Иқлим ўзгариши мамлакат иқтисодий ривожланишига ва аҳолининг фаровонлигига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади. Бугунги кунда экологик менежмент ва табиий ресурсларни бошқариш жиҳатлари мамлакат ва компанияни иқтисодий режалаштириш жараёнига қанчалик самарали интеграциялангани масаласи муҳимлигича қолмоқда. Мамлакатлар ҳукуматлари ва компаниялар раҳбарияти янги иқлимий шароитларга мослашиш заруратини тобора яхшироқ англамоқдалар, бу экологик хавфсиз хатти-ҳаракат қабул қилиниши ва ижтимоий масъулият стратегияларини илгарилатишга олиб келди.

Кўплаб олимлар ва бутун дунёдаги тадқиқотчилар табиат ва атроф-муҳитни яхшилашнинг максимал мувофиқ келувчи усулларини топиш билан яқиндан шуғулланмоқдалар. Шу муносабат билан ОАВ ва илмий адабиётда “яшил инвестициялар” номи билан танилган экологик тоза инвестициялар тобора кенг шуҳрат қозонмоқда.

Яшил инвестициялар – бу атроф-муҳитни асрашга йўналтирилган, янги асровчи технологияларни жорий этишни, яшил молиявий маҳсулотларни, муқобил энергетиканинг янги бозорларини ва яшил энергия турларини ривожлантиришни кўзда тутувчи лойиҳалар ва моделларни молиялаш манбаларидир.

Молия бозорининг сегменти сифатида “яшил” молиялаш тикланиш босқичида турганига қарамай, “яшил” кредитлар, “яшил” облигациялар, “яшил” инвестициялар фонди ва “яшил” фонд индекслари каби молиявий воситалар жадал ривожланишни намойиш этмоқдалар. Экспертлар баҳолашларига кўра, 2030 йилда дунёда “яшил” лойиҳаларни амалга оширишга тақрибан 93 трлн доллар сарфланади[1], уларни таъминлаш учун тегишли молиявий воситалардан кенг фойдаланиш керак бўлади.

Инвестициялар объекти экологик фойдали лойиҳа бўладими-йўқлигини аниқ белгилаш муҳим масалалигича қолмоқда. Анъанавий “нояшил” тармоқда экологик онгли бизнес юритиш услубларидан фойдаланиш нуқтаи назаридан тармоқ етакчиси бўлган бизнеснинг акцияларини сотиб олиш ҳамма учун ҳам “яшил” инвестиция саналмайди. Масалан, атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида яхши кўрсаткичларга эга нефть компаниясини кўрайлик. Компания ўзининг нефть қудуқларини бурғулаш бўйича кундалик амалиётлари давомида атроф-муҳитга ҳар қандай бевосита зарарнинг олдини олиш учун энг яхши чора-тадбирларини кўраётган бўлса ҳам, кўплаб инвесторлар яшил инвестициялар сифатида унинг акцияларини сотиб олишга қарши чиқадилар, чунки қазиб олинадиган ёқилғини ёқиш глобал исишнинг асосий омили саналади.

Шу муносабат билан “яшил” лойиҳаларни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш зарурати туғилди.

2005 йилда БМТ, 12 та мамлакатдан институционал инвесторлар иштирокида, Олтита масъулиятли инвестициялар тамойилини ишлаб чиқди, унинг тамойилларидан бири компаниянинг ESG (environmental, social, governance) тамойилларига мувофиқлигини текшириш саналади. ESG-мезонларга мувофиқ, компаниялар учта йўналиш бўйича баҳоланади: экология, ижтимоий ривожланиш, корпоратив бошқарув (1- расмга қар.).

[1]  Communication from the Commission. Action Plan: Financing Sustainable Growth. https://eur-lex.europa.eu/legal-content/EN/TXT/?uri=CELEX:52018DC0097

            1 расм. “Яшил” лойиҳаларни баҳолашнинг ESG-мезонларига мисоллар

Кейинги йилларда экологик ва ижтимоий масалалар бўйича таҳлиллар ва инвесторлардан сўровлар сезиларли ортгани кузатилмоқда, бу ҳам масъулиятли инвестициялаш концепциясини амалга оширишдаги тараққиёт билан боғлиқ.

Шунингдек, мўлжал олиш ҳамда экологик дўстона инвестицияларни аниқлаш учун 2014 йилда Халқаро капитал бозорлари уюшмаси (ICMA) томонидан бошқа манфаатдор молиявий муассасалар билан биргаликда ишлаб чиқилган ихтиёрий “яшил” облигациялар тамойиллари қўлланилади. Бу тамойиллар йўл харитаси бўлиб, уларда “яшил лойиҳалар”нинг намунавий рўйхати белгиланган (2- расмга қар.).

              2 расм. Яшил лойиҳалар рўйхати

Ҳам инвесторлар, ҳам компаниялар учун яшил инвестицияларнинг бир қанча афзалликлари ва камчиликлари мавжуд.

 

Таъкидлаш зарурки, “яшил” молиялаш мамлакатимизда ҳам фаол ривожланмоқда. Чунончи, 2019 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2019-2030 йилларда “яшил” иқтисодиётга ўтиши стратегияси тасдиқланди.

Маълумки, Ўзбекистон тикланувчан манбалардан энергия ишлаб чиқариш бўйича анчайин юқори техник салоҳиятга эга, унинг 97 фоизи қуёш энергиясига тўғри келади. Қуёш генерацияси салоҳияти 525 млрд.дан 760 млрд кВт/с.гача ташкил қилади. Бунинг сабаби – бир йилдаги қуёшли кунлар сони 320, фаол қуёш ёритиши соатлари эса, ўртача 3000 соатни ташкил қилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон шамол энергетикаси соҳасидаги прогноз салоҳият 500 гВт.дан зиёд қувватга эга, яъни амалдаги бутун энергия тизимидан 30 баробар кучли қурилмалар ўрнатиш имконини беради[1].

Стратегия Ўзбекистон томонидан 2017 йил 19 апрелда имзоланган Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Париж келишуви мажбуриятларини бажаришни таъминлашга, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган.

Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиши стратегиясида устувор йўналишлар тасдиқланган (3- расмга қар.).

[1] Манба: uza.uz

          3 расм. Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтишнинг устувор йўналишлари[1]

 Стратегияда, шунингдек, “яшил” иқтисодиётни, жумладан “яшил” инвестицияларни қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий механизмлари ишлаб чиқилган.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “2019-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиши стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4477-сонли Қарори

4 расм. Ўзбекистон Республикасида “яшил” инвестицияларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари

Стратегиянинг муваффақиятли амалга оширилиши иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш соҳасида бошқарувни яхшилашга, табиат ресурсларини оқилона истеъмол қилиш ва асрашга, иссиқхона газлари ташланишини қисқартиришга, “яшил” энергиядан фойдаланишни таъминлашга ва иқлим барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу тариқа, “яшил” лойиҳаларга инвестиция киритиш хатарга эга капитал саналади, чунки бу соҳадаги кўплаб компаниялар паст даромадли, фойдаси юқори баҳоланган, ривожланиш босқичидаги компаниялар саналади. Бироқ, узоқ истиқболда бу ҳол камроқ тайёргарлик кўрган инвесторлар ва компаниялар олдида сезиларли афзалликларни таъминлаши мумкин.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “2019-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиши стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4477-сонли Қарори

 

Юлдуз Алимова

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *