Аннотация: Мақолада ўқитувчиларнинг таълим-тарбия жараёнидаги асосий функциялари, тамойиллари, қадриятлари ҳамда уларнинг замонавий таълим ва жамият тараққиётидаги ўрни таҳлил этилади.
Калит сўзлар: ўқитувчи, ўқувчи, шахс,билим, таълим-тарбия.
Resume:The article analyzes the main functions,principles,values of teachers in the educational process and their role in the development of modern education and society
Key words: teacher, student, person, knowledge, education
Янгиланаётган Ўзбекистон тараққиёти нафақат сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маданий, шунинг билан бирга маънавий-маърифий ўзгаришларни ҳам талаб этади. Айнан маънавий-маърифий тараққиёт даражаси бевосита субъектив характерга эга бўлиб, уларга нисбатан индивидуал ёндошув зарур. Чунки ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги муаммолар ечими халқнинг менталитети, тарбияланганлик даражаси, билим савияси, маданий қиёфаси билан ифодаланади.
Чўлпон “Халқ тўлқиндир, халқ денгиздир, халқ кучдир”, деганида айнан унинг маданий, маърифий даражасига нисбатан баҳо изоҳланади. Мана шу халқ авлодларига қандай келажакни раво кўрса, аждодларининг уларга бўлган эътибори, уларга қаратилган умид ва ишончи натижасида юзага келади. Халқимиз асрлар давомида ўз имон-эътиқодига содиқ, меҳнатсевар, ватанпарвар, мардона курашувчан миллат сифатида ўз этник бирлигини сақлаб қола олган ва унинг тараққиётини нафақат ёвларга қарши курашда, балки илмий-салоҳият, ахлоқий-етуклик, маънавий-поклик, маданий савияси орқали дунёга намойиш эта олган буюк миллатлардир.
Дарҳақиқат янгиликлар жамият тараққиётининг ҳар бир босқичида ўзига хос қиёфада келсада, аммо унинг мазмун-моҳияти айнан келажак авлод таълим-тарбиясига боғлиқ. Яъни давлат ва жамият аъзоларининг уларга яратаётган шароитлари ва руҳияти, уларда жамият тараққиётига нисбатан ишончни шаклланишига, мақсад ва вазифаларни конкретлаштиришга, ўзини ўзи ривожлантиришга ва юксалиш йўлларини топишга ёрдам беради.
Ўқитувчи ва мураббийлар ўқувчиларга табиатига мувофиқлик ва идеалга мувофиқлик тамойили асосида таълим ва тарбия бериши зарур.
Бу жараёнда ўқитувчининг биринчи функцияси, билимларни бериш (етказиш) жараёни – ўқитишда, иккинчиси тарбия жараёнида шаклланади. Бир жиҳатда бу функцияларни нисбатан бир-биридан мустақил функциялар сифатида тушуниш мумкин. Иккинчи бир жиҳатда эса, бу функциялар ягона таълим тизимида ўзаро чамбарчас боғлиқ эканлиги ва бир-бирини ўзаро тўлдириши муқаррарлиги шак-шубҳасиздир, чунки ўқитиш ва тарбиялашнинг бирлиги “таълим” атамасида семантик ва этимологик асосланган. Ўқитиш дейилганда, билим ва кўникмаларни ўзлаштириш тушунилса, тарбия дейилганда, қадриятларни ўзлаштириш тушунилади. Шундан келиб чиқадики, ҳар қандай қадриятни ўзлаштириш ўқитишсиз амалга ошиши мумкин эмас. Ўқитишни тарбиядан ажратишни эса (XX аср охири XXI бошларида либерал ислоҳотлар даврида мазкур ёндошувни Собик Иттифоқ мамлакатлари таълим тизимига фаоллик билан тадбиқ этишга уринилган) риёкорлик деб аташ мумкин. Агар билимларни ўзлаштириш жараёнида интеллектуал ривожланиш маънавий ривожланиш билан узвий боғланмаса, таълим ўз мақсадига ҳеч қачон эриша олмайди. Ахборотни етказиш (ўтказиш) ва ўзлаштириш орқали билимга эришиш мумкин деб ўйлаш хато, у тўлиқ бўлиши зарур, яъни унда иккита мажбурий компонент: самарали-мантиқий ва эмоционал-қадриятли компонентлар мавжуд бўлиши талаб этилади. Эмоционал-қадриятли компонент эса тарбиясиз шакллана олмайди. Зеро, шахснинг устивор қадриятлари маълум қонунлар асосида шаклланиши бутун таълим тизимининг бош мазмуни ҳисобланади. “Инсоннинг кечинмалари дунёсини шакллантирган ҳолда, тарбия таълим ва ҳаёт ўртасидаги муҳим боғловчи бўғинга айланади, унинг шарофати билан билан билимлар “жонланади” ва инсоннинг фаол ўзгартирувчилик фаолияти йўлга қўйилади”[2].
Мазкур функцияларда инсон ибтидоси қайси шаклда юзага келиши мумкин? Бу асосий уч жиҳатга боғлиқдир. Биринчидан, конкрет ўқитувчининг ўзи шахс ҳисобланади. Иккинчидан, у ўқувчи шахсининг интеллектуал ва маънавий ривожланиши жараёнида бевосита иштирок этади ва ўқитувчининг қадрият вазифалари махсус аҳамият касб этади. Учинчидан, ўқувчининг шахси ҳам ўқитувчи шахсига таъсир этади.
Сўнгги ўн йилликлардаги таълим муаммоларига бағишланган илмий тадқиқотларда ўқувчи шахси тавсифининг индивидуал хусусиятлари, унинг ривожланишининг ўзига ҳос хусусияларини ҳисобга олувчи, шахсга йўналтирилган ва индивидуал йўналтирилган методикаларга етарлича эътибор қаратилган. Бошқача айтганда, ҳозирги кун олимларининг диққат эътибори “ўқитувчи-ўқувчи” ҳамкорлигининг субъект-субъект тамойилига қаратилган. Бунда ўқитувчининг энг асосий функцияларидан бири – социумнинг маданий (ижтимоий-когнитив, маънавий) тажрибасини ташувчиси эканлигидадир. Мазкур тадқиқот ишида биз ўз эътиборимизни ўқитувчи шахсига қаратган ҳолда ушбу камчиликни қоплашга ҳаракат қиламиз ва ҳозирги кун замонавий ижтимоий-педагогик жараёнда ўқувчининг билимлари ва шахсининг бутун тизими шаклланишида ўқитувчи-мураббийнинг етакчи ролини асослашга уриниб кўрамиз.
Педагогик жараёнда ўқитувчининг ўрни ҳақидаги масала бугунги куннинг энг долзарб масаларидан биридир. Мазкур масала фалсафий фикр соҳасида инсонга бўлган эътибор сифатида Суқрот давридаёқ белгиланган ва шу кунгача сусаймаган, аксинча кучайиб келмоқда. Инсон шахсининг мазмунига бўлган қизиқишни янгидан кучайиши XIX асрнинг ярмига, айнан С.Кьёркегор экзистенциализмининг ибтидоси бўлиб ҳисобланувчи ишларидан бошланган эди. Шундан кейин, инсон шахси ҳар доим турли фалсафий, ижтимоий йўналишлар ва мактабларнинг диққат марказида бўлиб келган. Нафақат экзистенциализм, персонализм, фалсафий антропологияда ( Германияда – М.Бубер, М.Хайдеггер; Францияда – А.Камю, Ж.П. Сартр, Э. Мунье, Ж.Лакруа, М.Недонсель, П.Рикер; россияда – Н.А.Бердяев. Л.И.Шестов, Н.О. Лосский, Америкада – Б.Боун, Дж. Ройс, М.Калкинс ва бошқалар) балки бизга яқин бўлган фалсафий оқимларда ҳам инсоннинг индивидуал мавжудлиги тадқиқотларнинг бош мавзусига айланган эди. Эътиборли томони шундаки, ҳатто шахснинг ижтимоий марказлашган (социоцентрик) фалсафий таълимотларида ҳам шахсга ижтимоий-тарихий жараённи ҳаракатга келтирувчи куч сифатидаги мақом берилган. Шахс тушунчаси инсон индивидини социумнинг аъзоси сифатида кўришликни тақозо этади, унинг томонидан умумлаштирилган (яхлитланган) ижтимоий аҳамиятга эга бўлган тавсифларни умумлаштиради. Бу тавсифлар ижтимоий мулоқотнинг конкрет ҳаракатларида шаклланади ва юзага чиқади. Шахснинг ноёблиги ижтимоийлашувнинг шарти эмас. Балки унинг натижаси сифатида пайдо бўлади. Индивидуаллик индивиднинг бошқа одамлар билан ўзаро ҳамкорлиги жараёнида маданий қадриятлар ва ижтимоий ролларни ўзлаштириш орқали ва шунингдек жамият муносабатлари тизимига киритиш орқали шаклланади.
Демак, социум шахсни яратади ва ўз навбатида шахс ҳам ўз танасидан ўтказиб, бутун ўраб турган борлиқни баҳолаш орқали жамият тараққиётига ҳисса қўшган ҳолда, социумни яратилишига хизмат қилади. Бундан келиб чиқадики, инсон шахсининг ўзини тутиб олиши ташқи ижтимоий ёки иқтисодий таъсирнинг пассив натижаси ҳисобланади. С.Л.Рубинштейн таъкидлаганидек, инсоннинг шаклланиши унинг ўзини фаол ҳаракати жараёнида, аммо мажбурий тарзда бошқа одамлар билан ҳамкорликдаги фаолият мавжудлигида амалга ошади[4] .
Янгиланаётган Ўзбекистон таълим парадигмаси янги авлод онгига билим ва салоҳиятга ишонч руҳини шакллантирмоқда. Ўқитувчи ва мураббийларнинг қатъий ривожланиш тамойиллари инсон меҳнати асосида бўлиб, ҳар қандай жамиятдаги инқирозли даврлар барҳам топиб комилликка эриша олган инсонгина унда ўз ўрнини топа олади. Ўқувчилардаги келажакка ишонч руҳи давлатимиз тараққиётини таъминлайди. Ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, уларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, мустақил қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш биринчи навбатда ўз-ўзига бўлган ишонч ва салоҳиятни намойиш эта олиши учун яратилган имкониятда акс этади. Бу салоҳиятни турли йўналишларда ҳоҳ илмий, ҳоҳ касбий фаолият бўлсин барча ўқувчиларда турли лойиҳаларни ишлаб чиқиб, “Устоз-шогирд” анъаналари асосида йўлга қўйиш лозим.
Чунончи, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўямиз, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз[1.]. Бу ғоя асосида ўқитувчилар – “Ўқувчингизга оғзаки дарс берманг, у уларни фақат тажрибадан олиши керак; унга ҳеч қандай жазо қўйманг, чунки у айбдор бўлиш нимани англатишини билмайди; уни ҳеч қачон кечирим сўрашга мажбурламанг, чунки у сизни хафа қила олмайди” [3], балки уларга ишонч ва мотивацион руҳни беринг. В.А.Сухомлинский “Ўқитувчи ўқувчиларига қалбини бериш керак” деганида, айнан иш унумдорлигига эришиш омилини назарда тутади. Бундай ўқитувчиларнинг илмий мактаблари – “Қоракўл мактаби”[5], Тўхтамурод Жумаев каби ўқитувчилар тимсолида гавдаланади.
Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек, келажак устунлари тарбиячилар, ўқитувчилар, зиёли ва олимлар, ҳамда уларнинг яқин кўмакчилари бўлган ота-оналардир. Улар бизга керакли келажак авлодни вояга етказадилар. Бу авлод Ўзбекистонда учинчи Ренесанс пойдеворига асос сола олади.
Фойдаланилган адабиётлар
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси/ https://old.president.uz/uz/lists/view/4057
2.Ушакова Е.В. Общая теория материи (основы построения). — В 4 тт. — Барнаул: Алт. отд. философского общ-ва РАН, Алтайский госуд. аграрный университет. Части 1-3, 19926,
3.Свободное воспитания Ж.Ж.Руссо. – https://www.psychologos.ru/articles/view/svobodnoe-vospitanie-po-russo%20?%3E
- Рубинштейн С. Л.. Проблема способностей и вопросы психологической теории// Вопросы психологии. -1960. – № 3. – С. 3-15.
- “Қоракўл мактабининг сири нимада”. https://www.youtube.com/watch?v=RBOyXGYlWKM
Кудратова Умида Рахматовна ТДИУ докторанти