Ёнмас бўлсам мен,

Ёнмасанг гар сен,

Ёнмасакчи биз,

Зулматни бу ердан қувади кимлар?!

Нозим Ҳикмат

Ё.Х. Тўрақулов (1917–2005 йй.) – донгдор биокимёгар-олим ва эндокринолог, педагог, ЎзР Фанлар академияси академиги.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш, илм-фан ва таълим соҳасида Ёлқин Холматович Тўрақуловнинг хизматлари беназир. У ёшлигидан ўқув ва илмий-тадқиқот институтлари ва муассасалари – фармацевтика, Тошкент тиббиёт, Андижон тиббиёт институтлари, Ўлка тиббиёт, биокимё, ядро физикаси институтлари, Самарқанд давлат университетини бошқарди, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти бўлди, ТошДУ биология факультетида талабаларга 48 йил давомида биокимё ва молекуляр биология бўйича маърузалар ўқиди.

У ҳаётининг асосий иши деб илм-фанни биларди, унинг тиреоидология бўйича мақолалари ва монографиялари Ўзбекистон эндокринологлари учунгина қўлланма бўлиб қолмай, Россия, Америка, Исроилда чоп этилди.

Ёлқин Холматович ҳамкасблари ва шогирдлари билан биргаликда Ўзбекистонда биокимё, биофизиология ва эндокринология мактаблари асосчиси саналади. Улар биокимё, радиацион биофизика, молекуляр биология, нейроэндокринология кафедраларини ташкил этдилар. Бу ерга бутун Марказий Осиё минтақасидан беморлар даволангани келардилар.

Тўрақулов Бутуниттифоқ биокимёвий ва эндокринологик жамиятлар вице-президенти бўлган, эндокринологияга оид барча халқаро симпозиум ва конгрессларда қатнашган, унинг раҳбарлиги остида Тошкентда бутуниттифоқ ва халқаро съездлар ташкил этилган.

Академик Ё.Л.Тўрақуловнинг илмий, ўқув, ижтимоий ва ноширлик жабҳаларидаги барча фаолият соҳаларини санаб ўтиш қийин, улар катта саъй-ҳаракатлар талаб қиларди ва у ўз вазифаларини тугал диққат-эътибор, масъулият ва қон-қонига сингиб кетган ижодий ёндашув билан бажарарди. Олим, педагог, ташкилотчи куч ва ғайратни қаердан оларди, нимадан илҳомланарди? Бундай ёрқин иқтидор, бундайин тиниқ ақл, бунчалик кучли характер моҳиятини олимнинг ҳаёт йўлини ўрганибгина англаш мумкин.

Туғилишида унга Абдулазим деб исм қўйишганди, аммо унинг мактабдаги ўқитувчиси, боланинг ўқишга интилишини кўриб, Ёлқин деб иккинчи исмни қўйган. Ёлқин (кейинроқ уни Ялкин деб атай бошлашган) Марк (ҳозирги Қозоғистонда жойлашган) шаҳрида туғилган. Бу ерга, таъқибдан қутулиш учун Тошкентдан зиёлилар, руҳоният вакиллари келишган. Боланинг бобоси Тўрақули Тошқандий ва отаси Холмуҳаммад ХIХ аср охири – ХХ аср бошларининг уламоларидан бўлишган, уларнинг ижтимоий, иқтисодий, диний муаммоларга оид мақолалари “Садои Туркистон”, “ал-Ислоҳ” ва бошқа нашрларда чоп этилган.

Ёлқиннинг отаси Холмуҳаммад ибн Тўрақули (1878-1944) мадрасада фиқҳ асослари, география ва мантиқдан дарс берган. У форс ва араб тилларининг билимдони саналган. Тошкентга 1919 йилда келган, Шарқда донғи таралган араб олими Шомий домла, Холмуҳаммад билан қисқа суҳбатдан кейин, катта ҳурмат тимсоли ўлароқ, дўпписини ечиб, Холмуҳаммаднинг бошига кийдиради. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини бошқарган муфтий бобохоновлар Холмуҳаммаднинг мақолаларида таълим олишган, уни “ҳар доим ватандошлари тақдири ҳақида қайғурадиган ва маҳаллий халқлар муносиб келажакка эришиши учун сув ва ҳаводек зарур дунёвий илм-фанлар ғамини ейдиган” донгдор уламо деб билишган.

Балки шунинг учундир, Холмуҳаммад уччала ўғлининг яхши таълим олишига ҳар томонлама кўмаклашди.

Ёлқин тўнғич ўғил бўлган, унга кичик шаҳар торлик қилиб, у “трамвайни кўриш”ни орзу қиларди ва тўққиз ёшида ота уйидан юзлаб чақирим нарига, Тошкентга йўл олади. Амакиси Ёлқинни машҳур мактаб-коммунага жойлайди, у ерда у етимлар ва кўча болалари билан бирга тарбияланади. Мактабни педагог, йирик олим Всеволод Федорович Лубенцов бошқарарди, у Москва ва Ленинграддан ажойиб педагогларни тўплайди, улар янгича таълим шаклларини излаб, ижодий муҳитни яратдилар.

Жисмоний меҳнат ўқув ва синфдан ташқари машғулотлар билан галма-гал ўтиларди. Болаларнинг ўзлари синфлар қуришди, буғдой, пахта, шоли, маккажўхори, полиз экинлари, сабзавот ва мевалар етиштирдилар, уларни тут ипак қурти парваришлашга ўргатдилар. Мактабда ҳатто ўз оркестри бўлган.

Ёлқин Тўрақулов коммунадаги энг кучли шахматчилардан бўлган. Шахматга муҳаббат унга бутун умр ҳамроҳ бўлди.

Мактабда Ёлқин иккинчи оилага эга бўлди, бу йиллар унинг шахс сифатида шаклланишида ҳал қилувчи роль ўйнади.

1931 йилда мактаб-коммуна Лубенцовнинг партиясизлиги ва келиб чиқиши туфайли ёпилди: унинг ота-онаси руҳоният вакиллари эдилар.

Ёлқин Наманганга, қариндошларникига ўқишга кетади, ўқишни якунлаб Тошкентга қайтади. Бу ерда ёшларни тиббий институтга киришга тарғиб қилишар (у пайтда Марказий Осиё институти дейиларди), аммо кириш истагида бўлганлар кам эди.

Талаблик йиллари қизиқарли, аммо моддий жиҳатдан жуда оғир кечган. Ёлқин Тахтапулда яшарди, у ердан Хадрага яёв борар, кейин институтга трамвайда етиб оларди. Кўпинча ўқишга ялангоёқ келишига тўғри келарди, аммо ҳеч қандай қийинчиликлар ўқишга қизиқиши ва интилишини сўндира олмади. У курсдаги талабаларнинг энг ёши эди – эндигина 14 га тўлганди, аммо фаоллиги ва қизиқувчанлиги билан ажралиб турарди.

Кимё кафедраси мудири Саттор Жаббор унга дарҳол эътибор берди, у Ёлқин учун ҳақиқий устоз бўлди. 20- йилларда Саттор Жаббор Германияда Гайдельберг университетини якунлади, у маърузаларни ўзбек тилида ўқир, таржимон сифатида эса, рус тилини яхши билган Ёлқин Тўрақуловни жалб қиларди. Аста-секин талаба кафедрада амалий машғулотларни юрита бошлади, рус гуруҳларда эса, ҳатто маърузалар ўқирди.

Саттор Жаббор талаба Ёлқин Тўрақуловга ўз фанига муҳаббатни сингдирди, уни немис тилини ўқишга руҳлантирди, кейинчалик машҳур олимлар ва врачлар бўлиб етишган ўз дўстлари билан таништирди. Шогирдининг қашшоқ аҳволини кўриб, бир куни Жаббор уни Тошкентдаги энг ҳашаматли дўконга – Торгсинга олиб борди ва у ерда унга ботинка ҳамда росмана костюм олиб берди. (“Торгсин” сўзи Ёлқинга сирли ва сеҳрли кўринарди, фақат анча йиллардан кейингина у “чет элликлар билан савдо” деган маънони англатишини тушунди).

Тиббиёт институтини якунлагач, дипломли врач Ёлқин Тўрақулов янги ўқув муассасси – Фармацевтика институтининг биринчи директори бўлди. Шунда у 22 ёшда эди, бу лавозимда у 1941 йилгача, уруш бошлангунига қадар ишлади.

22 июнь, урушнинг биринчи кунида фарминститут ҳудудида йиғин уюштирилди, у ерда директор Тўрақулов фронтга боришга тайёрлигини билдирди. У диссертацияни ҳимоя қилиш учун икки кун кечиктириб туришларини сўради – ҳимоя 23 июнга режалаштирилганди ва ўша куни бўлиб ўтди.

24 июнда уни Марказий қўмита котиби Азимов чақириб, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари лавозимини таклиф этди, аммо отам бу кунларда фронтда бўлиши кераклигини айтиб, рад этди.

Тўрақулов Ғарбий фронт (1- Украина фронти)га жўнатилди, ўша пайтда фашистлар фаол ҳужумга ўтишганди. Отам Смоленск остонасидаги жангларда қатнашди, шафқатсиз жангларда ярадор жангчиларга биринчи ёрдамни кўрсатди ва уларнинг эвакуациясини ташкил этди.

1941 йил 29 августда, ярадорларни жанг майдонидан оилб чиқа туриб, у тиззасига текка портловчи ўқдан яраланди ва Москва остидаги госпиталга юборилди. Қисқа муддатли даволанишдан кейин у яна сафга қайтди ва Бош ҳарбий-санитар бошқармаси Тўрақуловни Сибирда, Анжеро-Суженск шаҳрида ташкил этилаётган 137- алоҳида ўқчи бригадаси санитар хизмати бошлиғи этиб тайинлади. У Ленинград яқинидаги ўрмон-ботқоқ жойларда урушларда қатнашди ва Ленинграддан ярадорлар ҳам беморларни Ладога кўли орқали эвакуация қилди.

1942 йилда Ёлқин Тўрақулов тиббиёт хизмати майори унвонида 4 минг кишилик Суворов ордени нишондори, Қизил байроқли 1- Гвардия ҳаво-десант Звенигород-Бухарест дивизияси таркибида дастлаб полк бош врачи, кейин 12- алоҳида тиббий-санитария батальони командири бўлди. Дивизия Ловать дарёсидаги қақшатқич жангларда қатнашди. 1944 йил кузида Ё.Х. Тўрақулов кетаётган машина минага луч келиб портлайди ва у оғир яраланади.

Отам Харьковда, Пензада узоқ даволанади, аммо сафга бошқа қайта олмайди ва демобилизацияланади. Медсанбат ва тиббий хизматнинг муваффақиятли фаолиятини ташкил қилгани учун Ёлқин Тўрақулов 1943 йилда юксак ҳарбий мукофотларга сазовор бўлади.

Фронтларда тўрт йил хизмат қилиб, аскарлар ва офицерлар ҳаётини қутқариб ва иккита ўта оғир жароҳат олиб, у уйга қўлтиқтаёқда қайтади. Бироз даволангач, аммо ҳалиям қўлтиқтаёқда, у Москвага йўл олади. У ерда бир муддат ишлагач, Тошкентга қайтиш ва тиббий институтини бошқариш буйруғини олади. Шунда у 31 ёшда эди.

1945 йил охирида Ўзбекистон Ҳукуматининг қарори билан 50 нафар ёш олим Москвага, докторантурага юборилади.

Бундай қарорга келинишига сабаб 1943 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган Фанлар академияси республикада илм-фанни ривожлантириш учун олимларга муҳтож эканлиги эди. Донгдор геолог олим ва Ўзбекистонда илм-фан ташкилотчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Ленин ва Давлат мукофотлари лауреати Ҳабиб Муҳамедович Абдуллаев Тўрақуловга катта ҳурмат билан муносабат билдирарди, унинг тавсиясига кўра Ёлқин Холматович етакчи этиб тайинланади, у Усмон Юсупов билан учрашади, унга илмий ишланмалар йўналишлари, минтақавий муаммоларни ҳал қилишда ўзбек олимларининг роли ҳақидаги масалаларни ҳал қилиш ваколати берилади. Масалан, ўша йиллардаёқ Ўзбекистон олимлари Орол денгизини сақлаб қолиш масаласини кўтаришганди.

1947 йилда Ё.Х.Тўрақулов Тошкент тиббиёт институтининг директори этиб тайинланди. У яна институтга, талабалик даври ўтган Alma Mater`ига, ўқитувчилик фаолиятига қайтди ва бор вужуди билан ишга шўнғиди.

Кейинчалик Тўрақуловни, ажойиб ва моҳир ташкилотчи ва олим сифатида энг муҳим ва мураккаб нуқталарга йўллашар, у илмий институтларни ташкил қилиб, раҳбарлик қиларди, Ватанга ҳалол, фидокорона хизмат қилиш намунаси бўларди.

Мутлақо бандлигига қарамай, Тўрақулов университет талабаларига маъруза қилишга, ҳамкасблар билан бирга тиббиёт луғатлари ва рус тилида ҳамда Ўрта Осиё тилларида дарсликлар ёзиш борасидаги машаққатли меҳнатга вақт топарди. Унинг дарсликларидан ўқувчилар ва талабалар ҳалигача фойдаланиб келадилар. Табаррук ёшга чиқиб, эътироф этилган олим, юксак унвон ва мукофотлар соҳиби бўлганда ҳам, у янги ишларга қўл урарди ва узоқ келажакка мўлжалланган режалар тузарди.

Ёлқин Холматович Тўрақулов узоқ, ҳайратланарли ёрқин ва сермазмун ҳаёт кечирди, мамлакат ва ўз халқи учун ниҳоятда кўп ишлар қилди. Иқтидорли ва чарчоқбилмас олим эришган натижаларга эришиш қомусий билимлар, кенг қизиқишлар, ўта меҳнатсерварлик, жасорат, дадиллик ва қунт-матонат талаб қилинарди. Бунда у ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда отаси ва устозлари унга сингдирган юксак маънавий тамойилларга хиёнат қилмади. Унинг умр йўли ҳозир ҳам, ўзи ҳаёт бўлганидек, олға интилаётган ёш авлодга тўғри йўлни кўрсата олади.

Ё.Х. Тўрақулов – Қизил Юлдуз,  I ва II даражали Ватан уруши, Октябрь Инқилоби, Меҳнат Қизил Байроқ орденлари соҳиби.

Ленин мукофоти, Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати Ёлқин Холматович Тўрақулов кўп бора Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёрлиқлари, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун”, “Жасорат”, “Шуҳрат” орденлари, ЎзР ФА олий мукофоти – ал-Хоразмий медали билан тақдирланган.

 

 

Фируза Ёлқиновна Гуламова- Туракулова (Ё.Х.Туракулов қизи)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *