ва антропология институтида ҳимоя қилади. Т.Ҳ. Тошбоева докторлик диссертациясининг илмий маслаҳатчиси Т.А. Жданко – минтақани ўрганишга улкан ҳисса қўшган этнограф олим бўлади. Чунончи, 1950- йилларда Т.А. Жданко И.Савицкийни Хоразм археологик-этнографик экспедициясига таклиф қилган. Ушбу экспедиция таркибида ишлаш давомида И.Савицкий Хоразм санъати билан, қорақалпоқлар халқ амалий санъати билан танишди, бу маданиятини севиб қолди ва ўз коллекциясини тўплади, улар энди Нукусдаги унинг номи билан юритиладиган музейда тақдим этилган.

Республика мустақилликка эришгач, 1990- йилларда Т.Ҳ. Тошбоева Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти қошидаги, академик Аҳмадали Асқаров раислик қилган диссертацияларни ҳимоя қилиш бўйича илмий кенгаш илмий котиби бўлиб ишлади.

Ўзбек маданий меросини тадқиқ қилиш ва оммалаштириш учун кўп ишлар қилган О.А. Сухарева[1]нинг шогирди сифатида, Тошбоева Тоҳира Ҳожиевна унинг ишини давом эттирди ва Ўзбекистонда этнография ривожига, ўзбек халқининг урф-одатлари ва маросимлари тўғрисидаги илмий билимларнинг бутун дунёда оммалашувига салмоқли ҳисса қўшди.

ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказилган тадқиқотга кўра, Тошбоева Тоҳира Ҳожиевна Марказий Осиё номоддий маданияти бўйича экспертлар рўйхатига киритилган [2]. Т.Ҳ. Тошбоеванинг илмий тадқиқотлари, масалан, “Болалар тарбиясидаги янги маросимлар”, “Ўзбеклар қишлоқ оиласи турмушидаги янгилик ва анъанавийлик” (М.Д. Савуров билан биргаликда), ўзбеклар этнографияси бўйича муҳим манба ўлароқ талабгир бўлмоқда ва Принстон университети(Princeton University)[3], Торонто университети (University of Toronto)[4], Стэнфорд университети (Stanford University)[5] каби дунёнинг етакчи ўқув ва тадқиқот марказлари кутубхоналари сақланмоқда.

 

Михаил Евгеньевич Массон (1897 йил 21 ноябрь (3.12) 1986 йил 2 октябрь)

 

Совет, ўзбек археологи ва тарихчи-шарқшуноси. ЎзССРда хизмат кўрсатган фан арбоби (1944), Туркманистон ССР ФА академиги (1951).

1934 йилда Массон Туркистондаги Култепа манзилгоҳини тадқиқ қилган, қалъа вайроналари, шаҳристон ва яқин атрофдаги ҳудуд тархини кўчирган, кўплаб металлургик ишлаб чиқариш изларини топган. 1936 йилдан 1938 йилга қадар М.Е. Массон томонидан Кушон ва Ўрта асрлар Термизи қазилмалари ўтказилган. Шунингдек, у Туркистон шаҳрида (у пайтда РСФСРнинг Тукристон АССР ҳудуди саналарди (Ҳозирда ҚР ЖҚВ)) ҳам тадқиқотлар ўтказган.

1946 йилдан бошлаб Массон Туркманистон ССРда иш олиб борган Жанубий Туркманистон археологик комплекс экспедициясига раҳбарлик қилади. Унинг раҳбарлиги остида Парфия даврига оид Ниса ва Марв манзилгоҳлари қазилмалари амалга оширилади. М.Е. Массоннинг тадқиқотлари Ўрта Осиёда қулдорлик тузуми мавжуд бўлганлигини, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва бошқа Ўрта Осиё шаҳарлари ривожланишининг қонуниятларини исботлашга, Ўрта Осиё пул хўжалиги ва тоғ-кон иши, архитектура, эпиграфика, тарихий географиясига бағишланганди.

У томонидан Ўрта Осиё археология мактаби яратилган, шунингдек Марказий Осиё етакчи археологлари бўлиб етишиб чиққан мутахассислар тайёрланган.

Михаил Евгеньевич Массоннинг ўқувчилари – О.М. Ростовцев, Б. Д. Кочнев, Э. Ртвеладзе, Н.Б. Немцева.

1968 йилда Меҳнат Қизил Байроқ ордени билан тақдирланган.

Унинг илмий асарлари: «О постройке мавзолея Ходжа Ахмеда Яссави в г. Туркестане». Изд. Среднеазиатского географического общества, т. 19, Таш., 1929; «По поводу некоторых монетных находок, зарегистрированных на территории Казахстана до 1942 года». Вестник АН КазССР, 1948.

 

Убай Орипович Орипов (1909 йил 2 июнь 1976 йил 24 декабрь)

Совет ўзбек физиги, Ўзбекистон ССР ФА академиги (1956), Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, 1962 йилдан 1966 йилгача – Ўзбекистон ССР Фанлар академияси президенти.

1931 йилда Ўзбекистон давлат педагогика академиясини тамомлайди. 1935-1941 йилларда Ўрта Осиё университетида ассистент бўлиб ишлайди.

1945-1956 ва 1963-1967 йилларда Ўзбекистон ССР ФА Физика-техника институти директори, 1956-1962 йилларда – Ўзбекистон ССР ФА Ядро физикаси институти директори ва 1966-1975 йилларда Ўзбекистон ССР ФА Электроника институти раҳбари бўлади (шунингдек, 1963 йилдан Тошкент политехника институти кафедраси мудири ҳам бўлади).

«Доклады АН Узбекской ССР» (1962–1966) ва «Гелиотехника» (1965–1976) журналлари бош муҳаррири.

Убай Ориповнинг асосий тадқиқотлари физик электроника, қаттиқ жисмлар юзаси физикасига, ядро ва радиация физикасига, масс-спектрометрия, гелиотехникага оид бўлган.

У.О.Орипов ўз тадқиқотларида металлар юзасидаги нобарқарор жараёнларни ўрганган ва юзавий ионизация  коэффициентларини ҳамда адсорбция ва десорбция иссиқликларини аниқлаш услубларини ишлаб чиқди;

Металл кристаллар ва плёнкавий тизимларни атом зарралари билан бомбардировка қилингандаги электрон эмиссия қонуниятларини тадқиқ қилди;

Қаттиқ жисм юзасининг турли тоифаларининг потенциал ва кинетик электрон эмиссияси механизмларини ривожлантирди;

Майда зарраларга айлантириладиган юзалардан салбий ионлар чиқишининг кучли ортиши имкониятларини аниқлади ва салбий ионлар майда зарраларга бўлувчи манбаларини ишлаб чиқишга асос солди;

Зарядланган зарралар уюмлари ёрдамида юзаларнинг хусусиятларини мақсадли ўзгартириш мумкинлигини исботлади ва ионли азотлаш, пассивация, ион-нурли ишлов бериш ва бошқа услубларни ишлаб чиқди;

3 м.гача бўлган қуёш печларининг конструкциясини, қуёшли фотоўзгартирувчилар, гелиоконцентраторлар ва бошқаларни ишлаб чиқди.

Буларнинг барчаси унинг ўнлаб илмий асарлари ва мақолаларида ўз ифодасини топди.

У.О. Орипов “Буюк хизматлари учун” ордени (2002) ва Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон ССР давлат мукофоти (1967) била тақдирланган.

 

Теша Зоҳидович Зоҳидов (1906 йил 10 май — 21.08.1981)

 

 

Ўзбекистон ССР ФА академиги, Ўзбек зоолог-экологи ва сиёсий арбоби. ЎзССРда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1947). Беруний номидаги ЎзССР Давлат мукофоти лауреати (1970).

1931 йилдан 1949 йилга қадар Теша Зоҳидович Зоҳидов илмий ходим сифатида фаолият юритган, 1949 йилда профессор бўлиб сайланган, шу билан бир вақтда, 1941 йилдан 1945 йилга қадар Ўзбекистон Компартияси МҚ ОТМлар ва илм-фан секторини бошқарган. 1946 йилдан 1952 йилга қадар Ботаника ва зоология институти директорининг ўринбосари лавозимида,  1952 йилдан 1981 йилга қадар эса, Зоология ва паразитология иинститути директори лавозимида ишлаган. Бундан ташқари, 1952 йилдан 1956 йилга қадар Ўзбекистон ФА президенти бўлган, 1961 йилдан бошлаб – Зоология академияси аъзоси (Агра, Ҳиндистон) саналган.

Асосий илмий ишлари Ўзбекистон ССР чўлларидаги, жумладан Қорақум умуртқалилар фаунасини ўрганишга бағиланган. Унинг ишларининг натижалари Ўзбекистон ССР чўллари зоогеографик ҳудудлаш учун фойдаланилган.

 

Муҳаммад Тошевич Ўрозбоев (1906.20.05 – 1971.9.05)

 

Механика соҳасида кўзга кўринган олим, жамоат абоби. Ўзбекистондаги назарий механика мактаби асосчиларидан бири. Профессор (1938). Техника фанлари доктори (1947). ЎзССР ФА академиги (1956). СССР Қурилиш ва архитектура академияси академиги (1957). ЎзССРда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби (1960). Муҳаммад Тошевич Ўрозбоев Қўқон шаҳрида, темир йўл ишчиси оиласида туғилган. 1918 йилда мактаб-интернатга, 1925 йилда ЎОДУ (САГУ) ишчилар факультетига ўқишга киради. Уни 1928 йилда тамомлаб, МҲТУ механика факультетига киради, кейин Москва тўқимачилик институти машинасозлик факультетида ва Москва давлат университетининг механика-математика факультетида ўқийди.

Уни тамомлагандан кейин Муҳаммад Тошевич МДУ Механика институти аспирантурасига киради, у ерда ўз илмий фаолиятини бошлайди. 1936 йилда у фан номзоди даражаси учун диссертациясини мувафақиятли ҳимоялайди, 1930 йилдан бошлаб эса, ҳали талабалик давридаёқ, педагогик фаолиятни олиб боради. 1932 йилда Москва тўқимачилик институти материаллар қаршилиги кафедраси ассистенти бўлиб ишга олинган, 1935 йилда доцент бўлган. 1936 йилда, аспирантурани тамомлаганидан кейин, Тошкент тўқимчилик институтига ишга юборилган. У ерда 1945 йилга қадар ишлади, илмий ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлган, материаллар қаршилиги кафедрасини бошқарган.  1947 йил мартдан 1957 йил апрелга қадар Ўзбекистон Фанлар академияси Иншоотлар институти (ҳозирги Механика ва иншоотлар зилзилабардошлиги институти) директори бўлиб ишлаган. 1957 йил апрелдан 1961 йилга қадар ДФТҚ раиси бўлган. 1961-1963 йилларда ЎзССР ФА Механика институтида ишлаган, 1963-1971 йилларда Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент политехника институти ректори бўлган. ЎзССР ФА академик-котиби )1970-1971). СССР Дават мукофоти лауреати (1952), Беруний номидаги ЎзССР Давлат мукофоти лауреати (1967).

Академик М.Т. Ўрозбоев раҳбарлиги остида Ўзбекистонда минтақанинг долзарб муаммолари билан яқиндан боғлиқ механиканинг турли йўналишлари ривожининг асоси қўйилган: умумий механика, суюқликлар ва газлар механикаси, деформацияланувчи қаттиқ жисм механикаси, бинолар ва иншоотлар зилзилабардошлиги, механизмлар ва машиналар механикаси, ҳисоблаш механикаси. Ҳозирда республикада ушбу йўналишларнинг ҳар бири бўйича кенг шуҳрат қозонган илмий мактаблар фаолият олиб бормоқда.

М.Т. Ўрозбоев ЎзССР раёсати аъзоси бўлган. 1959-1963 йилларда – Ўзбекистон Компартияси МҚ аъзоси. Ленин, Меҳнат Қизил Байроқ, Ҳурмат белгиси орденлари ва медаллар билан тақдирланган. ЎзССР ФА Механика ва иншоотлар зилзилабардошлиги институтига, Қўқондаги коммунал техникумга, Тошкент ш. Қорақамиш мавзесидаги кўчалардан бирига М.Т. Ўрозбоев номи берилган. Институтда академик М.Т. Ўрозбоевнинг мемориал музей-кабинети мавжуд.

 

Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаев (1936 йил 14 октябрь — 2010 йил 7 февраль)

Академик П.Қ. Ҳабибуллаев – жаҳон ва миллий физика фани ривожига юқори даражада салмоқли ҳисса қўшган буюк физик. У акустик спектроскопия, физик ва квант акустикаси, нанофизика ва юмшоқ тизимлар физикаси, ночизиқ оптикаси ва лазерли термокимё, суперионли ўтказувчилар ва квант-ўлчамли тизимлар, ядро физикаси ва радиациявий материалшунослик, ночизиқли динамика ва хаос, изотоплар ва лазер фотосинтези физика-кимёси ва бошқа йўналишларда тадқиқотлар ўтказувчи илмий мактаблар асосчиси.

1960 йилда Ўрта Осиё давлат университетини тугаллаган. 1964 йилда физика-математика фанлари номзоди илмий даражасини ёқлаш бўйича диссертацияни ҳимоя қилади (Москва ш.), 1971 йилда – физика-математика фанлари доктори илмий ишини ёқлайди (Новосибирск ш.), профессор. Конденсацияланган муҳитлар, жумладан фазавий ўтишлар ва инқирозий ҳодисалар соҳасидаги акустик спектроскопия асосчиларидан бири. У томонидан биринчи бўлиб 103 Гц.дан энг юқори (1010 Гц)гача бўлган бйўлама ва кўндаланг акустик тўлқинлар тарқалишида юмшоқ муҳитларда релаксация жараёнлари молекуляр табиати ўрганилди, бу наномасштабда молекуляр тартибланувни анилаш ва номутаносиб тизимлар термодинамикаси нуқтаи назаридан унга изоҳ бериш имконини яратди.

Юмшоқ муҳитлар физикаси ва суперионли ўтказувчилар физикаси каби янги илмий йўналишлар асосчиси ҳисобланади.

П.Қ. Ҳабибуллаев раҳбарлиги остида реакторнинг фаол ҳудудида ядро реактори ва термоядро қурилмалари конструкциявий материалларининг иссиқлик физикаси, электр физикаси ва механик хусусиятларига радиация майдонининг таъсирига бағишланган қатор тадқиқотлар ўтказилган. У ва унинг шогирдлари водород, ядро ва термоядро энергетикаси учун материалшунослик масалаларини ҳал қилишда зарур бўлган, тезлаштирилган ионлар ва нейтронларнинг материалда эриган водород билан ўзаро таъсирлануви маҳсулларининг концентрацияси ва энергетик спектрлари профилини ўлчашнинг ядро-физикавий услубларини ривожлантирдилар. Радиофаол изотоплар (фосфор-32, фосфор-33)ни ишлаб чиқариш ва қўллаш бўйича йўналишлар ривожлантирилди, технология таклиф этилди ва юқумли касалликларни диагностикалаш учун препаратлар чиқарилди.

Академик П.Қ. Ҳабибуллаевнинг янги истиқболли технологиялари ва инновацион ғоялари турли тармоқларда: энергетикада (жумладан ядро, водород, қуёш энергетикаси), кимё саноатида ва тиббиётда, биотехнологияда ва материалшуносликда кенг қўлланилади.

П.Қ. Ҳабибуллаев Тошкент педагогика институти (1964) кафедрасига раҳбарлик қилди. Андижон пахтачалик институти ректори (1971), Ўзбекистон КП МҚ илм-фан ва ўқув муассасалари бўлими бошлиғи (1975), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, Ядро физикаси институти директори (1978), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти (1984).  1988 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Раёсати раиси этиб сайланган, 1994 йилдан Давлат фан ва техника қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологиялар маркази директори этиб тайинланган.

П.Қ. Ҳабибуллаев 500 дан зиёд илмий асарлар 15 та монография муаллифи, уларнинг 4 таси чет эл нашриётларида чоп этилган. У 200 дан ортиқ фан номзоди ва 40 нафар фан доктори етиштирган.

Тўрабек Нўъмонович Долимов (1936 йил 18 август – 2011 йил 12 октябрь)

 

Геолог олим, геология-минералогия фанлари доктори (1981), профессор (1985). Тўрабек Нўъмонович Долимов Тошкент давлат университетини тамомлаган (1960). 1962 йилда Геофизика институти аспирантурасига киради, 1965 йилдан 1983 йилгача Ўз ФА Геология ва геофизика институти илмий ходими бўлиб ишлайди. 1973-1974 йилларда Ўзбекистон Геология вазирлиги Ўрта Осиё Геология ва минерал ресурслар институти бўлим мудири бўлади. 1983 йилдан – Минерал ресурслар институти бўлим мудири, 1985-1987 йилларда – Тошкент давлат университети геология кафедраси мудири, факультет декани бўлади. 1995 йилдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори сифатида фаолият юритади. Унинг тадқиқот қизиқишлари ўзгаришга учраган ерлардаги вулқон жинслари петрологияси ва Тянь-Шань геодинамикасини қамраб оларди.

Ўзбекистон халқ бирлиги ҳаракати раиси (1995 йилдан), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати (1995 йилдан). Ўзбекистон Миллий энциклопедияси таҳрир ҳайъати аъзоси (1997 йилдан), “Меҳнат Шуҳрати” ордени билан тақдирланган (1998 й.)

Унинг илмий асарлари: “Гранит тузилмалар ҳосилалари”, “Ўзбекистон вулқон ҳосилалари”, “Палеозой ривожланиши тарихида рифтогенез”, “Ўрта ва Жанубий Тянь-Шань мисолида бурама ҳудудлар нордон вулканизми” ва бошқалар жаҳон илм-фани хазинасига бебаҳо ҳисса қўшган.

ВАДИМ НИКОЛАЕВИЧ ЯГОДИН (1932 й. – 2015 й.)

 

 

Тарихчи, Қорақалпоғистон археологи, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими (Нукус ш.) бош илмий ходими Вадим Николаевич Ягодин Оренбург вилояти Бузулук ш.да туғилган. 1935 йилда унинг отаси Тўрткўлдаги рус драматик театрига ишга таклиф қилинади ва Вадим ота-онаси билан Қорақалпоғистонга кўчиб келади. 1955 йилда у Иваново давлат университетини тамомлайди ва Нукус ш.даги Республика тарихий-ўлкашунослик музейида илмий ходим лавозимида ишлай бошлайди. Тез орада уни Ўзбекистон ФА Қорақалпоғистон комплекс илмий-тадқиқот институтига археолог лавозимига ишга ўтказадилар. 1963 йилда Вадим Николаевич Этнография институти (Москва)да номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади. 1964-1968 йилларда Вадим Николаевич – Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиали Тарих, тил ва адабиёт иниститути катта илмий ходими бўлади. 1969-1991 йилларда археология бўлими мудири бўлиб ишлайди. 1991 йилда Ломоносов номидаги Москва университетида докторлик диссертациясини ёқлайди. 1992 йилдан – Ўзбекистон ФА Қорақалпоғистон бўлими Тарих, археология ва этнография институти директори.

Вадим Николаевич – Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Афғонистон, Иордания ҳудудидаги археологик экспедициялар иштирокчиси. Жанубий Оролбўйи ва Орол-Каспий чўлларидаги археологик экспедициялар раҳбари. 200 та илмий ва илмий-оммабоп иш, жумладан 7 та монография, 1 та ўқув қўлланмаси муаллифи.

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган, Россия археологик жамияти аъзоси, Нью-Йорк Фанлар академияси аъзоси, Австралия илмий кенгаши халқаро эксперти, Ўзбекистон ФА Қорақалпоғистон Тарих, археология ва этнография институти қошидаги номзодлик диссертациялари ҳимояси бўйича махсус кенгаш раисининг ўринбосари, Ўзбекистон ФА Самарқанд археология институти қошидаги докторлик диссертациялари ҳимояси бўйича махсус кенгаш аъзоси.

Вадим Николаевич жаҳон тарих фанига янги археологик маданияти тавсифини тақдим этди, Амударё дельтасида жойлашган Кердер кечуви ва манзили номидан келиб чиқиб унга Кердер номини берди. Бу ерда қадимда қорақалпоқ халқи аждодлари истиқомат қилганлар. В.Н.Ягодин ўз ходимлари билан “Кердер антропологияси ва маданияти масалалари” асарлар тўпламини чоп этди, улар Хўжайли ш. Яқинидаги Миздиқхон оссурий ва илк мусулмон қабргоҳи тадқиқ қилинди. Қазиш ишлари материаллари асосида у антрополог Т. Хожаев билан биргаликда “Қадимги Миздиқхон некрополи” китоби чоп этилди, у Евроосиё давлатлари тарихчиларида қизиқиш уйғотди. Унинг раҳбарлигидаги экспедиция Хива ш.да қазиш ишларини олиб борди ва шаҳарнинг ёши 2500 йил эканлигини аниқлади.

20 йил давомида (1970-1991) Вадим Николаевич бошчилигидаги экспедиция Орол ва Каспий денгизи оралиғида ясланиб ётган чўлни археологик тадқиқ қилиш дастури бўйича дала тадқиқотларини ўтказди. Орол-Каспий палеолити кашф этилди, илк ва кейинги кўчманчилар ёдгорликлари тасвирланди, Жанубий Оролбўйи халқлари тарихида кўчманчи чорвадор аҳолининг роли, уларнинг ўтроқ-деҳқон тамаддун билан ўзаро алоқалари аниқланди, бу Жанубий Оролбўйи халқларининг мураккаб этногенези ва маданий генези жараёнларига янгича мазмун берди.

Устюртда Вадим Николаевич оқ қуйруқ, қулон, жайронларга қадимги овчилар ясаган молхоналарнинг ёйсимон тархини ўрганди. Бу феноменнинг илмий тавсифи халқаро миқёсда шуҳрат қозонди. Бундай археологик ёдгорликлар археологлар томонидан Арабистон ярим оролида топилганди. Уларнинг қиёсий ўрганиш Вадим Николаевични Иордания Ҳошимий Қироллигига (Яқин Шарқ) олиб келди, у ерда Сидней университети (Австралия) ва Британия институти археологлари билан биргаликда ишлади. Тадқиқот натижалари Ғарбий Европа давлатлари ва АҚШ илмий нашрларида ёритилди.

Вадим Николаевич Марказий Осиё энг қадимий тамаддуни тарихига боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган Халқаро археологик экспедиция ишида қатнашди (1975-1977 йй.)

Профессор Вадим Николаевич Ягодиннинг илмий мактаби шаклланган. У Қорақалпоғистон давлат университетида ва Сидней университетида (Австралия) Қадимги Хоразм тарихи тўғрисида маърузалар ўқийди. Вадим Николаевич Ягодин – 2 жилдли “Қорақалпоғистон АССР тарихи” муаллифи ва таҳрир ҳайъати аъзоси. Унинг раҳбарлиги остида “Жануби-шарқий Устюртнинг қадимги ва Ўрта асрлар маданияти” асарлар тўплами чоп этилган. У “Устюртнинг ёйсимон тархлари” монографияси муаллифи

В.Н. Ягодин Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон археологияси, тарихига бағишланган кўплаб йирик илмий асарлар ташкилотчиси ва муаллифи бўлган. У асос солган “Оролбўйи археологияси” нашри серияси ҳануз чиқиб турибди. Орол-Каспий чўлларининг мураккаб шароитларида, Амударёнинг Оролбўйи дельтасида, қадимги Миздақхон археологик мажмуаси, Оқшахон қалъа пойтахт шаҳри каби йирик тамаддун марказларида йирик археологик тадқиқотларнинг моҳирона ва муваффақиятли ташкил этилиши олимнинг ажойиб ташкилотчилиги, билимларининг чуқурлигига далолат қилади. кўплаб тадқиқотлар ўзларининг кўп илм соҳаларини қамраб олиши билан ажралиб турарди. Олим келажакни кўра билиш ва ўз тадқиқотларида фан ва технология ютуқларидан фойдаланиш олишга қодир эди. 1970-80 йилларда у тадқиқот ишлари амалиётига аэрофотосъемка услубларини фаол жорий этган бўлса, улар базасида у фазовий сьемкага ҳамда оммавий археологик материални компьютерда қайта ишлашга асосланган энг янги ГАТ-технологиялар ташаббускори бўлди ва уларни фаол жорий қилди.

Буйруқбозлик-маъмурий партия конъюнктурасига қарамай, илм-фан манфаатларини ҳимоя қила олди, Қорақалпоғистон халқлари тарихи ва маданиятининг бой меросини сақлаб қолиш учун курашди. Узоқ вақт давомида В.Н. Ягодин Қорақалпоғистон Тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш жамияти  раёсатининг аъзоси бўлди ва Қорақалпоғистон Республикаси тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва асрашга оид қатор масалаларни ҳал қилишда қатнашди.

Профессор В.Н.Ягодин Ўзбекистон Республикасида илм-фан ривожига салмоқли ҳисса қўшди ва юқори малакали илмий ҳамда педагогик кадрлар тайёрлашга доимий эътибор берди. Унинг раҳбарлиги ва кўмаги остида тарих фани бўйича 10 дан зиёд докторлик ва номзодлик диссертациялар ёқланди. 2006 йилда унга профессор унвони берилди.

У илмий муассаса – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Тарих, археология ва этнография иинститутини ташкил этиш ташаббускорларидан бири бўлди ва 1992 йилдан 2011 йилга қадар унинг директорлик қилди. Кейинроқ эса, ушбу институт қошида Номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослашган кенгаш ташкилотчиларидан бўлди ва кейинги йилларда ушбу кенгаш раиси сифатида фаолият юритди. ЎзР ФА ҚБ раёсати аъзоси, “ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими хабарномаси” журнали таҳрир ҳайъати ва бошқа қатор жамоавий ташкилотлар аъзоси эди.

Қорақалпоғистон археологик илмининг бутун бошли даври Вадим Николаевичнинг номи билан боғлиқ эди.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *