30 июнда пойтахтдаги Ботаника боғида Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми ўтди, унда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди.
“Билимли ёшлар – келажак пойдевори. Бугунги ҳаракатларингиз билан ўз келажагингизга асос соляпсизлар. Мен сизлар билан ғурурланаман”,- деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, касбий ва ижтимоий ҳаётидаги муҳим ютуқлари, ижодий ва интеллектуал салоҳияти билан тенгдошларига намуна бўлаётган, мамлакатимиз равнақига ва халқаро майдондаги обрўси ошишига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаол ва илғор ёшлар орден ва медаллар билан тақдирланганди. Байрам тадбирида давлатимиз раҳбари ушбу мукофотларни эгаларига тантанали суратда топширди.
Тақдирланганлардан бири юксак давлат мукофотига муносиб топилган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети докторанти Барно Ортиқхўжаева бўлди.
Тошкентдаги Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида қатнашган Барно Ортиқхўжаева биотехнологиялар соҳасида ўзи амалга ошираётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берди. У биотехнология ихтисослиги бўйича иккинчи курс базавий докторанти бўлиб, ўз мутахассислигини жуда севади. 2018 йилдан буён Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги базасида стартап-лойиҳа билан шуғулланади. 2020 йилда илмий-технологик лойиҳани амалга ошириш учун молиялашга эришилди.
Ушбу стартап-лойиҳа доирасида 2019 йилда АҚШдаги бизнес-инкубаторда қатнашди, кейин лойиҳа Россияда инкубация дастурини ўтади. Ўтган йилда Барно Ортиқхўжаева ШҲТ доирасидаги стартап-форумда Ўзбекистон номидан қатнашди ва лойиҳа доирасида аёллар тадбиркорлиги ривожланиши ҳақида сўзлаб берди.
Барно Ортиқхўжаева лойиҳа доирасидаги ҳамкасблари билан бирга, кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан “Perspective woman” ташкилоти, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи ёшлари академияси (CAYLA) билан ҳамкорлик қилади, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) дастури финалчиси саналади. Шунингдек “Жист-хап” дастури ва бошқалар доирасида иш олиб боради.
Барно илм-фанга қизиққан барча қизларга Ўзбекистон илм-фан ва технологияси ривожида фаол иштирок этишни тавсия қилади ва ишнинг бошида чўчитиши мумкин бўлган қийинчиликлардан асло қўрқмаслик кераклигини айтади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ахборот технологиялари ва инновациялар фаол ривожланмоқда. Бу факт кейинги йилларда ушбу соҳадаги ривожланиш статистикаси илмий лойиҳаларга тобора кўпроқ ёшларни жалб қилишига ва ҳар бир лойиҳа тижорий мувафффақиятга эришишига, бу эса, пировардида, мамлакат иқтисодиётининг ривожланишига олиб келишига умид уйғотади.
Президент қўлидан мукофотни оларкан, Барно ўзининг оёққа туришида ва барча ютуқларга эришишида қўллаб-қувватлаган ўз ота-онаси, педагоглари, раҳбарларини ёдга олди ва миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида таълим тизимини янада ривожлантириш ва ёшларнинг таълим соҳасидаги имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор берди.
– Ҳар гал сизлар билан учрашганда мен бир фикрни такрорлашдан чарчамайман: илмни қадрланг, илмга интилинг! Ўзингиз кўриб турибсиз, жаҳонда ўқиган, замонавий илм-фан ва касбларни эгаллаган, ўсиб келаётган авлодни шундай руҳда тарбиялаган халқлар ва давлатлар жадал ривожланмоқда. Биз Ўзбекистон ёшлари ҳам мана шундай юксак даражага чиқишлари учун бор имкониятларни ишга соламиз,- деди Шавкат Мирзиёев.
Барно Артыкходжаева