Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётнинг рақамли трансформациясини фаол жорий этмоқда. 2020 йил – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили”да Давлат дастурига кирган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Рақамли иқтисодиёт ривожланиши тараққий этган телекоммуникация инфратузилмаси мавжудлигини, ишончли ва тезкор Интернет билан таъминлашни тақозо этишини тушунган ҳолда,   биз “Ўзбектелеком” АК бош директорнинг тижорат масалалари бўйича ўринбосари Зуфаров Алишер Абдужапарович билан суҳбатлашдик.

Суҳбат давомида долзарб масалалар – Ўзбекистон рақамли иқтисодиётини ривожлантириш учун телекоммуникация роли ва аҳамияти, 2020 йилда эришилган натижалар ва COVID-19 пандемиясининг мамлакат миллий телеком-оператори фаолиятига таъсирини муҳокама қилишга интилдик.

 

–  Бугунги кунда “Ўзбектелеком” АК томонидан телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш учун нималар қилинмоқда, қандай хизмат турлари кỹрсатилмоқда ва қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

– “Ўзбектелеком” АК давлат тузилмалари ва идоралари, шунингдек тадбиркорлар учун телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи энг йирик компания саналади. Шунингдек, компаниямиз “операторлар ва провайдерлар учун оператор” саналади.

Мамлакатда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун, “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили” давлат дастури доирасида 2020 йилда 800 мингта кенг полосали Интернет-портларни ташкил қилиш ва 12 минг километр толали-оптик алоқа линияларини ётқизиш режалаштирилганди.

Йил бошидан буён биз томонимиздан 490 мингта Интернетга кенг полосали уланиш портлари ўрнатилди, натижада йил охиригача улар сони 2 миллион портга етказилади. Толали-оптик алоқа билан қамраб олишни кенгайтириш лойиҳаси доирасида мамлакатнинг барча минтақаларида 29,2 минг километр  толали-оптик линиялар ётқизилди. Бугунги кунда оптик алоқа линияларининг умумий узунлиги 63,7 минг километрдан ошади.

Кейинги икки йилда Ўзбекистон телекоммуникациялар тармоқларини ривожлантиришда сифат бўйича кескин ўсиш рўй берганлигини қайд этиб ўтаман.

Мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш натижасида магистраль телекоммуникациялар ўтказиш қобилияти вилоятларда икки баробарга,  туманларда –  тўрт баробарга оширилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда 22 миллион нафардан зиёд мобил алоқа абонентлари ва 20 миллиондан ортиқ Интернет-фойдаланувчилар мавжуд. Ҳозирда республикада мобил алоқа билан қамраб олиш 97 фоизни ташкил қилади, жумладан, 78 фоиз абонент кенг полосали мобил Интернет хизматларидан фойдаланади.

Миллий оператор сифатида бизнинг бирламчи вазифамиз – ижтимоий тармоқлар объектлари: соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларини тезкор Интернетга улашни таъминлаш. Чунончи, ҳозирга қадар барча ижтимоий объектлар (13 077 та) 63,2 фоизи, жумладан 6 435 та умумтаълим мактаби, 4 078 та мактабгача таълим муассасаси, шунингдек 2 564 та соғлиқни сақлаш объектига юқори тезликдаги Интернетни тақдим этиш учун толали-оптик кабеллар тортиб борилди.

Жорий йилда тезкор Интернетга барча умумтаълим мактабларининг 80 фоизини, мактабгача таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш объектларининг 100 фоизини улаш мўлжалланган. 2021 йилга бориб барча ижтимоий соҳа объектлари тезкор Интернет билан таъминланади, жумладан ҳатто энг чекка аҳоли пунктларида ҳам замонавий телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратилади.

 

– Алоқа ва Интернет ривожланишига йỹналтириладиган йиллик харажатлар қанчани ташкил этади?

– Биз бутун телекоммуникациялар спектри бўйича кўплаб алоҳида лойиҳаларни амалга оширамиз. Махсус ҳукумат қарори билан, хорижий кредитлар ҳисобига молияланадиган лойиҳалар бор, ўз маблағларимиз эвазига амалга ошириладиган лойиҳалар бор. 2020-2021 йилларда бизнинг инвестицияларимиз миқдори тақрибан ярим миллиард долларни ташкил қилади. Инвестицияларимизнинг салмоқли ҳиссаси бутун мамлакатдаги телекоммуникация тузилмасини ривожлантиришга сарфланишини, фақат бизнинг компаниямиз эҳтиёжларини қондиришгагина йўналтирилмаслигини тушуниш керак. Йирик лойиҳаларимиз узоқ йиллик истиқболда Ўзбекистоннинг бутун рақамли иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади.

 

– Мамлакатнинг чекка нуқталарига алоқа ва Интернетни ỹтказиш имкониятлари қанчалик амалга ошмоқда? Интернет билан “гиламли қамров” (кенг қамраб олиш) имконияти кỹриб чиқилмоқдами?

– Компаниямиз бутун Ўзбекистон бўйлаб ўз фаолиятини  жаддал равишда олиб бормоқда, барча вилоятларда Компаниямиз филиаллари, телекоммуникация боғламалари, сотув ва хизмат кўрсатиш офислари мавжуд. Бутун Ўзбекистон бўйлаб, энг чекка қишлоқлар ва аҳоли пунктларида биз ҳам симли, ҳам мобил алоқани ривожлантирмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги ПҚ-4201-сонли “2019 йилда “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг ижроси йўлида “Ўзбектелеком” АК Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тасдиқлаган “Обод қишлоқ” дастурига кирган аҳоли пунктлари телекоммуникация инфратузилмасини яхшилаш бўйича Ҳаракатлар режасини бажаришда фаол қатнашмоқда. Демак, биз мунтазам ривожланмоқдамиз ва бутун мамлакат бўйлаб тармоғимизни кенгайтирмоқдамиз.

“Гиламли қамров”га (кенг қамраб олиш) келсак, Сиз, афтидан, Wi-Fi-технологияларни ва қамров нуқталарини ривожлантиришни назарда тутгансиз.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра (www.mitc.uz), сервис, туризм, савдо ва умумий овқатланиш объектларининг самарадорлигини ошириш мақсадида, тадбиркорлик субъектлари, телекоммуникацион операторлар ва провайдерлар томонидан жамоат жойларида, зиёратгоҳларда, темир йўл вокзалларида, аэропортлар, туристик объектлар, шунингдек Тошкент метрополитенининг барча объектларида Интернетга уланиш учун 685 мингта Wi-Fi нуқталари ўрнатилган.

“Ўзбектелеком” АК бу лойиҳаларда ўзи фаол қатнашади, шунингдек бошқа операторлар ва провайдерлар учун шароитлар яратади.

Шуни ҳам қўшимча қилишни истардимки, бугунги кунда уй Интернетини абонентларимиз “Wi-Fi—интернет” деб атай бошладилар, чунки ҳар бир хонадон, офис ёки, дейлик, кафедаги ўз жиҳозларини Wi-Fi-уланиш нуқтаси сифатида ишлатадилар. Шундай экан, бизнинг “гиламли қамров”имиз (кенг қамраб олиш) бугунги кунда юз минглаб хонадонлар, уйлар ва бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб абонентлар яшайдиган бошқа жойларни қамрайди.

 

– Карантин ва таълим ҳамда иш фаолиятининг онлайн-режимга ỹтиши муносабати билан тармоққа юклама қанчалик ортди?

– Ўзини ўзи изоляциялаш режими давлат идоралари, бизнес фаолияти ва фуқаролар ҳаётига ёндашувларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Кўплаб компаниялар ва ташкилотлар бугун ўз ходимларининг аксарият қисмини масофадан ишлашга ўтказдилар. Бунга қўшимча ўлароқ, аҳоли уйда ўтиришига, IPTV ёки Интернет-сервислар орқали фильм ва сериаллар кўришига тўғри келди. Шу муносабат билан, Интернет-каналларга юклама сезиларли даражада ортди ва трафик ҳам яхшигина ўсди. Кўплаб абонентлар янада тезроқ бўлган ва лимитсиз тарифларга ўтдилар. Уй Интернети бугунга келиб нафақат дам олиш ва оилавий кўнгил очиши учун, балки иш, ўқиш учун ҳам ҳаётий заруратга айланди. Карантин чораларининг кучайиши ва ҳаракатланишга чекловлар туфайли, карантин даврида Call-марказимизга қўнғироқларга хизмат кўрсатиш сифатини ушлаб туриш учун, Call-марказимиз ходимлари ва операторлари учун кундалик автотранспорт ташкил қилдик.

Биздаги маълумотларга кўра, телекоммуникация тармоқларига пандемия даврида юклама 5 маротабагача ортди. Бу юкламани биз муносиб қарши олганлигимизни қайд этиб ўтишни истардим. Алоқада бирор-бир салмоқли узилишлар бўлмади!

 

– Пандемия муносабати билан мактаблар, ỹқитувчилар, шифокорлар, талабалар, болалар ва кам таъминланган оилалар учун алоқа ва Интернет тỹловларида алоҳида тарифлар мавжудми?

– Жорий йил март ойидан то 31 майга қадар “Ўзбектелеком” АК томонидан электрон маърифий ва энг кўп ўқиладиган маҳаллий янгилик ресурсларига ва коронавирус инфекцияси мавзуидаги расмий веб-сайт (coronavirus.uz)га бепул уланиш тақдим этилди.

Холис ва ишончли ахборот тақдим этиш ва фуқароларнинг тиббий масалаларига оид саволларига тезкор муносабат билдириш учун 16 мартдан Тошкентда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Call-маркази 1003 қисқа рақами билан иш бошлади, биз фуқаролар учун бутун республикадан кўрсатилган рақамга бепул қўнғироқ қилиш имконини тақдим этдик.

 

Олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабалари ва ўқитувчилари учун GSM стандарти абонентларига махсус “TA’LIM” тариф режаси жорий этилди. Бу тариф режасининг фарқланувчи жиҳати унинг ҳамёнбоплиги ва киритилган лимит: дақиқалар, СМС ва Интернет-трафик ҳажмининг катталиги бўлди.  Ушбу ТРда абонентлар
ZiyoNET хизматларидан абонент тўлови 50 фоизга туширилган ҳолда фойдаланишлари, шунингдек, масофадан ўқитишга оид 100 дан ортиқ маърифий-ахборот платформаларига, Ўзбекистон Республикаси ОТМлари, вазирликлари, идоралари, илмий-услубий марказлари веб-сайтларига мутлақо бепул, Интернет трафигини сарфламай киришлари мумкин.

 

Биз масофавий таълимни ўтказиш учун Бош прокуратура академияси учун хам  видеоконференцалоқа тизимини ташкил қилдик. Шунингдек, халқ таълими тизимида АКТни ривожлантириш доирасида, “Кундалик” МЧЖ билан шартнома тузилди. “Электон кундалик” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги АКТ марказининг фаол иштирокида амалга оширилди.

 

Халқ таълими тизимида АКТни ривожлантиришни янада рағбатлантириш, онлайн-режимда масофадан таълимни ташкил этиш учун қулай шароитларни таъминлаш мақсадида, Компания томонидан амалдаги телекоммуникация хизматлари тариф режаларига ўзгартиришлар киритилди, қатор янги имтиёзли ва махсус тариф режалари ишлаб чиқилди ҳамда тасдиқланди:

умумтаълим мактаблари учун ZiyoNET маърифий тармоғига 1000 Мбит/с гача тезликда уланишни тақдим этиш хизматларига тарифлар янгиланди.

ўрта мактаблар ўқувчилари учун Интернет тармоғига уланиш ва мобил алоқа хизматлари тақдим этилиши учун “MAKTAB” имтиёзли тариф режалари тасдиқланди.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги қошидаги олий таълим муассасалари учун телекоммуникация симли тармоқлари орқали 150 дан 1000 Мбит/с гача тезликда Интернет тармоғига уланиш учун махсус имтиёзли тариф режалари тасдиқланди.

олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабаларини телекоммуникация симли тармоқлари орқали Интернет хизматларига улаш мақсадларида “TALABA” тариф режаси жорий қилинди.

таълим муассасалари учун уланиш тезлиги 100 Мбит/с.гача бўлган “EDUCATION” махсус тариф режалари серияси жорий этилди.

Алоҳида айтиб ўтиш керакки, Сирдарё вилоятида тўғон ёрилиши ва сув тошиши туфайли юзага келган нохуш шароит сабабли, аҳолини қўллаб-қувватлаш учун, жорий йил 9 майдан 16 майга қадар “Ўзбектелеком” АК абонентлари учун бепул Ўзбекистон бўйлаб 1000 дақиқа суҳбатлашиш ва 1000 МБ Интернет-трафикли хизматларни ўз ичига олган махсус пакетини жорий этди.

 

– “Ўзбектелеком”нинг техник имкониятлари маърифий платформаларни қỹллаб-қувватлаш ва “кундалик” онлайн-тизимини юритиш учун мувофиқ келадими?

– Шубҳасиз. Карантин даврида биз ушбу лойиҳа сўровига кўра, дата-марказимиздаги улар ижарага олган техник ресурсларни 10 баробарга оширдик. Зарур бўлса, тизим операторининг сўровига кўра яна оширишимиз мумкин.

 

– Интернет тезлигини ошириш бỹйича Ўзбекистон Президентининг топшириқлари қандай бажарилмоқда?

– 2018 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини кўриб чиқишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев масъул шахсларга Интернетга уланиш нархларини пасайтириш, уланиш тезлигини кескин, камида 4 баробарга ошириш ва 2020 йилга бориб МДҲ мамлакатлари даражасига олиб чиқишни топширди.Президент топшириғи тўлиқ бажарилмоқда. 2018 йил декабрь ойидаёқ биз қатор лойиҳаларни амалга оширдик ва Интернет халқаро тармоғига ташқи каналларнинг умумий ўтказиш қобилияти 10 бараварга ортиб, 1200 Гбит/с га етди. 2020 йилда коммутация марказлари орқали ишга туширилган тезлик 750 Гбит/с га етган.  Ташқи канал ўтказиш қобилиятини кенгайтириш жараёни давом этмоқда.

Биз Интернет тарифлари нархини 5 баробардан кўпроққа пасайтирдик, хизматлар тақдим этиш тезлиги, айниқса оптикада, 10 баробарга ўсди. Speedtest.net сервиси маълумотларига кўра, 2020 йил июль ойида маҳаллий Интернет бўйича мамлакатимиз ўртача 30 Мбит/с.дан катта тезликка эришди, 2018 йил июлида бу кўрсаткич 6 Мбит/с.дан ошмасди. Толали-оптик алоқа линияларига ва 4G технологиясига ўтиш уланишнинг ишончлилиги ва тезлигини янада ошириш имконини беради.

Шулар билан бир вақтда, телекоммуникация хизматлари учун тарифлар ҳам мунтазам пасаймоқда. 2019 йил давомида провайдерлар ва операторлар учун ташқи каналларга уланиш тариф нархлари 1 Мбит/с учун 85 минг сўмдан 70 минг сўмгача тушди.

2020 йил 1 январдан бошлаб, операторлар ва провайдерлар учун ташқи Интернет-канал тарифи, 2019 йилга нисбатан, яна 20 фоизга пасайтирилган ва ҳозирда унинг нархи 1 Мбит/с учун 56 минг сўмни ташкил қилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *