Энергетика тармоғини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, республиканинг электр энергиясига бўлган умумий эҳтиёж 2030 йилга бориб, 120,8 млрд кВтс.га етади ёки 2019 йилдагига (65,0 млрд. кВтс) нисбатан олганда, 1,86 баробар (+55,8 млрд кВтс)га, яъни йилига 5,8%дан ортади.
2024 йилга қадар умумий ўрнатилган қуввати 6010 МВт бўлган 9 та БГҚ (буғ-газ қурилма), умумий қуввати 844 МВт бўлган 5 та ГТҚ (газ-турбинали қурилма), умумий қуввати 4000 МВт бўлган ТЭМ (тикланувчан энергия манбалари) (жумладан, КЭС (қуёш электрстанцияси) – 2400 МВт ва ШЭС (шамол электр станцияси) – 1600 МВт) ва умумий қуввати 613 МВт бўлган ГЭС (гидро электр станцияси) ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, умумий қуввати 620 МВт бўлган кўмир блокларини ишга тушириш режада бор.
Концепцияда кўзда тутилган, Ўзбекистон энергия тизимига ТЭМ интеграцияси бўйича режалар анчайин кенг кўламли бўлиб, фикримизча, ТЭМнинг Ўзбекистон энергия тизими фаолиятига таъсирининг ўзгарувчанлиги ва нобарқарорлиги муаммоси ҳал этилмай туриб, тўлақонли амалга оширила олмайди.
Агар ўзгарувчанлик таъсирини энергия блокларида қайноқ захиралар сақлаб туриш ҳисобига ва тўплагичлар ёрдамида озми-кўпми ҳал қилиш мумкин бўлса, қуёш станцияларига хос бўлган нобарақрорлик муаммосини, ҳатто Ўзбекистондек газга бой мамлакатда ҳам, дейлик, ГТҚ ёки ИЁД (ички ёнув двигатели) каби мобил газ станцияларини қуриш билан ҳал қилиб бўлмаяпти.
Энергия тизимига ТЭМ асосидаги, ишлаб чиқаришнинг нобарқарор характерига эга генерацияловчи манбаларни киритиш Ўзбекистон Ягона электр энергияси тизими иш режимининг барқарорлигини таъминлашда қўшимча қийинчиликларни юзага келтиради. Бу хорижий тажрибада ҳам ўз исботини топади, жумладан, Испания, Италия ва Германия энергия тизимларида режимларни мувозанатлашда мураккабликлар борилиши ҳақида маълумотлар мавжуд, ҳолбуки, бу тизимларда мувозанатлаш учун мўлжалланган етарлича катта қувватлар киритилган.
Ўзбекистон энергия тизими фаолиятининг ўзига хослиги шундаки, ҳозирда мавжуд “Ўзтрансгаз” АЖ газ ташиш тизими электр станцияларини газ истеъмолининг юкламалар тушиб кетган соатлардаги истеъмоли билан максимум соатлардаги максимал истеъмоли ўртасидаги фарқ 250-300 м3дан ошмайдиган режимда газ билан таъминлаш имконини беради. Яъни, станцияларда истеъмол ўсишини қоплаш учун ишлаб чиқаришни ошириш талаб қилинганда керакли ҳажмда ва босимда табиий газ истеъмоли етишмай қолади. Бундай кўрсаткичларда мўлжални тўғри олиш учун, конденсация туридаги барча мавжуд энергия блокларида 100 МВт ишлаб чиқариш учун 32 минг м3/соат газ талаб этилишини қайд этиб ўтамиз. Яъни газчилар мавжуд вазиятда иссиқлик станцияларидаги юкламани фақат 1000 МВтга кўтаришни таъминлай оладилар, холос.
Бу нимага олиб келишини тизимга 3000 МВт.ли ҚЭС татбиқ этилгандаги суткалик графикни моделлаштириш ёрдамида кўриш мумкин
(1- расм).
Ўзбекистон Республикасини 2020-2030 йилларда электр энергияси билан таъминлаш концепциясидан олинган диаграмма (2-расм)дан кўринадики, ҳозирда, энергия тизимида КФЭС (қуёш фото электр станцияси) бўлмаган ҳолда, қувватни тартибга солиш катталиги 2000 МВТдан зиёдни ташкил қиляпти. 3000 МВТ.ли ҚФЭС жорий этилгач, 5000 МВт.дан юқори тартибга солиш қуввати талаб этилади.
Бинобарин, қуйидагилар тақозо этилади:
а) ё станциялар қошида юкламаларнинг тушиб кетган соатларида газни аккумуляциялайдиган газхолдерлар қўйиш;
б) ёки кечки максимум пайтидаги юклама ортиши соатларида, газ етишмаслиги сабабли юкламани таъминлашда чекловлар юзага келганда мазутнинг ҳар кунги (!) ёқилиши режимига ўтиш. Бунинг учун ҳам газда, ҳам мазутда ишлай оладиган анъанавий энергия блокларининг бир қисмини ишчи ҳолатда сақлаш талаб этилади;
в) ёхуд ҚЭС ва/ёки энергия тизими қошида қуйидагилар учун етарли бўлган энергия тўплагичларни ўрнатиш:
– биринчи навбатда, иссиқлик станцияларининг юкламани ошириш тезлигини газ ташиш тизими режими тақозо қиладиган катталикларгача пасайтириш;
– об-ҳаво омиллари сабабли юзага келган флуктуацияларни компенсациялаш учун;
– энергияни суткалик графикнинг арзонроқ қисмидан қимматроқ, тиғиз соатларга қайта тақсимлаш учун.
Агар бу муаммо ҳал қилинмаса, Россия ЯЭТ (ягона электр тизими) – Қозоғистон ЯЭТ интерфейсига гигаваттларда ўлчанадиган миқдорда қувватларнинг компенсацияланмайдиган ташланиши юзага келади. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Россия томонга рухсат берилган ташлама 500 МВт.ни, МО ЯЭТга – бор-йўғи 300 МВт.ни ташкил қилади.
Ушбу омилни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон энергия тизимида Толимаржон иссиқлик электр станциясидаги 800 МВт.ли блок каби йирик энергия блокларини ўчириб қўйиш бўйича автоматикани жорий этишга мажбур бўлинган. Унинг ўчирилишида ЮЎМА (юкламани ўчириш махсус автоматикаси)да аварияга қарши автоматика 800-300=500 МВт миқдорида ишга тушади (табиийки, аварияли ўчириладиган блок ташувчи юкламага қараб, ЮЎМАнинг керакли ҳажмини белгиловчи аввалги режим назорати (АРН) кўзда тутилган).
Салмоқли гидроресурсларга эга қўшни энергия тизимларидан ёрдам борасида қуйидагиларни қайд этиш ўринли. Ҳозирда Қирғизистонда резервлар кам, 150-200 МВт.ни ташкил қилади, Тожикистонда – 700-1000 МВт. Уларни, албатта, ҚФЭС интеграциясида инобатга олиш мумкин, аммо қуйидагиларни ёдда тутиш керак:
- Тартибга солиш бўйича хизматлар бепул эмас ва катта ҳажмлар учун электр энергиясини етказиб бериш билан баробар қийматларни ташкил қилиши мумкин;
- Бу иккала мамлакат CASA-1000 лойиҳаси бўйича мажбуриятлар билан боғланган ва лойиҳа ишга тушгандан кейин резервлар қай аҳволда бўлиши номаълум;
Номувозанатлилик билан боғлиқ ўз муаммоларимизни аввало ўз кучимиз билан ҳал этишимиз лозим. Энергия тизими мувозанатлашуви муаммосини ҳал этмай туриб, саноат кўламида ТЭМнинг ёппасига қуришни режалаштириб бўлмайди.
Ўзбекистон энергия тизимининг бугунги ҳолатини инобатга олган ҳолда Excelда бажарилган ўта тақрибий ҳисоб-китобларга кўра (ҚЭС қувватлари, то уларнинг энергиясини қабул қилингунига қадар барча иссиқлик станцияларининг энергиялари технологик минимум (горелкалар ишлаш режимини таъминлаш талабларига кўра ундан пастга тушиб бўлмайдиган даража)га тушмагунича, ўчирилиши мумкин бўлган барча нарса ўчирилгунича (бу ерда ҳам, реле ҳимояси қурилмасининг сезгирлигини таъминлаш т.в.га кўра станциялардаги энергия блокларининг минимал таркиби бўйича чекловлар мавжуд) ошириб борилди, қуйидаги натижаларга эришилди:
– ёзда, ирригацияни таъминлаш учун энергия тизими гидроэнергияни қўшни энергия тизимларидан сотиб олишга мажбур бўлганда, ИЭС энергия блокларида таъмирлаш кетаётганда, 1000 МВт.дан ошмайдиган ҚЭСни;
– қишда, амалда талаб ҳар доим таклифдан юқори бўлганда ва ҳар қандай энергия талабгир бўлганда – 2500 МВт.дан ошмайдиган ҚЭСни интеграциялаш мумкин бўлади.