XXI аср, бошланишга улгурмайин, ҳаётимизни тубдан ўзгартириб юборди. Электрон гажетлар ҳаётимизни осонлаштирибгина қолмай, кундалик турмушимизни кўп жиҳатдан тартибга солмоқда, интернет-макон эса, ягона бўлмаса ҳам, ахборот алмашинувининг асосий майдонига айланди. Инсоният бундай ўзгаришларга тайёрми, йўқми – буни аниқлаш қийин ва, очиғи, бефойда иш – ахир кашфиётлар ва ихтиролар биз уларни қабул қила олиш-олмаслигимизга қараб ўтирмайди. Бундан ташқари, технологик ва инновацион тараққиёт ташаббуси аллақачон ёш авлод қўлига ўтиб кетди, бу эса, технологиялар ривожланишининг суръатини янада оширади. Дарвоқе, ҳаётимизда ими-жимида инқилоб ясай олганларнинг аксарияти ўша пайтда 20 ёшга ҳам тўлмаган бўлган. Ушбу мақолада айнан мана шундай вундеркиндлар ҳақида сўз юритамиз.

Марк Цукерберг: қора шаҳзодами ёки вундеркинд?

Жаноб Цукербергнинг омади чопган: кашфиётини бир неча ой кейинроққа сурганида, шарҳимизга кирмай қолган бўларди. Аммо, солномаларда айтилишича, Марк 20- таваллуд айёмига бир қанча ой қолганда, бу борадаги ҳозирги тасаввурларимиз шаклланишига асос бўлган ижтимоий тармоқни яратди.  Гап, табиийки, Facebook ҳақида бормоқда. Ҳарвард университетининг иккинчи курсида ўқиётганидаёқ, вундеркинд деган номга сазовор Цукерберг талабалар учун турфа онлайн-ресурслар яратиш билан вақтини чоғ қиларди.  FaceMash номли дастур яратгач, у сабоқдошларига ресурсда жойлашган фотосуратлардан энг гўзал инсонни танлаш имконини беришга қарор қилди[1]. Натижада бироз жанжал ҳам кўтарилди, чунки платформа Ҳарварднинг турфа ётоқхоналарида турли даврларда яшаётган ёки яшаган талабаларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланарди. Бу қоғоз базаларни face books деб аташ урф бўлганди. Ушбу базалардан кўзланган мақсад янги талабаларга бир-бирларини ва ўзларидан олдин ўқиб кетганларни яхшироқ танишда ёрдам бериш эди. Иш бошлаганидан кейин дастлабки 4 соатда FaceMash университетнинг тармоқ коммутаторларини ишдан чиқарай деди – қисқа вақт ичида 450 нафар фойдаланувчи унга қўшилди, фотосураларни кўришнинг умумий миқдори 22 000 дан ортди. Оқибатда платформа ёпилди, Цукерберг эса, Ҳарварднинг барча ҳозирги ва собиқ талабаларини бирлаштириш мақсадида, face booksнинг электрон талқинини яратишга киришди. 2004 йил 4 февралда Цукерберг “TheFacebook” номли ресурсни ишга туширди, у дастлаб thefacebook.com манзилида жойлашган эди. Биринчи суткада плафтормада 1500 дан зиёд киши рўйхатдан ўтди, март ойида сайтда Стэнфорд, Колумбия ва Йель университетлари талабалари рўйхатдан ўта бошлади. 2004 йил охирига бориб, янги ижтимоий тармоқдан Печак Лигасига кирувчи барча университетлар ва АҚШдаги аксарият ўқув муассасаларининг талабалари фойдаланарди. Ҳозирда Цукерберг 36 ёшда, у Forbes талқини бўйича сайёрамизнинг 20 нафар энг кучли таъсирга эга одами рўйхатидаги 40 ёшга тўлмаган ягона вакил саналади. У, шунингдек, ҳам Facebook, ҳам бошқа лойиҳаларига оид кўплаб суд можаролари билан машҳурдир[2].

Кейана Каве:

Бу қиз тарихи 2010 йил 20 апрелдан – Мексика кўрфазида нефть саноати тарихида энг кенг кўламли нефтнинг денгизга оқиб чиқиши туфайли экологик ҳалокат рўй берганидан бошланади. Ўшанда 4,9 млн баррель нефть оқиб кетганди. Тез орада янгиликлар тасмаси денгиз жонзотлари ёппасига ҳалок бўлаётгани, уларда турли мутациялар учраётгани ҳақидаги хабарларга тўлди. Бундан хабар топган Янги Орлеанлик 12 ёшли қиз бу ҳалокат атроф-муҳит учун яширин оқибатларга эгами-йўқлиги тўғрисида ўйлаб қолди[3]. 15 ёшга чиқиб, бу мавзу билан жиддий қизиқа бошлаган Каве океан юзасида сузиб юрган нефть билан Қуёшнинг ультрабинафша нурларининг ўзаро таъсири кучли канцероген моддалар юзага келишига ҳисса қўшишини исботлай олди. Тадқиқотлар натижалари “Юқори самарали суюқлик хроматографияси, DNPHi дериватизацияси ва қуёшли моделлаштириш ёрдамида фотомаҳсулотлар, механизмлар ва нефть заҳарлилигини аниқлаш услуби” номли мақолада ёритилди[4]. 2016 йилда Chevron компанияси Кавенинг келгуси тадқиқотлари учун 1,2 млн доллар ажратди. Шунингдек, қизалоқ глобал муаммоларни ўрганиш соҳасига ихтисослашган Mare стартап-компаниясини таъсис этишга ва муваффақиятли сотишга улгурди. Компанияни сотиш унга 2018 йилда Entrepreneur журнали талқинига кўра 20 ёшга тўлмаган миллионерлар рўйхатидан жой ҳозирлади[5]. Ҳозирда Каве услуби АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги томонидан қўлланилади, 2016 йилда эса, услуб Панаманинг Гамбоа шаҳридаги Тулейн университети лойиҳасида синовдан ўтказилди[6]. Каве тадқиқотларни Смитсон тропик тадқиқотлар институти билан биргаликда ўтказди.

https://www.bbc.com/future/article/20180316-four-teenage-inventors-changing-the-world

Ник Д’Алоизио: лўндалик – қобилиятдан нишона!

Ҳар қандай смартфон фойдаланувчиси, бир янгилик ресурсидан бошқасига ўтмай, у ёки бу янгилик ҳақидаги бир олам тафсилотларга вақт сарфламай, дунёда рўй бераётган воқеалар ҳақида имкон қадар кўпроқ ахборот олишни истайди. Миллионлаб фойдаланувчиларга Буюк британиялик Ник Д’Алоизио исмли йигит мана шундай имкониятни тақдим этди. 2011 йилда у Trimit номли иловани ишга туширди, илова кейинчалик Summly деб ном олди[7]. Бошида илова блоглардаги мақолалар, янгиликлар шарҳлари каби турли матнларни 140 дан 1000 белгигача бўлган параграфларга ихчамлаштириш учун алогритмдан фойдаланарди[8]. Илова тез шуҳрат қозонди ва инвесторлар эътиборини жалб қилди, улар қаторида бизнес-магнат Ли Ка-Шанга ҳам бор бўлиб, у ёш даҳога 300 000 АҚШ долларилик венчур инвестицияларини тақдим этди. Кейин Лойиҳага Йоко Оно, Эштон Катчер ва Стивен Фрай каби машҳурлар ҳам пул тикишди. Ҳозирда илова Yahoo компаниясига тегишли ва Yahoo News Digest номи билан танилган[9]. Илова мобил қурилмалар фойдаланувчиларига куннинг энг муҳим янгиликлари жамланмасини дайжест шаклида тақдим этади ва кунига икки марта янгиланади. Мақолаларга автоматик ва қўлда ишлов берилади, шунингдек “атом” деб аталувчи мавзуий блокларга бирлаштирилади, улар хариталар, инфографика, иқтибос ва Википедия мақолаларидан кўчирмаларни қамраб олади. Д’Алоизионинг ўзи ҳозирда Yahooда ишлайди ва янги лойиҳалар, жумладан билимлар алмашинуви соҳасидаги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, у Sphere Knowledge стартапи ҳаммуассиси саналади.

Жулиан Риос Канту: бахтга эришмас эди, агар…

Жулиан 13 ёшга тўлганида, онасига кўкрак бези саратони (аёллар орасида онкологиянинг энг кенг тарқалган тури) ташхиси такроран қўйилади. Бахтни қарангки, фалокат уларни четлаб ўтади, онаси соғайиб кетади, аммо унинг бошига тушган синовлар ўсмирни ушбу касалликни тадқиқ этишга ундайди. Жулиан ва унинг дўстларининг (улар биргаликда Higia Technologies компаниясига асос соладилар) узоқ ва қунт билан ишлашлари натижасида, 2017 йилда касалликнинг илк босқичини аниқловчи махсус датчиклар билан жиҳозланган бюстгальтернинг тажриба намунаси яратилади. Ташқи кўринишидан қурилма аёлларнинг одатий ич кийимидан асло фарқ қилмайди ва энг муҳими, доимо тақиб юришни талаб қилмайди. Онкологик касалликнинг билвосита симптомларини диагностикалаш учун уни ҳафтада бир неча соатгина тақиб юриш кифоя. Кашфиёт клиник тадқиқотлар ва синовлардан ўтаётган бўлишига қарамай, бу унинг кашфиётчилари қадрини асло камайтирмайди. Диганостика учун датчиклар қон айланиши, тана юзасининг муайян нуқталари ҳарорати, тери қопламасининг умумий зичлиги ва унинг эластиклиги каби кўрсаткичларни таҳлил қилади. Кейин олинган маълумотлар автоматик равишда компания серверига юборилади, у ерда сунъий интеллект ёрдамида асосий таҳлил амалга оширилади. Кейин дастур онкологик касаллик хатарини ҳисоблаб чиқади ва натижаларни фойдаланувчига йўллайди. Бу кашфиётнинг ёппасига ишлаб чиқарилиши ва қўлланилиши ҳақида гапиришга ҳали эрта, лекин бир нарсани ишонч билан айтиш мумкин: ўсмирнинг ғояси ва унинг ўз онасидаги каби касалликдан азият чекаётган юз минглаб беморларга ёрдам бериш истаги шубҳасиз, кўкрак саратонини диагностикалаш ва даволашдаги янги босқич бўлади.[10]

Парам Жагги: оддий автодан воз кечиш шартми?

50 – 100 йиллардан кейин инсоният қандай атвомобиллардан фойдаланади? Кўпчилик учун жавоб аниқ – электромобиллар-да! Аммо айрим ёшлар бунга қўшилмайдилар. Улар қаторида техаслик (АҚШ) ёш кашфиётчи Парам Жагги ҳам бор. Унинг ота-онаси ёшлигидан илм-фан билан шуғулланишини рағбатлантиришган, бу унинг муқобил энергия манбалари ва ундан фойдаланиш истиқболларини ўрганишга қизиқишини оширган. Бу қизиқиш ўз самарасини бермай қолмади. 2011 йилда, 17 ёшида Жагги Algae Mobile – двигателлар ажратадиган карбонат ангидрид газини кислородга айлантирадиган қурилмани яратди. Бу қурилма учун патентни Жагги 2009 йилдаёқ олганди ва 2011 йилда синов намунаси тайёр бўлди. 2011 йилда у ExxonMobil Texas Science and Engineering Fair кўргазмасида қатнашди ва Халқаро илмий-техник ярмарка (ISEF)га малака синовидан ўтди. ISEFда у Algae Mobile 3 учун АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг Patrick Hurd Sustainability Award мукофотини қўлга киритди[11]. Конструкциянинг асосий элементи сув ўтларининг тирик клонияси бўлиб, айнан улар карбонат ангдиридни кислородга айлантиради ва ташламалар умумий ҳажмини 50 фоизга қисқартиради. Бугунги кунда Парам Hatch Technologies компаниясининг бош директори ва АҚШ Илм-фан ва муҳандислик фестивали боқшаруви аъзоси саналади. Шунингдек, у 13 ёшидан биоёқилғи ва юқори самарали биореакторлар ишлаб чиқишнинг инновацион услублари устида иш олиб боради[12].

Кеннет Шинозука: ҳаммаси – оила учун!

Ёш Кеннет Шинозука 4 ёшидан бобосига Альцгеймер касаллиги қанчалик азият беришини кузатади. Бу касалликнинг асосий асоратларидан бири онгсиз ҳаракатланиш ва кетидан келувчи хотирани йўқотиш саналади. Бошқача қилиб айтганда, бемор уйидан чиқиши, номаълум томонга йўл олиши, кимлигини ва энг ёмони, уйи қаердалигини буткул унутиши мумкин. Кеннет 16 ёшга тўлганда бобоси ярим тунда уйдан чиқиб кетади ва кейинроқ Калифорния автострадаларидан бирида топилади. Бу воқеа Кеннетни оддий пайпоққа ўрнатиладиган махсус датчикни яратишга ундайди – бу датчик ўзига нисбатан ҳар қандай босимни қайд этиб борарди. Бемор тўшакдан туриши билан қурилма смартфондаги махсус иловага сигнал жўнатади. Кейин у исталган кийимга маҳкамлаш мумкин бўлган шундай датчиклар яратди ва сигнал қамров доирасини кенгайтирди, энди беморни парваришлаётган одамлар дарҳол хабар топадиган бўлдилар. Ўсмир ўз кашфиётини бобосида синаб кўрди. Қурилма ўзини жуда яхши кўрсатди. Кейин уни Калифорния штати Ирвин шаҳридаги қариялар учун ихтисослашган бир неча муассасаларда синадилар. Ҳозирда Кеннет зўр умидлар билан Альцгеймер касаллигини даволаш борасидаги тадқиқотлар билан шуғулланмоқда[13].

Нафақат илм-фан, балки кундалик ҳаётда ҳам ими-жимида инқилоб ясаётган ёш иқтидорлар рўйхати янада кенг бўлиши мумкин. Уларнинг ҳаётлари, олдиларига қўйган мақсадларига эришишдаги иродалари ва атрофда рўй бераётган воқеаларга тиниқ нигоҳ билан боқишлари келажакни ва бугунги кун тараққиёт йўналишларини шакллантиради.

 

[1] https://www.thecrimson.com/article/2003/11/19/facemash-creator-survives-ad-board-the/

[2] https://www.fastcompany.com/59441/facebooks-mark-zuckerberg-hacker-dropout-ceo

[3] https://abcnews.go.com/GMA/Living/teen-created-toxin-detecting-molecule-inspire-stem/story?id=53461050

[4]  https://www.academia.edu/download/38767933/Cave_Final_Manuscript_1.pdf

[5] https://www.entrepreneur.com/article/317784

[6] https://endotraits.tulane.edu/our-story/

[7] https://www.cnbc.com/id/49854407

[8] https://techcrunch.com/2011/07/15/trimit-summarizes-emails-blog-posts-and-more-with-a-shake-of-your-iphone/

[9] https://web.archive.org/web/20151030052705/http://yahoolabs.tumblr.com/post/90356211451/science-powering-product-yahoo-news-digest

[10] https://yourstory.com/2017/05/breast-cancer

https://www.bbc.com/news/world-latin-america-39802629

[11] https://www.popsci.com/science/article/2011-08/high-school-inventors-2011/?page=0%2C0

[12] https://yourstory.com/2013/10/19-year-old-eco-innovator-param-jaggis-vision-save-world-company-ecoviate

[13] https://www.webmd.com/healthheroes/video/2015-prodigy-kenneth-shinozuka

https://www.inspiremore.com/16-year-old-kenneth-shinozukas-sock-sensor-could-be-the-solution-to-keeping-alzheimers-patients-safe-from-wandering/

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *