Марказ нисбатан яқинда очилган бўлса ҳам, бугунги кунга келиб унинг ҳисобида етарлича жиддий илмий ютуқлар ва келгуси ривожланиш истиқболлари мавжуд. Чунончи, марказ ходимлари томонидан чет эл нашрларида 100 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этилди (бу нашрларнинг 29 таси халқаро иқтибослар рўйхатига киритилган, улар сирасида Nature, Nature communications, Scientific reports каби етакчи илмий журналлар ҳам мавжуд), 1 та илмий ишланма, 7 та ўқув нашри тайёрланди, 12 та илмий лойиҳа якунланди (жумладан, 1 та халқаро миқёсда) ва 15 таси амалга оширилмоқда.
Хусусан, Геофизика ва наноминералогия лабораторияси томонидан ЎзР Президентининг 2018 йил
04 декабрдаги 4048-сон «ЎзР ҳудудида атом электр станциясини қуришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғриси»даги Қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида сейсмологик, сейсморазведка ва электроразведка дала тадқиқотлари амалга оширилди. Лаборатория ходимлари сув омборлари каби йирик муҳандислик иншоотларининг сейсмик кўрсаткичларининг доимий мониторинги учун йўл-йўриқларни ишлаб чиқдилар.
Шу билан бирга, физик-кимёвий тадқиқотлар лабораториясида голографик микроскоп ишлаб чиқилди ва патентланди.
Хитойлик олимлар билан ҳамкорликда юксак терапевтик салоҳиятга эга рекомбинант пептид ҳосил қилинди. Гибрид ДНКдан фойдаланиб, керакли оқсилларни турли микроорганизмларда ишлаб чиқариш имконини берувчи ген инженерияси ёрдамида олинган оқсиллар
ва пептидлар (камроқ молекуляр массага эга аминокислоталардан ташкил топган молекулалар) рекомбинантлар деб аталади.
Марказнинг бир гуруҳ ходимлари томонидан, тайёрлов босқичи доирасида, тери қопламаларининг турли нуқсонларини даволаш ва тиклаш учун тўқима инженерияси конструкцияларини ишлаб чиқиш мақсадида бириктирувчи тўқималар (тери фибробластлари) ҳужайраларини ажратиш, етиштириш ва криосақлаш бўйича илмий-тадқиқот ишлари ўтказилмоқда.
Геофизика ва наноминералогия лабораториясида ер остидаги тарихий объектларни аниқлаш ва уч ўлчамли тасвирини олиш услуби ишлаб чиқилди. Биринчи бор ушбу услуб ўтган йил ёзида яқинда аниқланган археологик объектлардан биридаги қазилмаларда синовдан ўтказилди.
Италиялик ҳамкасблар билан биргаликда вертикал интеграцияланган фотогальваник элементли «Smart Totem» кўпфункцияли ёритиш ускунаси ишлаб чиқилди, унинг имкониятлари кишини ҳайратга солади – у ҳам WiFi манбаи, ҳам электр энергия аккумулятори, ҳам ахборот манбаи бўлиш ва кўплаб бошқа функцияларга эга. Марказ олимлари ушбу технологияни «Ақлли шаҳар» тизимига интеграциялашни режалаштирмоқдалар.
Марказ физиклари, қудратли лазер нури ёрдамида микрон мембраналарини олишлари мумкин, улар ҳам машинасозликда, ҳам тиббиётда қўлланилади.
Марказ биотехнологлари томонидан генетик ва клиник-биокимёвий таҳлил учун тест-тўпламлар (20 та генетик тест ва 6 та клиник-биокимёвий тест) ишлаб чиқилган ва илк тўпламларни тажриба-саноат ишлаб чиқариш участкаси базасида ишлаб чиқариш ташкил этилди.
Копенгаген университетидаги ҳамкасблар билан биргаликда Марказ «Food Science» республика илмий-таълимий кластерини ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда, у таълим, илм-фан ва озиқ-овқат саноатини таълим жараёнини модернизациялаш ва халқаро стандартларга мувофиқ ёш мутахассисларни тайёрлаш орқали бирлаштиради.
Шунингдек, марказ Тана ҳужайралари миллий банки, инсоннинг турли аъзолари ва тўқималаридан (жумладан, янги туғилган чақалоқларнинг киндик қонидан) ажратиб олинган тана ҳужайраларини етиштириш, музлатиш ва узоқ, амалда чекланмаган муддатга сақлаш бўйича мажмуа яратиш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. У онкологик касалликлар, БЦФ, диабет, атеросклероз ва бошқа касалликларни даволаш учун ҳужайравий терапевтик препаратларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, регенератив тиббиёт, терини тиклаш, жарроҳлик ортопедияси ва стоматология учун тўқималар инженерияси конструкцияларини яратиш учун асос бўлади.
«Ўзбекистон биотехнология тармоғида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш» лойиҳаси 2019 йил октябрда Ислом тараққиёт банки Илм-фан, технологиялар ва инновациялар фонди ташкил этган танлов (IsDB-STIF) ғолиби бўлди. Лойиҳадан кўзланган мақсад ИТМ кадрлар салоҳиятини кучайтириш, тайёрланаётган мутахассислар даражаси (жумладан, амалий кўникмаси)ни ошириш, биотехнологик стартаплар акселерацияси ва потенциал инвесторларни жалб қилиш орқали, Ўзбекистонда саноатнинг биотехнология тармоғи ривожланиши учун платформа яратиш саналади.
Янги COVID-19 коронавирусининг хавфлилик даражасини англаган ҳолда ва маҳаллий тест тизими зарурлигини инобатга олиб, 2020 йил февралдаёқ Инновацион ривожлантириш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази олимлари тест тизимини ишлаб чиқишга киришдилар. Натижада, бир ойдан сўнг ўзбек олимлари томонидан вирус геномининг иккита участкасининг ПЦР услубидаги таҳлилига асосланган самарали тест тизими ишлаб чиқилди. Бутун таомил 5-6 соатни қамраб олади. Тест тизими санитария-эпидемиология назоратининг махсус лабораторияларида қўллаш учун мўлжалланган. Тест тизимларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилган ва маҳаллий бозорда реализация қилинмоқда, шунингдек, уларга яқин хориждан катта қизиқиш билдирилмоқда.
Qvant таҳририяти тахлил гуруҳи