Кейинги йилларда сессиялар, конференциялару панель мунозараларда энг кўп тилга олинадиган мавзу VUCA–оламнинг нималиги ва биз бу оламда қандайлигимизмуҳокамаси бўлди. Бир қарашда, кечагина конференцияларда VUCA–олам воқелигида яшаш қандай бўлиши ҳақидаги маърузаларни тинглардик.
Мана энди, бир ҳафтага қолмай, тайёргарлик кўришу ўйлаб олишга вақт қолдирмай, унинг ўзи бошимизга тушиб турибди.
Биз «VUCA–олам» деган доно сўз билан аталувчи ёки волатил, мураккаб, ноаниқ, ўзгарувчан дунё дея изоҳланувчи вазиятга дуч келдик. Машҳур бизнес-тренер Марк Кукушкин рус тилига «опаньки-мир» деб ўгирган ва шундай атаган, биз эса ўзбек тилига «ана холос-олам» дея таржима қилганимиз – бу навбатдаги кутилмаган воқеани бошдан ўтказишдир.
Жамоалар ёппасига ва зудлик билан масофадан ишлашга ўтказилди, раҳбарият ва hr-мутахассислар жараёнларни қўллаб-қувватлашни, ҳам ўз одамлари, ҳам бизнес-кўрсаткичлар (уларни ҳеч ким бекор қилгани йўқ) ҳақида қайғуриш ва уларни бошқаришни ўзи зиммаларига олишларига тўғри келди.
Кўпчилик янги воқеликка тайёргарликсиз шўнғиди. VUCA–олам бор бўйини кўрсатди. Ҳаммамиз тушундик: бу – қатъий мўлжалларсиз олам экан. Исталган пайт исталган ўзгаришларга тайёр туриш учун мослашувчан бўлишни ўрганиш керак экан. Аксарият бизнеслар учун барчаси тубдан ўзгарди, боз устига, бу ўзгаришлар ҳам турлича бўлди.
Атрофимдагилар ва мижозларимдан кўраяпманки, айрим раҳбарлар, аллақачон «чиниққан» ва 90- йиллардан буён барча инқирозларни енгиб ўтганларнинг маслаҳатларига мурожаат қилиб, ҳали ҳам «Нима қилсак экан?» саволига жавоб кўринишида «сеҳрли обиҳаёт»ни изламоқдалар. Мен ҳам бу инқирозлардан ўтганман ва аниқ биламанки, маслаҳатларга шунчаки қулоқ солишнинг ўзи билан иш битмайди.
Ҳозир ўзингизда ва ўз жамоангизда ресурслар топиш муҳим.
VUCA–олам тушунчаси 1987 йилда совуқ урушдан кейинги мамлакатлар ҳолатини тавсифлаш учун пайдо бўлди. Илк бор бу аббревиатураларни АҚШ армияси Ҳарбий коллежи (United States Army War College), Уоррен Беннис (Warren Bennis) ва Бертон Нанус (Burton B. «Burt» Nanus) нинг етакчилик назарияларига таяниб қўллади. VUCA — бу инглиз сўзларининг акроними: volatility (беқарорлик), uncertainty (ноаниқлик), complexity (мураккаблик) ва ambiguity (мавҳумлик). Бу тўртала омил инсон ҳаётида катта роль ўйнайди. Ҳа, айнан «ўйнайди» – у кутилмаган бурилишлар, муҳитнинг ёки воқеалар кетма-кетлигининг кескин ўзгариши кабиларда намоён бўлади. Ҳаётимизда жадал рўй берадиган ўзгаришлар инсоннинг ўзига катта талаблар қўяди: кўпроқ мослашувчанлик, нимадир янги, нотаниш нарсага мослашиш малакасининг яхшироқ ривожланган бўлиши, интуицияга дадилроқ таяна олиш…
VUCA–олам ҳақида сўзлаганда, одатда технологиялар ривожланиши, меҳнат бозоридаги ўзгаришлар ва бу вақтда етакчи қандай бўлиши кераклиги назарда тутилади.
Аммо ҳозирда кузатаётганимиз – бу VUCAнинг яққол намоён бўлишидир. Биз барчамиз ушбу «оммавий мавҳумлик» жараёнига аралашиб қолдик, биз ўзимиз VUCA–олам иштирокчисига айландик. Мана шу сабабли, бугунги кун олдида турган бош масала – бу мутлақо мавҳумлик шароитида масъулият билан ҳаракатланиш йўлини топишдир.
Дунё ўзгаради ва биз у билан бирга ўзгарамиз. Биз автомобиллар ҳайдовчисиз юрадиган, дронлар курьерлар ўрнини босадиган, қуёш ва муқобил энергетика анъанавийсини сиқиб чиқарадиган, роботлар одамлар ишини қилаётган оламнинг шоҳиди бўляпмиз (масалан, РФ Сбербанкида юрист-робот 3000 нафар юрист ўрнини босмоқда), сунъий интеллект ҳаётимизга қандай кириб келаётганлигини кузатмоқдамиз. Таълим муқаррар равишда independent learners – нимани, қандай ва нима учун ўрганаётганлигини тўлиқ масъулият билан ҳис қилувчилар томонга ҳаракатланмоқда. Олам «рақам»лашиб, таълим ва билимлардан тортиб, бундан фойда олишгача бўлган улкан имкониятлар эшигини очмоқда. Янгича қадриятлар ва шуурлар пайдо бўлмоқда: изоляциянинг моҳияти ўзингни эмас, бошқаларни ҳам асрашдан иборат эканлиги бунга мисол. Ҳозирнинг ўзида пандемия истеъмол одатларини ўзгартиряпти – ўзини иҳоталашда бўлган одамлар бир дунё кераксиз нарсаларни харид қилишни бас қиладилар. Кўплаб тадбиркорлар «уйда қол»салар ҳам, қўл қовуштириб ўтирганлари йўқ: шаклланган бизнес-моделларни ўзгартиряптилар, янги йўналишлар очяптилар, янги мижозлар топиб, улар билан ўзаро алоқа учун янги каналларни йўлга қўйяптилар ва ўз таклифларини етказиш йўлини кашф этаяптилар.
Бугун дунё биздан кўпроқ мослашувчанликни талаб қилмоқда: тезлик юқори, иқтисодий вазиятни олдиндан билиб бўлмайди, бизнес эса ривожланишда давом этиши керак. Биз иқтисодий ва ижтимоий алоқалар ўзгача тус олаётган, парчаланаётган; одатий ҳиссиётлар ва фитратимиздаги одатларимиз ўзгараётган даврнинг шоҳиди бўлмоқдамиз ва иштирокчисига айланмоқдамиз. Одатий хатти-ҳаракатлар ўрнига янгича ҳис-туйғулар, одатлар келяпти, улар янги фикрни шакллантиради, улар эса, ўз навбатида янгича, ўзгача хатти-ҳаракатларни яратади. Бинобарин, шундай савол туғилади: «Буларнинг барига бу кун – имкониятлар куни, деган нуқтаи назардан қарасангиз, қандай бўларкин?» Бу кўникмаларнинг ярми одамлар билан муомала қилиш, улар билан келиша олиш, уларни бошқариш, уларни тушуниш ва уларга хизмат қилиш маҳоратига боғлиқ. Иккинчи ярми мия қобилиятларига асосланади. Одамларни ва уларнинг эҳтиёжларини ўрганинг ва миянгизни мураккаб когнитив вазифаларни ҳал этишга тайёрланг.
VUCA–олам даврида муваффақият учун «soft skills», «hard skills»га қараганда, кўпроқ аҳамиятга эга.
«Қора оққуш» ва «Зиддимўртлик» бестселлерларининг муаллифи Насим Толиб (Nassim Nicholas Taleb) тирик тизимларларда ажойиб хусусият – изтироблардан кейин янада кучлироқ ва чидамлироқ бўлиш қобилияти борлигига эътибор қаратди. Зиддимўртлик рўй бераётган ҳодисаларни диққат билан кузатиш, тезкор қайта алоқа ва атроф-олам билан «мослашувчан» ўзаро муносабат ҳисобига эришилади. Насим Толибга кўра, бозорлар, глобал сиёсат ва инсонлар ҳаёти учун сезиларли оқибатга эга деярли барча воқеалар мутлақо кутилмаганда рўй беради – уларни олдиндан билиб бўлмайди. Дунё пандемиядан олдин ҳам ўта «мўрт» эди. У яна ҳам мўртлашадими ё аксинчами – бу биз қандай йўл тутишимизга боғлиқ.
Пандемия шароитида инсонлар, пандемияни қандай қабул қилганликлари ва қаерда эканликларига кўра, шартли равишда тўрт ҳудудга бўлинди. Ўзингиз қайси ҳудудда эканингизни ўрганиб чиқишни таклиф этаман, яқинларингиз, дўстлар, таниш-билишлар ўзларини қандай тутаётганликларини кузатинг.
- ҚЎРҚУВ ҲУДУДИ
Март ойида макарон, гуруч ва ҳожатхона қоғози учун қандай югурганингизни бир эслаб кўринг? Телевизор ва янгиликларни қўрқув билан кўрамиз ва ўқиймиз. Президент ва ҳокимият келиб бизни қутқариб қолишини кутамиз. Коронавирус тўғрисидаги «чиплар ўрнатишади»дан тортиб, «ҳарбий ҳолат эълон қилибдилар»гача ҳар қандай текширилмаган миш-мишларни тарқатамиз. Ҳар куни оиламизни боқа олмасликдан чўчиб, пулимизни қайта-қайта санаймиз.
Хитойликлардан, давлатдан, дунёдан тинимсиз нолиймиз.
Ўзимизни қурбон деб биламиз.
Заҳримизни яқинларимизга сочамиз.
- ТАЪЛИМ ҲУДУДИ
Назоратни бўшаштирамиз. Егуликдан тортиб янгиликларгача, олди-кетини қарамай истеъмол қилишдан тўхтаймиз. Вазиятни англаб етамиз ва келгуси ҳаракталаримиз режасини ўйлай бошлаймиз.
Ахборотни тарқатишдан олдин уни ақл тарозисига солиб кўрамиз.
- ЎСИШ ҲУДУДИ
Атрофдагилар ҳақида, уларга қандай ёрдам бериш ҳақида қайғурамиз. Ҳозирда яшаб, келажакка назар ташлаймиз. Ўз қобилиятларимиз ва кўникмаларимизни уларга муҳтожлар билан ўртоқлашишга тайёрмиз. Ўзгаришларга мослашиш йўлларини излаймиз. Ўзимизни кўтаринки ҳис-туйғуларда ушлаб турамиз ва дадиллик таратамиз.
- ҚУВОНЧ ҲУДУДИ
Ўзимизда борига қувонамиз.
Мавжуд вазиятдан ижобий жиҳатлар топамиз ва уларга эътиборни жамлаймиз. Янги имкониятлар излаймиз ва уларни қўллаймиз.Бир ўрганиб кўринг, сиз қайси ҳудуддасиз? Ўзингизни ўрганинг. Рефлекс даврига қадам ташлайсиз, ўзингизга, ўз онгингизга эътибор беринг ва кўп нарсалар устидан қайта мулоҳаза юритиб кўринг. Ҳар ким ўз мустақил фикрини топишига аминман.
Ўзингизга четдан назар солинг.
Кучли ва заиф жиҳатларингизни қоғозга туширинг. «Мен кимман?», «Мен қандайман?», «Мен бошқаларга қандай кўринаман?». Бу саволларга жавобларни ёзиб қўйинг.
Нима қилиш сизга ёқишини, нимани ўрганмоқчи эканингизни, нима қила олишингизни ва нима учун пул тўлашларини ҳам ёзинг.
Қандай бўлишни исташингизни ёзинг. Ўз ҳаётингизнинг максимал даражада батафсил режасини ва бу ҳаётда сиз ким эканингизни тузиб чиқинг. Ҳозир қандай эканингиздан ва қандай бўлишни режалаштирганингиздан келиб чиқиб, ўз шахсий ривожланиш стратегиянгизни шакллантиринг.
Келгусида қаерда бўлишингиз ҳақида бир қарорга келинг! Саводли, қизиқувчан ва интилувчан бўлинг. Доимий талаба бўлинг, бутун умр ўқинг ва ўзингиз ҳамда яқинларингизни асранг!
Юлий Клеблеев